Бухоро амирлигида суд тизимининг ўзига хос хусусиятлари
Ўрта Осиёдаги бошқа хонликлар сингари Бухоро амирлигида ҳам суд тизими бир хил кўринишга эга эди. Амирликда суд тизими давлатнинг маъмурий аппарати қўлида бўлсада, фиқҳ илми уламоларининг назорати остида эди. Бинобарин, давлатда диний амалдорларнинг суд фаолиятини назорат қилиши, ўз навбатида, уларнинг давлат бошқарувидаги аҳамиятини муайян даражада ошириб келган.
Мавжуд манбалар ва адабиётларии ўрганиш асосида Бухоро амирлиги суд тизимини қуйидагича таҳлил қилиш мумкин:
Қозилик маҳкамаси – қози ул-қуззот томонидан бошқарилган бўлиб, унда мирзалар ҳамда мулозимлар фаолият юритганлар. Ўз навбатида, қози ул-қуззот Бухоро шаҳрининг бош қозиси ҳисобланган. Мирзалар – қозилик маҳкамасининг иш юритувчилари ҳисобланса, мулозимлар эса суриштирув ишларини олиб бориш билан машғул бўлганлар.
Девони уламо – қозилик фаолиятига кўмаклашувчи ва маслаҳат берувчи идора. Ушбу идорада муфтийлар ва аъламлар фаолият юритганлар. Маълумотларга қараганда, мазкур девонда 12 муфтийдан иборат бўлган кенгаш амал қилган.
Маҳаллий қозилик идораси – барча бекликларда ушбу идоралар бевосита амир томонидан тайинланадиган қозилар томонидан бошқарилган. Ундан ташқари ушбу идорада муфтийлар ва мулозимлар ҳам хизмат қилганлар. Қозилик маҳкамасидан фарқли ўлароқ, маҳаллий қозилик идорасида мулозимлар қозиларнинг хукм ва қарорлари ижросини таъминлаш билан шуғулланганлар. Шу билан бирга, суд жараёнини қайд этиб бориш мақсадида даборлар (котиб) мансаби ҳам мавжуд бўлган. Қозилар маҳаллий бекдан (ҳоким) мустақил фаолият юритиб, муайян даражада бекликнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширганлар.
Қози аскар – бевосита қозилик маҳкамасига бўйсунувчи, ҳарбий хизматчилар томонидан хизматда, жанг давомида ёки бошқа юришларда содир этилган ҳарбий жиноятларни кўриб ҳал этувчи қози. Айрим манбаларда бундай турдаги ишлар нақиб томонидан ҳал этилган деб ҳам эътироф этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим тадқиқот ишларида амирликда қозилик идорасига қози ул-қуззот бошчилик қилган дейилсада, бошқа манбаларда уни қози калон бошқарган деб таъкидланади. Айрим тадқиқотларда эса, қози ул-қуззот қози калон ўринбосари лавозимида хизмат қилган ва қози калон амирликдаги барча қозилар устидан назорат олиб-борган деб эътироф этилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, қози калон Бухоро хонлиги давлатида (аштархонийлар ҳукмронлиги) олий судья лавозимини амалга оширганлиги тўғрисида мавжуд манбалар гувоҳлик беради.
Бухоро амирлиги давлатида қози ул-қуззот лавозимида хизмат қилган қозилар ўз муҳрларига эга бўлиб, ҳужжатларни кўпинча «хўжа», «мир» каби фахрли унвонлар ва «ходим ад-фуқаро», «мушфиқ ал-уламо», «муҳиб ас-солиҳа» каби лақабларни қўшиб расмийлаштирганлар.
Бухоро амирлиги суд тизимида алоҳида аҳамиятга эга бўлган фиқҳ илми уламолари-қонун ва шариат ҳуқуқий нормалари ҳимоячиси, қонунлар шарҳловчиси сифатида обрў-эътибор топганлар. Суд тизими меҳнат тақсимотида қаттиқ тартиб ўрнатилган бўлиб, унга кўра қозилик идорасида фаолият юритувчи ҳар бир мансабдор шахс фақат ўзига тегишли ваколатни амалга оширган. Давлатда суд соҳаси муайян бир тизимга амал қилишига қарамасдан Ўрта аср Ғарб мамлакатлари каби судлар диний ва дунёвий судларга бўлинмаган эди.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро амирлигида суд тизими Хива ва Қўқон хонликларига қараганда муайян даражада такомиллашган эди. Хусусан, Хива хонлигида суд тизими оддий кўринишга эга бўлиб, кўпгина ишлар тўғридан-тўғри хон қабулига келиб тушар, маълум бир ишни кўриб ҳал қилиш хон ва унинг яқинлари ихтиёрига боғлиқ эди.
Бухоро амирлигида қозилик олдига қуйидаги асосий талаблар қўйилган: мусулмон эркак киши бўлган, эркин, вояга етган, оилали, жисмоний камчилиги мавжуд бўлмаган, фиқҳ илмини мукаммал билган, ҳаётий тажрибага эга бўлган, араб тилини мукаммал эгаллаган ҳамда бадном фуқаро эмас кабилар. Садриддин Айнийнинг фикрига кўра, бундай талаблар фақатгина Бухоро мадрасаларида 19 йил давомида билим олган битирувчилар жавоб бера олишлари мумкин эди. 3apyрят туғилган ҳолларда қози қозилик талабларига жавоб берадиган фуқаролардан бир ёки бир неча ўринбосарларни тайинлар эди. Аёллар қозилик лавозимига тайинланмас эдилар.
Қозиликка фақатгина ҳанафийлик мактаби таълимоти билишлик талаб қилинмасдан, балки илмий даража бўлишлиги, яъни фиқҳ илми ва шариат нормалари ҳамда қонунларини изоҳлаш ҳуқуқи берилганлиги ҳам талаб қилинган.
Бухоро амирлигида қозиларга уларнинг ижтимоий аҳволи инобатга олинган ҳоллардагина иш ҳақи берилган. Қозиларнинг даромади асосан улар томонидан ўз фоидасига ундириладиган суд жарималари ҳамда фуқаролар ўртасида тузиладиган турли хил шартномаларни гувоҳлаштириш орқали келиб тушадиган йиғим ва тўловлардан иборат бўлган. Қози ўз мажбуриятларини тўғри ва аниқ бажарганликлари учун қозилик маҳкамаси томонидан рағбатлантириб турилган. Аксинча, агар қози муайян бир иш буйича пора олса, у дарҳол лавозимидан озод этилган. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек амирликда суд ишлари шариат асосида олиб борилиб, маълум бир масаланинг ҳукуқий ечимини топиш мақсадида кўпгина ҳолларда муфтий ва аъламларга мурожаат этилган.
Қозилар ўз фаолиятларида қуйидаги ҳуқуқий манбаларга асосланиб иш кўрганлар: Қуръони Карим; ҳадислар; қиёс; ижмо; Имоми Аъзам ҳуқуқ мактаби таълимоти; шариат қўрсатмалари.
Юқорида таъкидлаб ўтканимиздек, судлов масалалари Имоми Аъзам ҳуқуқ мактаби таълимоти асосида олиб бориладиган шариат кўрсатмасига таянган ҳолда юритилган. Ушбу таълимотга асосан суд инстанциялари фақатгина бир босқичда олиб борилган. Айрим муаммоли ишларни кўриб чиқишда маҳаллий қози ўзидан юқори турувчи қозидан фақатгина маслаҳат олиш мақсадида мурожаат этган.
Амирликда маҳаллий қозилик идораларига қуйидаги ишлар тааллуқли бўлган: жиноий ишлар – 1) майда безорилик; 2) ҳақоратлаш;3) туҳмат; 4) баданга шикаст етказиш; 5) ўғрилик; 6) уй-жойга ўт қўйиш кабилар.
Фуқаролик ишлари: 1) ерга оид низолар; 2) меросни тақсимлаш масалалари; 3) ҳадя; 4) қарздорлик билан боғлиқ ишлар; 5) никоҳдан ажратиш; 6) никоҳни бекор қилиш; 7) ота ёки оналикдан маҳрум қилиш; 8) васийлик ва ҳомийликни тайинлаш кабилар.
Ўз навбатида, қозилик маҳкамаси судловига қуйидаги ишлар тааллуқли бўлган: 1) давлатга қарши қаратилган жиноий ишлар; 2) миллатга ва ирқий камситилишга қаратилган ишлар; 3) давлат сирини ошкор қилиш билан боғлиқ бўлган ишлар; 4) динга қарши қаратилган жиноятлар; 5) қасддан одам ўлдириш; 6) маҳаллий ҳудудлардан келиб тушадиган шикоят ва аризалар асосида иш юритиш.
Кам аҳамиятли ишлар бевосита маҳаллий ҳудудларда оқсоқоллар ва амлокдорлар томонидан кўриб чиқилган.
Қози муайян бир иш бўйича жарима, қамоқ ва таёқ билан уриш каби жазоларни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлиб, оғир жиноятларни (қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик) содир этган шахсларга нисбатан ўлим жазосини ҳал қилиш ёки авф этиш масаласи бевосита амир томонидан ҳал қилинган. Ўлим жазосига маҳкум этиш ҳақидаги ҳукм қози томонидан тузилсада, амир уни фақат тасдиқлаган ёки рад этган.
Бекликлардаги қозилар фаолиятидан норози бўлган томонлардан келиб тушган ариза ва шикоятлар ҳар томонлама ўрганилиб, айбдор шахсларга нисбатан тегишли тартибда интизомий чоралар кўриб борилган. Бухоро амирлигида суд ишларини олиб боришнинг алоҳида хусусияти шундаки, қозилар ҳар бир ишни муайян тўлов эвазига кўриб чиққанлар. Эҳтиёт чораси сифатида очиқда қолиш учун ҳам муайян миқдордаги тўловни амалга ошириш лозим бўлган. Айбланувчини кафилликка олган шахс маълум бир муддат ичида кафиллик тўловини тўлаши лозим эди. Айбланувчи шахслар ҳар бир кечиктирилган кун учун одатдаги тўловнинг 25 фоизидан ортиғини тўлашга мажбур бўлган. Агар ҳибсга олинган шахсни яна ушлаб туришнинг зарурати туғилса, бундай ҳолатда шахс зиндонга юборилган.
Одатда қозилар суд жараёнини масжидларда олиб борсаларда, кўп ҳолларда уларга ўз уйларида ишларни кўриб чиқиб, таҳлил қилиш ва музокаралар олиб боришга йўл қўйилган. Қозилик судларида суд жараёнини ташкил этишнинг аниқ бир шакли мавжуд эмас эди ва шунга кўра маълум бир шаклда суд жараёнини ўтказиш талаб қилинмаган. Суд ишлари фуқаролик ёки жиноят жараёни каби турларга бўлинмаган. Барча турдаги ишлар жабрланувчи мурожаати билан бошланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жиноят ишларида давлат айблови институти мавжуд бўлмаган. Даъволар асосан сўровлар шаклида амалга оширилган. Низолар кўп жиҳатдан сув тақсимотидаги камчиликлар, солиқлар, божлар ва бошқа турли хил тўловларни ундириш каби масалалардан келиб чиққан. Даъво ва аризалар билан нафақат билвосита шаклда, яьни оқсоқол, бек ва ноиблар орқали, балки бевосита ҳукмдорга мурожаат этиш мумкин эди. Масалан, Самарқанд аҳолисининг Шир Али Иноқ устидан амир номига унинг томонидан олиб борилаётган зулм ва жабрликларни бартараф этиш ва Самарқандга бошқа адолатли ҳоким қўйилишини талаб этганликларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Давлат бошлиғига (амирга) ариза ва мурожаатлар ҳар ҳафтада икки маротаба тақдим этиларди. Мурожаатлар қуйидаги икки шаклда амалга оширилган:
- оммавий арз – аҳоли учун саройда ўтказилган. Ушбу оммавий арзнинг бошланиш муддати бир-икки соат олдин жамоатчиликка эълон қилиниб, унга кўра ариза ва мурожаатлари бўлган ҳар қандай фуқаро аркда ҳозир бўлиши мумкин эди;
- даъвогарлар давлат бошлиғининг саройдан чиқиб кетиши вақтида мурожаат этишлари мумкин.
Бухоро амирлиги даврида ижод этган тарихнавислардан Аҳмад Донишнинг маълумотларига қараганда, амир ариза ва мурожаатларни кўпинча Бухоро аркида, баъзан эса сарой минораси олдида муҳокама этган. Амир ариза ва шикоятларни шахсан ўзи кўриб чиқар, баъзан вазирга ёки қози калонга мазмунан кўриб чиқишлик учун ишларни топширарди. Ушбу ҳолатда вазир ёки қози ариза ҳамда шикоятни кўриб чиқишдан бош тортса, шикоятчилар такрорий равишда иккинчи маротаба амирга мурожаат этишлари мумкин бўлган. Иккала ҳолатда ҳам қоида бўйича маълум бир иш бўйича қарор жойнинг ўзида қабул қилиниши лозим эди.
Ариза ёки даъво даъвогарнинг махсус ишончли вакили томонидан топширилиши ҳамда суд жараёнида унинг вакил сифатида иштирок этиши мумкин бўлган.
Суд жараёнида барча турдаги ишлар тортишувлик тамойили асосида амалга оширилган. Агар муайян бир иш бўйича қози жиноят белгиларини аниқлагудек бўлса, айбловчи жиноий айбларни такдим этмагунча жиноий ишни қўзғатмаган.
Ислом ҳуқуқида исбот этиш таълимотлари қиёсий усулда таҳлил этилиб, батафсил ўрганилган. Бухоро амирлигида қуйидагилар исбот этишнинг асосий шакллари қисобланган: 1) айбини тан олиш; 2) гувоҳнинг кўрсатмалари; 3) қасам ичиш; 4) ёзма далиллар. Айбни тан олиш маълум бир ашё ёки фактга алоқаси бўлиши ҳамда ҳолатга қараб, аниқ ва батафсил равишда амалга оширилиши лозим бўлган. Гувоҳ ўз кўрсатмаларини фақат ўзи билган ёки кўрганлигига асосланиб баён этиши лозим бўлган. Бошқа бировдан эшитган, билганларини суд жараёнида айтиб бериш – «гувоҳ тариқасида»кўрсатма» деб расмий тан олинмаган. Суд жараёнида бошқа бировнинг топширигига асосан фақатгина икки ёки ундан ортиқ гувоҳлар бўлгандагина гувоҳлик бериш мумкин бўлган.
Бухоро амирлигида гувоҳ тариқасида суд жараёнида: вояга етмаганлар, қуллар, ғайридинлар, туҳматчилар, иғвогарлар, ёлғончилар, қасамхўрлар жазога тортилганлар, яқин қариндошлар ва бошқалар иштирок эта олмаганлар. Айрим фуқаролик ва жиноят ишларида икки эркак киши бўлган ҳамда ҳажми катта бўлган жиноят ишларида тўртта эркак кишининг гувоҳ тариқасида иштирок этиши талаб этилган. Бир эркак гувоҳ кишининг ўрнига икки аёл гувоҳ бўлиши талаб қилинган. Қоидага асосан гувоҳлар даъвогар ёки шикоятчи томонидан тавсия этилиши лозим бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жавобгарда гувоҳнинг ҳуқуқий лаёқатсизлиги мотивини инобатга олиб, уни рад этиш ҳуқуқи мавжуд бўлган. Агар суд жараёнида гувоҳлар ўртасида, айниқса, уларнинг кўрсатмаларининг мазмунида турли хил қарашлар юзага келса, уларнинг барчаси ёлгон гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган. Агар суд жараёнида иштирокчилар ўзга шахс ҳуқуқини ёхуд маълум ҳолатларни тан олмасалар уни исбот этиш мақсадида, қасам ичиш усули қўлланилган. Ёзма далиллар суд жараёнида гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз тасдиғини топмаса, иш бўйича қарор қабул қилиш учун етарли асос мавжуд эмас, деб эътироф этилган.
Одатда, қози муайян бир иш юзасидан ишни рад этмасдан қарорни мазкур мажлиснинг ўзида чиқарган. Суд ишларининг тезликда амалга оширилиши суднинг энг маъқул сифатлари деб ҳисобланган. Қози ҳукмидан норози бўлганлар қозикалон ёки амирга ариза беришга ҳақли эдилар. Қози чиқарган ҳукмни қозикалон, унинг ҳукмини эса фақат амир бекор қилиши мумкин бўлган. Суд «жараёнида жазо таъсири остида тарафларга суд олдида уятсиз гаплар билан ҳақоратлашиш қаттиқ ман этилган.
Бухоро амирлигида қози зиммасига суд ишларини муҳокама этишдан ташқари қуйидаги мажбуриятлар ҳам юклатилган: Чунончи, 1) васийлик ва ҳомийликни тайинлаш; 2) мерос қилиб қолдирилган ҳамда меросни тақсимлаш каби масалаларни назорат қилиш; 3) қабул қилинган қарорлар ижросини юритиш; 4) тарафлар томонидан имзоланган шартнома ва битимларни гувоҳлаштириш ва бошқа турли нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кирган.
Бухоро амирлиги суд тизимини таҳлил қилиш орқали унинг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиб ўтиш мумкин: биринчидан, амирликда суд ҳокимияти фаолиятига маҳаллий ёки бошқа идоралар аралаша олмаган; иккинчидан, ишлар коллегиаллик асосида очиқ равишда кўриб чиқилган; учинчидан, суддовлилик ва судловга тааллуқлилик масаласи аниқ қилиб белгиланган; тўртинчидан, амирликда муайян бир ишни кўриб ҳал этишда фиқҳ илми уламолари ва муфтийлар қарорига таянилган; бешинчидан, хукм ёки қарордан норози бўлган тараф кассация тартибида, қозилик маҳкамасига ёхуд амирга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган; олтинчидан, ҳарбийлар томонидан содир этиладиган жиноятлар ал қида қозилар, яъни қози аскарлар томонидан кўриб чикилган.
Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси