МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ — ОЧИҚ ВА АДОЛАТЛИ БОШҚАРУВ КАФОЛАТИ

Ҳозирги кунда давлат ва жамият бошқарувида очиқлик, холислик ва қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни давлат хизматида ҳалоллик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур Қонуннинг асосий мақсади — манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, унинг олдини олиш ва бартараф этиш орқали давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашдан иборат.
Қонуннинг амал қилиши давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади. Айрим ҳолларда у давлат иштирокидаги юридик шахсларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига ҳам қўлланилади.
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат бўлиб, заруратга кўра халқаро шартномалар нормалари ҳам қўлланилиши мумкин. Агар халқаро шартномада бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари устувор ҳисобланади.
Қонунда манфаатлар тўқнашуви соҳасига оид асосий тушунчалар аниқ ва равшан белгилаб берилган. Хусусан, манфаатлар тўқнашуви — ходимнинг шахсий манфаатдорлиги унинг хизмат мажбуриятларини холис бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, жамият ва давлат манфаатларига зид ҳолат сифатида таърифланади.
Шунингдек, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар, ходимга алоқадор шахслар, махсус бўлинма каби тушунчалар қонун доирасида аниқ мазмун билан белгилаб қўйилгани ҳуқуқни қўллаш амалиётида муҳим аҳамият касб этади.
Қонун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда қуйидаги асосий принципларга таянади:
-қонунийлик;
-фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларининг устуворлиги;
-очиқлик ва шаффофлик;
-холислик;
-коррупцияга нисбатан муросасизлик.
Мазкур принциплар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида ҳалоллик муҳитини шакллантириш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун давлат хизматчилари ва ташкилотлар учун аниқ қоидалар ва масъулият механизмларини белгилаб, очиқ, адолатли ва самарали бошқарувни таъминлашга қаратилган. Ушбу Қонун талабларига қатъий риоя этиш коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматининг нуфузини ошириш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Г.Муллабаева
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси

СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: СУД ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Суд тизимида коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Бухоро шаҳридаги Бухоро юридик техникумида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари иштирокида талаба ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда коррупцияга қарши курашишда ёшлар ўртасида муросасиз муносабатни шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Г.Муллабаева, Б.Самиев, Х.Курбанов ҳамда судья катта ёрдамчиси Д.Абдуллаев, шунингдек Юридик техникум раҳбарияти, ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этдилар.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ–141-сонли Фармонларининг аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашув жараёнида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, судьялар томонидан атрофлича ва ҳаётий мисоллар асосида жавоблар олдилар.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш фақат қонунлар билан эмас, балки ёшлар онгида адолат, ҳалоллик ва қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш орқали амалга оширилиши таъкидланди. Ёшлар мамлакат келажаги экани, уларнинг фаол фуқаролик позицияси адолатли ва шаффоф жамият барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилиб, бундай учрашувлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Бухоро вилоят маъмурий суди

Перейти к содержимому