Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир инсон ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишониши керак.

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Соҳага оид жадаллашган саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг ташаббуси ва алоҳида назорати доирасида кечаётгани барчамизни қувонтирмоқда.

Юртимизда шиддатли тус олган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида жуда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бераётир. Кейинги етти йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини оширмоқда.

Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.

Ўтган қисқа даврда суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган тарихий ўзгаришларга қўл урилди. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасида белгиланди. Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам суд органларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил органга айлантириш энг муҳим вазифа этиб белгилангани эътиборга молик.

Хусусан, Бош қомусимизнинг 136-моддасида “Судялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди”, деб белгилаб қўйилди.

Шу жиҳатдан, соҳада амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бераётир.

Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган жиддий ўзгаришлар туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам юксалмоқда. Жумладан, суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича Мерос жамғармаси томонидан юритиладиган Иқтисодий эркинлик индексининг “Суд фаолияти самарадорлиги” индикатори, Бутунжаҳон одил судлов лойиҳаси томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг “Фуқаролик одил судлов”, “Жиноий одил судлов” индикаторлари каби халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошаётир.

Бир сўз билан айтганда, халқаро стандартларга жавоб берадиган суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланиши маҳаллий ва хорижий инвесторларда қизиқиш ва ишончни уйғотади. Тадбиркорлик соҳаси вакиллари низолар юзага келганда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Бу эса инвестиция жалб этиш ва иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бухоро туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси К.Салимов

Бухоро туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси А.Нарзуллаев