“Talisangobod” фермер хўжалиги раҳбари И.Пировнинг “YouTube” ижтимоий тармоғидаги“OTABEK DJURAYEV” каналида эфирга берилган “Бухоро вилоят ҳокими ва прокурори собиқ ҳокимни жиноятини яшириб келди энди мен бу жиноятларни фош қиламан” номли видеомурожаати юзасидан Бухоро вилоят маъмурий судининг расмий муносабати

Аризачи Шофиркон туман прокурори (“Talisangobod” фермер хўжалиги манфаатида) судга мурожаат қилиб, жавобгар Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 29 январь кунидаги 722-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 23 сентябрь кунидаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 29 январь кунидаги 722-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган (судья М.Мансуров).

Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2023 йил 4 апрелдаги қарори билан Бухоро туманлараро маъмурий судининг
2022 йил 23 сентябрь кунидаги аризачи Шофиркон туман прокурорининг (“Talisangobod” фермер хўжалиги манфаатида) аризасига асосан қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, маъмурий иш бошқа таркибда янгидан кўриш учун Бухоро туманлараро маъмурий судига юборилган (маърузачи судья Б.Садуллаев).

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2023 йил  24 майдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 29 январдаги 722-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган (судья У.Кадиров).

Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июлдаги қарори билан Бухоро туманлараро маъмурий судининг 
2023 йил  24 май куни қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, аризачи Шофиркон туман прокурорининг Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 29 январдаги 722-сонли  қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинга н (маърузачи судья Г.Муллабаева).

Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 сентябрдаги ажрими билан аризачи И.Пировнинг Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси судининг 2023 йил 26 июлдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб, қарорни бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган (маърузачи судья Ж.Ҳусенов).

Бундан ташқари, аризачи Шофиркон туман фермер деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (“Talisangobod” фермер хўжалиги манфаатида) судга мурожаат қилиб, жавобгар Шофиркон туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги “Тумандаги “Talisangobod” фермер ҳўжалигига ажратилган ер майдонини бир қисмини туман ҳокими заҳира ер ҳисобига қайтариш тўғрисида” ги 301-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 28 февраль кунидаги ҳал қилув қарори билан аризачининг аризасини қаноатлантириш рад этилган (судья Б.Самиев).

Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 17 апрелдаги қарори билан Бухоро туманлараро маъмурий судининг
2024 йил 28 февраль кунидаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган (маърузачи судья Ж.Ҳусенов).

Тарафларга юқоридаги суд қарорлари ва ажримига нисбатан шикоят бериш тартиби тушунтирилган.

Ҳозирда 2024 йилнинг 29 апрель холатига Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2023 йил 26 июлдаги қарори, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 28 февраль кунидаги ҳал қилув қарори ва Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг
2024 йил 17 апрелдаги қарори қонуний кучида эканлиги маълум қилинади.

Бухоро вилоят маъмурий судининг матбуот хизмати

Бухоро вилоят ва Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2024 йил 1-чораги мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун бекор қилинган қарорлари тўғрисида маълумот

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унга кўра маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида суд органлари зиммасига муҳим вазифа юклатилган.
Хусусан, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларнинг, уларнинг мансабдор шахсларининг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик учун очиқлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар ташкил қилиш, судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларининг ноқонуний чиқарилганлиги учун бекор қилинган қарорлари тўғрисидаги маълумотларни судларнинг расмий веб сайтларида ва Telegram–каналларида эълон қилиб бориш белгиланган.
Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан 2024 йил 1-чораги мобайнида давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг чиқарилган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 122 та маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, ушбу ишлардан 18 таси Солиқ органлари, 14 таси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, 7 таси туман (шаҳар) ҳокимликлари, 1 таси Мажбурий ижро бюролари ва 1 таси Монополигяа қарши курашиш қўмитаси мансабдор шахсларининг қарорлари ҳақиқий эмас деб топлган.
Шунингдек, 2024 йилнинг 1-чораги давомида вилоят судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари томонидан Солиқ органлари мансабдор шахсларининг 3 та қарорлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг 1 та, Мажбурий ижро бюроси органлари мансабдор шахсларининг 2 та қарорлари ноқонунийлиги боис ҳақиқий эмас деб топилганлиги маълум қилинади.
Мазкур тоифадаги маъмурий ишларнинг 2 таси видеоконференцалоқа режими орқали очиқ суд мажлисида мазмунан кўрилган.
Суд мажлисларида аниқланган ва мансабдор шахслар (жавобгар) томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйишнинг олдини олиш мақсадида мазкур тоифадаги кўриб тамомланган ишлар юзасидан жами 12 та хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли давлат органларига муҳокама қилиш учун юборилган.

С.Ахмедовнинг интернет тармоғидаги видео мурожаати юзасидан

Аризачи Ахмедов Саид Акбар Саидовичнинг ишончли вакили адвокат М.Н.Жўраева судга ариза билан мурожаат қилиб, аризасида жавобгар Когон туман ҳокимининг:

– 2017 йил 7 июндаги “Ахмедов Саид Акбар Саидовичга тегишли бўлган ер майдонини туман ҳокимлиги захира ер фондига ўтказиш тўғрисида”ги 754-сонли;

– 2018 йил 23 январдаги “Туман ҳокими захира фонди ерлари ҳисобидан лойиҳа бўйича ўтказилган танлов ғолиби Рўзиев Шамси Шарифовичга фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги 82-сонли;

– 2019 йил 31 октябрдаги “Бухоро-Тўдакўл фермер хўжалигига балиқчилик йўналишида қўшимча ер майдони ажратиш тўғрисида”ги 4306-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Шунингдек, аризачи “BUXORO-TO’DAKO’L” фермер хўжалиги судга мурожаат қилиб, аризасида жавобгар Когон туман ҳокимининг 2022 йил
6 майдаги “Когон туман ҳокимининг 2017 йил 7 июндаги “С.Ахмедовга тегишли бўлган ер майдонини туман ҳокимлиги захира ер фондига ўтказиш тўғрисида”ги 754-сонли қарорини бекор қилиш” ҳақидаги 192-2-36-Q/22-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг ажрими билан юқорида қайд этилган маъмурий ишлар битта, яъни 5-2001-2205/468-сонли маъмурий ишга бирлаштирилган.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2024 йил 16 февралдаги ҳал қилув қарори билан аризачи С.Ахмедовнинг ишончли вакили адвокат М.Жўраеванинг аризаси қаноатлантиришдан рад этилган. Шунингдек, мазкур ҳал қилув қарори билан аризачи “BUXORO-TO’DAKO’L” фермер хўжалигининг аризаси қаноатлантирилган.

Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан аризачи С.Ахмедовнинг вакили-адвокат М.Жўраева томонидан апелляция шикояти келтирилган бўлиб, Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 5 апрелдаги ажрими билан С.Ахмедовнинг вакили-адвокат М.Жўраеванинг апелляция шикояти иш юритувга қабул қилинган, ишни апелляция судлов ҳайъатида кўриш 2024 йил 17 апрель куни соат 16:00 да Бухоро вилоят маъмурий суди биносида кўриш учун тайинланганлиги маълум қилинади.

СУД ИШЛАРИГА ДОИР МУРОЖААТЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШДА ФУҚАРОЛАР МАНФААТЛАРИ БИРЛАМЧИ

Бухоро вилоят маъмурий суди томонидан 2024 йилнинг
1-чорагида мурожаатларга ўз вақтида ҳамда асослантирилган жавоб берилишини назорат қилиб бориш, узоқ муддат кўрилаётган, фуқаролар ва юридик шахслар вакилларининг кўп эътирозлари, веб-порталлар орқали келиб тушган мурожаатларни тўлиқ таҳлили, бир масала юзасидан такрорий келиб тушган мурожаатларни сабабларини аниқлаш ва уларни зудлик билан бартараф этилишини таъминлашга эътибор қаратилди.

Келиб тушган барча мурожаатларни ҳал этишда асосий эътибор ариза ва шикоятлар фуқаролар, юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва манфаатларини тиклаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, одил судловни таъминлаш ва судлар фаолиятини янада яхшилашнинг муҳим омилларидан бири эканлигига қаратилган.

Хусусан, 2024 йилнинг 1-чорагида Бухоро вилоят ва туманлараро маъмурий судларига умумий мазмунда 58 та (вилоят маъмурий судига 21 та, туманлараро маъмурий судига 37 та) мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 53 та мурожаат масъул ижрочи ва ходимлар томонидан ўрганилиб белгиланган муддатда жавоб хатлари берилган, 5 та мурожаат эса тааллуқлилиги бўйича юборилган.

Ўрганиб жавоб берилган умумий мазмундаги
53 та мурожаатдан 11 таси суд ҳужжатидан, 2 таси эса суд ҳужжати ижроси юзасидан норозилигини билдирган бўлса, 40 таси бошқа мазмундаги мурожаатлар ҳисобланади.

Ушбу 53 та мурожаатнинг 17 тасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан ёзма равишда ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлиб, қолган 36 та мурожаат қаноатлантирилган.

Бундан ташқари, 2024 йилнинг 1-чорагида вилоят маъмурий судига Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси орқали жами 76 та (шундан виртуал қабулхона орқали 67 та, Халқ қабулхонаси орқали 9 та) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 62 та мурожаатга масъул ижрочи ва ходимлар томонидан ўрганиб жавоб берилган, 14 та мурожаат эса ўрганиш жараёнида эканлиги ва жавоб бериш муддатлари мавжудлиги сабабли қолдиқда қолмоқда.

Ўрганиб жавоб берилган 62 та мурожаатдан 44 таси суд ҳужжатидан, 1 таси эса суд ҳужжати ижроси юзасидан норозилигини билдирган бўлса, 17 таси бошқа мазмундаги мурожаатлар ҳисобланади.

Ушбу 62 та мурожаатнинг 55 тасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан жавоб берилган бўлиб, 3 та мурожаат қаноатлантирилган ва 3 та мурожаат асоссиз бўлгани сабабли рад қилингани ҳақида мурожаат муаллифига жавоб хатлари юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ишонч телефони орқали суд ҳужжатидан норози эканлиги ҳақидаги 2 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожатларга ҳам белгиланган муддатда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан жавоб хатлари юборилиши таъминланган.

Бухоро вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ва раислари томонидан шахсий, сайёр ва халқ қабулхоналари орқали жами 224 та фуқаролар, юридик шахслар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг оғзаки мурожаатлари асосида қабул жараёнлари ташкил этилган бўлиб, шундан 110 таси вилоят маъмурий суди раиси ва судьялари томонидан, 114 таси туманлараро маъмурий суди раиси ва судьялари томонидан амалга оширилган. Мазкур қабулларнинг 9 таси сайёр, 19 таси халқ қабулхоналари ва 196 таси бевосита суд биносида бўлиб ўтган.

Қабул жараёнларидаги оғзаки мурожаатларнинг мазмуни таҳлил қилинганида 224 та мурожаатнинг 44 таси суд ҳужжатларидан, 2 таси суд ҳужжатлари ижроси юзасидан норози бўлган бўлса, 178 таси бошқа мазмундаги мурожаатлар ҳисобланиб, мазкур мурожаатларнинг барчасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўли билан оғзаки равишда ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал қилинган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича вилоят маъмурий суди раисининг буйруғи билан бириктирилган масъул ижрочи ва масъул ходимлар томонидан бу борада амалга оширилган ишлар ҳар чоракда умумлаштириб борилиши таъминланмоқда.

Озод Ражабов, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Дилшод Абдуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси

Бухоро вилояти маъмурий суди томонидан Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилди

Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган спортнинг шахмат ҳамда стол тенниси турлари бўйича турнирда Бухоро вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.

Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу мусобақаларда иштирокчилар ақлий салоҳиятларини шахмат беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчиллик ва чаққонликларини намоён этдилар.

Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлаб ҳар бир спорт тури бўйича кучлилар саралаб олиниб, кейинги босқичда ўзаро беллашдилар. Мусобақаларнинг ярим финал, финал баҳсларида эса барча рақибларини мағлуб этган спортчилар куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят маъмурий судининг раиси ғолибларга диплом, медаллар ва эсдалик совғаларини топширди.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Д.Чориев

Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2024 йил
15 мартдаги “Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисида”ги
59-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 2024 йил 16 март куни “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида хайрия ҳашари ўтказилиб,  мазкур хайрия ҳашарида судья ва суд тизими ходимлари суд биноси ҳовлисида дарахтларни оқлаш, уларга шакл бериш, суд биноси ҳудудини, ён-атрофи ва ҳовлисини, ариқлар, кўча ва йўлакларини тозалаш ва кўчатлар экиш ишлари амалга оширилди.

Мазкур ободонлаштириш жараёнида Бухоро шаҳридаги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда махсус техникаларни жалб қилган холда тўпланган чиқиндиларни белгиланган жойларга олиб чиқилиши таъминланди.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Б.Садуллаев

Бухоро вилоят маъмурий суди томонидан жойларда ҳуқуқий тарғиботлар амалга оширилмоқда

Жорий йилнинг 23 февраль куни Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Д.Ш.Чориев ҳамда Б.И.Ибрагимовлар томонидан Бухоро шаҳар солиқ инспекцияси ҳамда Бухоро вилоят адлия бошқармасида, қонунчиликка қиритилаётган ўзгартиришлар ҳамда қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.
50 нафардан ортиқ солиқ инспекцияси ҳамда адлия органи ходимлари иштирок этга ушбу давра суҳбатида, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 19 январь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-Процессуал Кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик Тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги,
2024 йил 1 февраль кунидаги “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги, 2024 йил
2 февраль кунидаги “Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти муҳокама қилинди. Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда ўтиб, йиғилиш қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Шунингдек, бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари Д.Ш.Чориев, Б.И.Ибрагимов, О.Ражабов ҳамда Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси Б.Т.Самиевлар шу куннинг ўзида Ромитан туман иқтисодиёт ва молия бўлими ҳамда Пешку туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги “Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони,  Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 12 декабь кунидаги “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ва “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикасининг
2023 йил 27 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 12 январь кунидаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуни мазмун-моҳияти бўйича тарғибот ишларини амалга оширди.

ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ-У ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДАҚЎЛЛАНИЛАДИ!?

Маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки ҳимоя чораларини қўллаш асослари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси билан тартибга солинади. Унга кўра, маъмурий иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатида ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса, шунингдек, аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чоралар кўрмай туриб, ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўрилиши мумкин.

Бундан ташқари, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шартлиги белгиланган.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.

Жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш ва жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш кабилар дастлабки ҳимоя чоралари сифатида қўлланилади.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.

Судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида ҳам дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза берилиши мумкин. Ушбу аризада ариза берилаётган суднинг номи, тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, талаб предмети, дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги, аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури ва илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши талаб қилинади. Ушбу турдаги аризалар аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Агар ариза вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши лозим.

суд томонидан дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш жараёнида ишда иштирок этувчи шахсларни иштирокисиз, яъни уларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади. Агар бундай ариза суд мажлиси вақтида тақдим этилса, у шу мажлисда кўриб чиқилади. Бордию, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисида чиқарилган ажрим дарҳол ижро қилинади.

  Б.Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

  Д.Абдуллаев,   Бухоро вилоят маъмурий суди cудья катта ёрдамчиси

Қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда давлат органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади инсон қадрини таъминлашдан иборатдир

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасида “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”, деган норма мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт. Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.

Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга. Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмас. Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Жалолиддин Ҳусенов

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги давлат ва унинг суверенитетининг муҳим шарти

Ҳозирги таҳликали даврда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш принципига амал қилиш – ташқи сиёсатда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи деярли барча давлатлар, шу жумладан, Германия, Франция каби давлатлар конституцияларида ўз ифодасини топган.

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принципи дастлаб, 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставида белгиланган, кейинчалик БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида, хусусан, БМТ Уставига мувофиқ давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка оид халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларацияда (1970 йил) такомиллаштирилган. Мазкур принципга кўра, ҳар қандай давлат бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши, унинг суверенитети, миллий бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини қисман ёки тўлиқ бузишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим. Бундан ташқари, давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари бирор-бир давлат ҳудудига, унинг бир қисмига ёки ресурсларига куч билан ёки куч ишлатиш таҳдиди билан бевосита ёхуд билвосита тажовуз қилмасликлари шарт. Бунда давлатлар алоҳида давлат ҳудуди ёки унинг бир қисмига зиён етказувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишлари ва бузғунчи давлатларни қўллаб-қувватламасликлари лозим. Ҳудудий яхлитлик принципига мувофиқ, нафақат Ўзбекистон бошқа давлатларни, балки бошқа давлатлар ҳам мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиши лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида протокол “Ҳамкорлик тўғрисида” 2015 йил 17 ноябрь, Тошкент, Ўзбекистон Республикаси учун 2015 йил 17 ноябрдан кучга кирган.

Протоколда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари, ўзаро қизиқиш уйғотадиган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Томонлар ушбу Протоколнинг 1-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича маслаҳатлашувларни доимий асосда навбат билан Ўзбекистон ва Покистонда ёки халқаро тадбирлар доирасида ўтказадилар. Делегациялар даражаси, маслаҳатлашувлар кун тартиби ва муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади. Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:

а) ўзаро консуллик алоқалари;

б) икки томонлама битимларнинг бажарилиши бўйича ахборот алмашиш;

в) ўзбек-покистон муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини инвентаризация қилиш.

Томонлар ўз ваколатлари доирасида иккала мамлакатнинг давлат бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоатчилик ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларнинг ўрнатилиши ва ривожланишига кўмаклашадилар. Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ўтказиладиган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасида малака ошириш ва махсус курслар ташкил этиш орқали ўз дипломатлари тажрибаси ва малакасини оширишда ўзаро кўмаклашадилар. Томонларнинг халқаро конференциялар ва учрашувларда иштирок этаётган вакиллари, шунингдек учинчи давлатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги икки давлат дипломатик миссиялари ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боришлари мумкин.

Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси Жалолиддин Ҳусенов

Skip to content