СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР: ҲУҚУҚ УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДАГИ МУСТАҲКАМ ҚАДАМЛАР

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да мамлакатимизнинг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Судлар мустақиллигини таъминлаш, суд қарорларининг асосланганлигини ошириш ва фуқароларнинг суд орқали ҳимоя ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида 2024–2025 йилларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, судьялар салоҳиятини ошириш мақсадида малака баҳолаш ва қайта тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди.
Фуқароларнинг адолатга етишишини осонлаштириш мақсадида судларга электрон мурожаат қилиш, онлайн муҳокамаларда иштирок этиш имкониятлари яратилди.
Суд қарорлари очиқлиги таъминланиб, “Sud.uz” электрон платформаси орқали барча қарорлар оммага эълон қилинмоқда.
“Yurida Orfo” дастури ва бошқа рақамли технологиялар орқали суд қарорлари сифатини яхшилашга эришилмоқда.
Ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ОАВда махсус чиқишлар, интервью ва таҳлилий мақолалар мунтазам чоп этилмоқда.
Судьялар, ҳуқуқшунослар, адлия органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ва очиқ эшиклар кунлари ўтказилмоқда.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлар ижтимоий тармоқлар ва давлат платформалари орқали интерактив шаклда тақдим этилмоқда.
Мактаб ва олий таълим муассасаларида “Ҳуқуқий маданият” мавзусидаги дарслар ва учрашувлар ташкил этилаётир.
Бугунги кунда Ўзбекистон “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да ўз ўрнини барқарор равишда яхшилаб бормоқда. Бу суд тизимига бўлган ишончнинг ортганидан далолат беради.
Фуқаролар ва тадбиркорлар орасида судларга мурожаат қилиш фаоллиги ортаётир, яъни аҳоли судга ишонч билдирмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг тарғибот-ташвиқоти ва амалий натижалари Ўзбекистонда ҳақиқий адолат ва ҳуқуқ устуворлигига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан танланган ислоҳотлар йўли тўғри ва самарали эканини тасдиқлайди.

Б.Ибрагимов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси