СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДА МУҲИМ ЯНГИЛИК: ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ ВА СУДЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЛАРГА МУҲИМ ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИЛДИ

2025 йил 10 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимида муҳим ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган янги қонун – ЎРҚ–1067-сонли Қонун кучга кирди. Мазкур қонун Жиноят-процессуал кодекси ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунга қатор муҳим ўзгартиришларни назарда тутади. Қандай ўзгартиришлар киритилди?!

  1. Айбсизлик презумпцияси янада мустаҳкамланди:
    Қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасига киритилган ўзгаришларга биноан, Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Шунингдек қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
    Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
    Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
  2. Ҳимоя ҳуқуқи ва ҳуқуқий ёрдам кафолатланди:
    Қонуннинг 24-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар яратилиши белгиланди.
  3. Судьялар мустақиллиги ва кафолатлари мустаҳкамланди:
    “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг бир неча моддаларига ўзгаришлар киритилиб, судьялар мустақиллигига дахлдор ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилди. Хусусан, Қонуннинг 1-моддаси матни “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
    Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас” деб баён қилиниши белгиланди.
    Шунингдек, судьялар фақат Конституция ва қонунларга бўйсуниши аниқ белгилаб қўйилди. Судьяни лавозимдан озод этиш фақат қонун билан белгиланган асослар ва тартибда амалга оширилиши мумкин. Суднинг тугатилиши судьяни ишдан бўшатиш учун асос сифатида хизмат қила олмайди.
  4. Судлар фаолияти ва молиялаштириш масалалари:
    Қонуннинг 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи “Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак” деган жумла билан баён қилиниши белгиланди.
    Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–1067-сонли Қонуни билан инсон ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашда муҳим қадамдир. Мазкур қонун орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, судьялар мустақиллиги ҳамда жиноят ишларини адолатли муҳокама қилишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

О.Ражабов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси