“Судлар тўғрисида”ги янги Қонунга асосан нималар ўзгарди

“Судлар тўғрисида”ги янги Қонунга асосан нималар ўзгарди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли ва “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли Фармонлари ижроси давоми сифатида  2021 йил 28 июлда ЎРҚ-703-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди.

Янги Қонун 101 та моддадан иборат бўлиб (эски Қонун 85 та моддадан иборат эди), Қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги ҳамда “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди ҳамда суд тизими яхлит Қонун билан тартибга солинадиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши мустаҳкамланди (3-модда). Суднинг вазифаларига юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам киритилди.

Шунингдек янги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари, таркиби, Олий суди Пленуми, Пленумини чақириш тартиби, ваколатлари, Олий суди Раёсатининг таркиби, ваколатлари, Олий судининг судлов ҳайъатлари, Олий суди раиси ва Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари — судлов ҳайъатларининг раисларининг ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, Ҳарбий судлар тизими, таркиби, ваколатлари, Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тартиби, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъати, раиси, раисининг ўринбосари ваколатлари, туманлараро маъмурий суд таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосари ваколатлари тўлдирилган ҳолда белгилаб берилди.

Янги қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилди. Туман ёки шаҳар судининг судяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига — 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига — 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланди.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги масаласида ҳам янги моддалар киритилиб, унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:

одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;

суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;

судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;

Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун.

Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан;

ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;

малака даражасини бир поғонага пасайтириш;

ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки ушбу янги Қонун халқаро стандартлар асосида қабул қилинган бўлиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Жалолиддин Ҳусенов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Давлат бошқаруви очиқлигини таъминлашда мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш

Ҳозирги глобаллашув шароитида маълум бир дунё мамлакатининг бошқарув тизими, унинг халқаро майдондаги ўрни, бошқа давлатларнинг ушбу мамлакатга муносабати айни мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда мурожаатлар билан ишлаш тизими, яъни фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиш ҳуқуқининг қонунларда акс этиши ва унинг ижросининг таъминланиши билан белгиланади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бу давлат ишларини бевосита бошқариш шакли ҳамда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар томонидан амалга ошириладиган давлат бошқарувини назорат қилиш усулларидан биридир. Мурожаат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида, яъни халқ ҳокимиятчилиги принципининг муҳим қоидаларидан бири сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Конституциямиздаги мазкур моддада белгиланган ҳуқуқнинг таъминланиши кафолатлари кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларда ўз аксини топган. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳозирда мурожаатларнинг келиб тушиш статистикаси шуни кўрсатадики, 2019 йилда вазирлик ва идоралар томонидан 170422 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, 2020 й илда уларнинг сони 187345 тани ташкил этган. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлиги ҳаммамизга маълум. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари натижасида ҳар йили ўз ечимини топмаётган масалалар бўйича йирик лойиҳалар ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва ижрони назорат қилиш бўлимининг 2019 йилда келиб тушган мурожаатлар бўйича якуний таҳллиллари натижасида табиий офатлар бўйича етказилган зарарларни тўлашнинг аниқ-конкрет механизмини йўлга қўйиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш таклифи маъқулланиб, масала
2020 йилги Давлат дастурига киритилди ҳамда бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўй ича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони тасдиқланди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб олиб борилган тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 й ил 25 ноябрдаги 747-сон қарори қабул қилинди. Келгусида бу норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали табиий офатлар натижасида зарар кўрган аҳоли, хусусан, жисмоний ва юридик шахслар ўзларига етказилган зарарларни қоплаш юзасидан мурожаатларига муносиб ечим топилади. Демак, амалда олиб борилаётган мурожаатларнинг таҳлиллари ва уларнинг самарали натижалари аҳолини бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоли масалаларнинг ечимини топишда, аҳолини оғирини енгил қилишда, халқни рози қилишида муҳим омил бўлаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Шу билан бирга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини амалиётга татбиқ этиш борасида, бугунги амалиётдан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлаш тизимида қуйидаги камчиликларни кўрсатиб ўтиш мумкин: Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализацияларини лой иҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”
2018 йил 27 октябрдаги 880-сонли қарорида, лицензияловчи орган томонидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб й игирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади деб кўрсатилган. Бироқ, шу мазмунда мурожаатлар келиб тушса 15 кунлик муддатда ўрганилиши амалиёти белгиланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллабқувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 й ил 14 май даги ПФ-5718-сон Фармонида, 7 кун муддатда ваколатли органларнинг биринчи раҳбарлари қабулхона топшириғини кўриб чиқадилар ҳамда натижалари ва қабул қилинган қарорлар тўғрисида Қабулхонага ёзма равишда ахборот берадилар деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали тадбиркорларнинг электрон ва ёзма мурожаатлари 15 кунлик муддатда кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари орқали ёки “business.gov.uz” электрон тизими орқали келиб тушаётган тадбиркорларнинг мурожаатлари 7 кунлик муддатда кўриб чиқилади. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Халқ қабулхоналари, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бош прокуратуранинг Ишонч телефони, Ёшлар, хотин-қизлар бўйича ва бошқа алоҳида қабулхоналарнинг мавжудлиги мурожаатлар билан ишлашда ягона бир тизимли маълумотлар базасининг мавжуд эмаслиги, мурожаатларни вазирлик ва идоралар, мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида ва сифатли ўрганиб чиқилиши, уларни таҳлил қилиш имкониятини чеклаб келмоқда, бир фуқаро айнан бир масалада қайд этилган бир неча қабулхоналарга мурожаат қилиши, якуни бўйича масаланинг ечимини топа олмаслиги, ҳар хил муддатларда жавоабларни олиши тегишли давлат органларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Учинчидан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 35-моддасида, мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сай тларида эълон қилиниши белгиланган бўлсада, ҳозирги кунда қонуннинг мазкур талаби ҳам лозим даражада бажарилмасдан қолмоқда. Тўртинчидан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасида, мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари белгиланган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, маълумотларнинг ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўй илмаслиги, жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги белгиланган бўлсада, мурожаатлар билан боғлиқ масалалар, сай ёр қабуллар, уй мауй юриб ўрганишларда аксарият ҳолларда мурожаатдаги масалалар ижобий ҳал этилганидан сўнг оммавий ахборот воситалари орқали уларнинг розилиги олинмасдан намой иш этиб келинмоқда. Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасида, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик – мансабдор шахсларга нисбатан жазо қўллаш масаласи белгиланган. Мисол тарқиасида бу қонун талаблари ҳокимликда бузилса туман ҳокими ёки унинг ўринбосари, вилоят ҳокимлигида эса вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосари жавобгарликка тортилиши лозим, ваҳоланки мурожаатларни ўрганган шахс бошқа ҳокимлик ходими бўлиб, ходим бу қонун талабларини қасддан бузиши ҳам мумкин, раҳбар ёки унинг ўринбосари бошқа ходимларнинг ҳаракати учун жавобгар бўлиши мантиқан нотўғри. Бундан ташқари, ўз-ўзидан қонундаги бу модда амалда қўлланилмаслик ҳолатлари кўпроқ учрайди.

Юқорида билдирилган барча фикр ва мулоҳазаларимизга хулоса қиладиган бўлсак, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, қонун нормаларини амалиётга татбиқ этиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, соҳага ахборот-технологияларини жалб этишни янада замонавий лаштириш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали кўзланган мақсадга эшириш мумкин.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Судьянинг одоб-ахлоқи  – бугунги куннинг  зарурий талаби. Судьянинг касбий фаолиятида одоб-ахлоқ принциплари.

Маьлумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судлов даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

Жумладан, муҳтарам юртбошимизнинг 2016 йил 21 октябрда ПФ-4850 сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони билан қўйидагилар мустаҳкамланди:

 – суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари аниқланганда зудлик билан зарур чоралар кўриш;

– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолларига йўл қўймаслик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш;

– судлар фаолиятида очиқликни  шаффофликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш;

– суд фаолиятини иш якунларининг комплекс таҳлили асосида режалаштириш ва ташкил этиш, бунда эътиборни аввало ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларни такомиллаштириш орқали тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратиш;

Энг асосийси: ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш, одоб –ахлоқ қоидаларига оғишмай риоя қилишни таъминлаш;

Юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи қўйилган.

Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  мустаҳкамланди ва у асосида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди.

Ислоҳотлар натижаси ўлароқ, судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди, Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва албатта бу даргоҳ судьяларнинг мустақиллиги конституциявий принципини таъминлашга хизмат қилмоқда. Кенгаш қошида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Юқоридаги ислоҳотларнинг давомчиси, мустаҳкамловчиси сифатида судьялик лавозимларига ҳар томонлама муносиб, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга шахсларгина фаолият юритишни таъминлаш ҳамда ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий риоя қилишни таъминлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси янги таҳрирда тасдиқланди.

Қадимдан судьялар(қозилар) халқ орасидаги юксак маънавиятли, обрўли инсонлар орасидан тайинланган. Сабаб низони ҳал қилаётган инсоннинг ўзи камчиликлардан ҳоли, муаммони бартараф этишда холис бўлиши талаб этилган. Бирор-бир гуруҳ ёки шахснинг манфаатларига боғланмаслиги лозим бўлган.  

 Судьялар одоб-ахлоқ кодексининг  қабул қилиниши нафақат  заҳирадаги номзоднинг судья бўлиб тайинлангунга қадар, балки судьялик фаолиятида одил судловни амалга ошираётган вақтда ёки судьяларнинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидаларини ўзида мустаҳкамлайди.

Кодекс мазмунига кўра, судьялар судьялик шаънини, судьялар одоб ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тийишлари шарт.

Кодекс қоидаларига риоя этиш судьянинг қалб амри, ҳаётий қоидаси бўлиши шарт. Судья ваколатларини амалга оширишга киришганда юксак маънавий-ахлоқий савияга ва малакага эга бўлиши, у ўз фикрини ифода этишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги, бугунги куннинг энг долзарб мавзуси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда адолатлилик ва холислик принципларига риоя этиши кераклиги мустаҳкамланган.

Акс ҳолда, судья фикр эркинлиги ҳуқуқини суиистеъмол қилган ҳолда суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигига путур етказган ҳолларда уларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Бундан ташқари, судья ўзи учун ҳам, яқинлари учун ҳам, учинчи шахслар учун ҳам бирон-бир манфаатларни амалга ошириш учун, шахсий масалалари юзасидан турли органларга мурожаат қилишда ўз хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги керак.

Судья дўст танлашда ҳам, таниш орттиришда ҳам жуда эҳтиёткор бўлиши талаб этилади. У ўзининг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган алоқалардан ўзини тийиши лозим. Нафақат судьялик лавозимидагилар балки, барча шахсларга дўст-биродар танлашда, манфаатдорлик, доимий фойда кўриш учун эмас, яхши ёмон кунда доимий маслаҳатгўй сифатида танлаш талаб этилади.

Буни икки хил маънода асослаш мумкин:

Биринчидан, дўсти судьянинг фаолиятидан манфаатдор бўлса, албатта унинг мустақиллиги ва холислигига путур етказади.

Иккинчидан, халқимизда нақл бор “Дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингга баҳо бераман?” яъни, судьяга нисбатан унинг атрофидагиларга қараб жамоатчиликнинг фикри шаклланади.

Бундай қоиданинг кодексга киритилиши бежизга эмас, ҳаётда шундай шахслар учрайдики, дўст тутиниб юрган судьянинг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказишдан тап тортмайдиган, фирибгар, лаганбардор, маишатбоз, манфаатдорлик нуқтаи назаридан  яқинлашган маънавий бузуқ шахслар ҳатти-ҳаракати туфайли ўз обрўсидан айрилган судьялар амалиётда мавжуд.

Судья фаолияти давомида ҳамкасблари ва қўл остидагидаги ходимларга нисбатан хушмуомала, вазмин бўлиши, вояга етмаган фарзандларини боқиши, ота-онасига ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши талаб этилади.

Хизматдан ташқари вақтда зўравонлик, шафқатсизлик, миллатчилик руҳидаги, бундан ташқари, сиёсий ва диний мазмунга эга митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.

Хулоса қилиб айтганда судьянинг одоб-ахлоқи, кодекс билан белгиланган чекловлар, намунали хулққа эгалиги унинг фаолиятини мустақил, холис, беғараз, манфаатлардан холис олиб боришини, қарорлари асосли, қонуний, адолатли чиқарилишини таъминлайди. Фуқароларнинг одил судловга нисбатан  ишончлари ортишига олиб келади.

Алишер Бобомуродов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси

Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

Каррупция вирусига нисбатан ҳалоллик вакцинаси

Коррупция ҳақида мақола ёзишда қуйидаги ёндашувни илгари суришни ва статистиқ маълумотларга мурожаат қилмасликни ҳамда бу мавзуга ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.

КОРРУПЦИЯ – бу сўзни айтишни ўзи қанчалик оғир!

Бизнинг айни вақтдаги жамиятимизда эса бу сўзни ишлатиш тугул, уни амалга ошириб келаётганлар ҳам талайгина. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида ҳар бир маърузаларида айнан коррупцияга қарши курашиш мавзусига тўхталиб ўтадилар. Чунки коррупция мавжуд бўлган давлатнинг ривожланиши ҳам қийин бўлади ҳамда дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ҳам паст бўлади. Ривожланган давлатларнинг энг катта ютуғи уларнинг коррупция билан курашиб билганида. Бинобарин коррупция сўзининг маъноси емирилиш ҳисобланади. Демак коррупция ривожланган давлат емирилиб бораверади.

Айни бу иллатни биз фақат порахўрликда кўришимиз керак эмас. Коррупция атамаси ўз ичига жуда ҳам кўплаб жиноий қилмишларни, ҳаттоки биз уни жиноий қилмиш деб атамасакда аслида жиноятга бошлайдиган ҳаракатларни олади.

Мисол учун дейлик 3 та фуқаро ишга кириш учун бир корхона раҳбарига мурожаат этишди. Фуқароларнинг биринчиси корхона раҳбарига пул таклиф этиб, уни рози қилиб ишга жойлашди, иккинчиси юқори лавозимдаги қариндошини ишга солиб ишга жойлашди, учинчиси ҳам ишга жойлашди, бироқ у ўзининг билими ва салоҳияти билан ўзини кўрсатиб ишга жойлашди. Мана шу ишга жойлашган фуқароларнинг 2 таси корхона ишига енгил елпи қараши билан корхонанинг ривожланишига тўсиқ бўлади. Учинчи ходим эса ўзининг ишга чанқоқлиги билан корхонани ривожлантиришга ҳаракат қилади. Бироқ, корхонанинг 66 фоиз ходимининг ишга енгил елпи қараши корхонани ривожланишидан кўра унинг қулашига олиб келади.

Коррупция бўлмаса мазкур корхонага нафақат теран фикрлайдиган ходимларнинг кўпайишига олиб келади, балким коррупцияни ишга соладиган фуқаролар ҳам ўз устида ишлаб, ишга киришга ҳамда корхонани ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Ўзбек халкининг бир эртаги бўлиб, унда ота эрка боласига ишлаб, пул топиб келишни буюради. Она эса боласига кечга яқин пул бериб отасига ишлаб пул топиб келгани ҳақида айтишини уқтиради. Ота пулни олиб оловга ташлаб юборади. Бу болани парвосига ҳам кирмайди чунки пулни бола ишлаб топмаган бўлади. Шу ҳолат бир неча кунлар давом этади. Бола бир кун ўзи ишлаб топиб келган пулини ҳам отаси оловга ташламоқчи бўлганида пулни оловда куйишдан асраб қолади. Мазкур эртакни ҳам таҳлил этадиган бўлсак она ўз ҳаракати билан боласини ўзи билмаган ҳолда коррупцияга ўргатишига бир баҳя қолганини билмай қолган.

Юқорида айтганимдек коррупция ҳолатининг турлари жуда ҳам кўп.

Албатти коррупция бўлган давлатда на қонунийлик ва на адолатлилик принциплари ишламайди ҳамда халқнинг ишончсизлиги ошиб боришига олиб келади. Бу эса давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Бинобарин коррупциянинг илдизлари барча давлат корхоналари ҳамда органларида мавжуд бўлиб, коррупцияни йўқотиш учун энг аввало ходимлар ўзларида ватанга садоқатлилик ҳиссиётини уйғотиши зарур.

Суд тизимида коррупция иллати умуман мавжуд эмас десам албатта мақолани ўқиган фуқаролар кулиши мумкин. Суд тизимида ҳам коррупцияга қўл урадиган шахслар бор. Бироқ уларнинг умри жуда ҳам қисқа ва коррупцияга қўл урган суд тизими ходимлари қонунда назарда тутилган жазодан қочиб қутилмайди.

Бироқ, бизнинг, яъни суд тизимидаги ходимларнинг ягона мақсадимиз суд тизимини коррупциядан холи давлат ҳокимиятига айлантиришдан ҳамда халқ ва давлат ривожи учун хизмат қиладиган органга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек “Адолат қўрғони”га  айлантиришдан иборатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбирлари билан айтганда Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси, барча соҳа вакиллари ҳамда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига “Ҳалоллик вакцинаси”ни юқтириб, ҳалоллик ва поклик маданиятини шакллантирсак давлатимиз коррупциядан холи мамлакатлар қаторига қўшилиши табиий.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак коррупция иллатини Ўзбекистон Республикасидан нафақат йўқотиш балким, ўзбек халқи хотирасидан шу сўзнинг ёзилишини ҳам айтилишини ҳам унутишга ва халқнинг эркин ҳамда фаровон яшашига замин яратиш лозим.

Озоджон Ражабов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси

КОРРУПЦИЯ – ДОЛЗАРБ МУАММО

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага барки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Мамлакатни ич-ичидан емирадиган анашундай иллат бу коррупция ва порахўрликдир.

“Коррупция” – нима, коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, коррупциянинг тарихий ўзаклари ва коррупциянинг нималарга таъсир этиши ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун моҳияти ҳақида сўз юритамиз. Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта ураркан, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади. Коррупция ҳақида – Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Коррупция” – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.

Аслида, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир. Илмий адабиётларда унга қуйидагича таъриф берилади: ”Коррупция”- шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Коррупция ўзи нима? “Коррупция” лотинча сўз бўлиб, «бузмоқ, порага сотилиш, айниш, порахўрлик, заҳарлилик, зарар ва парчаланиш» деган маъноларни англатади. Яъни, коррупция – сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир.

Коррупциянинг таъсири нималарда намоён бўлади? Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради. Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди.

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупцияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўтабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар иймон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёр-у биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.

Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳаммамиз яхши биламиз, қонун ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга ошириладиган чора-тадбирларни белгилаб беради.

Агар қонун ҳаётда ишламаса, унинг бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, «коррупция ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади», деб ўйлаш хотиржамликка берилиш катта хато бўлади.

Коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак. Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, навбатни тезлаштириш, рейтинг дафтарчасига тузукроқ баҳо қўйдириш ва шу каби вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади.

Тўғри, ҳаётда турли ҳолатлар ва ҳаракатларга дуч келамиз. Баъзида кўз ўнгимизда қонунлар бузилади, инсон ҳуқуқи, қадр-қиммати поймол этилади. Бундай вазиятларда чорасизликдан одамнинг боши гангиб қолади. Лекин, унутмайлик, халқимизда “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир” деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Перейти к содержимому