Каррупция вирусига нисбатан ҳалоллик вакцинаси

Коррупция ҳақида мақола ёзишда қуйидаги ёндашувни илгари суришни ва статистиқ маълумотларга мурожаат қилмасликни ҳамда бу мавзуга ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.

КОРРУПЦИЯ – бу сўзни айтишни ўзи қанчалик оғир!

Бизнинг айни вақтдаги жамиятимизда эса бу сўзни ишлатиш тугул, уни амалга ошириб келаётганлар ҳам талайгина. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида ҳар бир маърузаларида айнан коррупцияга қарши курашиш мавзусига тўхталиб ўтадилар. Чунки коррупция мавжуд бўлган давлатнинг ривожланиши ҳам қийин бўлади ҳамда дунё ҳамжамиятида тутган ўрни ҳам паст бўлади. Ривожланган давлатларнинг энг катта ютуғи уларнинг коррупция билан курашиб билганида. Бинобарин коррупция сўзининг маъноси емирилиш ҳисобланади. Демак коррупция ривожланган давлат емирилиб бораверади.

Айни бу иллатни биз фақат порахўрликда кўришимиз керак эмас. Коррупция атамаси ўз ичига жуда ҳам кўплаб жиноий қилмишларни, ҳаттоки биз уни жиноий қилмиш деб атамасакда аслида жиноятга бошлайдиган ҳаракатларни олади.

Мисол учун дейлик 3 та фуқаро ишга кириш учун бир корхона раҳбарига мурожаат этишди. Фуқароларнинг биринчиси корхона раҳбарига пул таклиф этиб, уни рози қилиб ишга жойлашди, иккинчиси юқори лавозимдаги қариндошини ишга солиб ишга жойлашди, учинчиси ҳам ишга жойлашди, бироқ у ўзининг билими ва салоҳияти билан ўзини кўрсатиб ишга жойлашди. Мана шу ишга жойлашган фуқароларнинг 2 таси корхона ишига енгил елпи қараши билан корхонанинг ривожланишига тўсиқ бўлади. Учинчи ходим эса ўзининг ишга чанқоқлиги билан корхонани ривожлантиришга ҳаракат қилади. Бироқ, корхонанинг 66 фоиз ходимининг ишга енгил елпи қараши корхонани ривожланишидан кўра унинг қулашига олиб келади.

Коррупция бўлмаса мазкур корхонага нафақат теран фикрлайдиган ходимларнинг кўпайишига олиб келади, балким коррупцияни ишга соладиган фуқаролар ҳам ўз устида ишлаб, ишга киришга ҳамда корхонани ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилади.

Ўзбек халкининг бир эртаги бўлиб, унда ота эрка боласига ишлаб, пул топиб келишни буюради. Она эса боласига кечга яқин пул бериб отасига ишлаб пул топиб келгани ҳақида айтишини уқтиради. Ота пулни олиб оловга ташлаб юборади. Бу болани парвосига ҳам кирмайди чунки пулни бола ишлаб топмаган бўлади. Шу ҳолат бир неча кунлар давом этади. Бола бир кун ўзи ишлаб топиб келган пулини ҳам отаси оловга ташламоқчи бўлганида пулни оловда куйишдан асраб қолади. Мазкур эртакни ҳам таҳлил этадиган бўлсак она ўз ҳаракати билан боласини ўзи билмаган ҳолда коррупцияга ўргатишига бир баҳя қолганини билмай қолган.

Юқорида айтганимдек коррупция ҳолатининг турлари жуда ҳам кўп.

Албатти коррупция бўлган давлатда на қонунийлик ва на адолатлилик принциплари ишламайди ҳамда халқнинг ишончсизлиги ошиб боришига олиб келади. Бу эса давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Бинобарин коррупциянинг илдизлари барча давлат корхоналари ҳамда органларида мавжуд бўлиб, коррупцияни йўқотиш учун энг аввало ходимлар ўзларида ватанга садоқатлилик ҳиссиётини уйғотиши зарур.

Суд тизимида коррупция иллати умуман мавжуд эмас десам албатта мақолани ўқиган фуқаролар кулиши мумкин. Суд тизимида ҳам коррупцияга қўл урадиган шахслар бор. Бироқ уларнинг умри жуда ҳам қисқа ва коррупцияга қўл урган суд тизими ходимлари қонунда назарда тутилган жазодан қочиб қутилмайди.

Бироқ, бизнинг, яъни суд тизимидаги ходимларнинг ягона мақсадимиз суд тизимини коррупциядан холи давлат ҳокимиятига айлантиришдан ҳамда халқ ва давлат ривожи учун хизмат қиладиган органга, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек “Адолат қўрғони”га  айлантиришдан иборатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таъбирлари билан айтганда Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси, барча соҳа вакиллари ҳамда мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига “Ҳалоллик вакцинаси”ни юқтириб, ҳалоллик ва поклик маданиятини шакллантирсак давлатимиз коррупциядан холи мамлакатлар қаторига қўшилиши табиий.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак коррупция иллатини Ўзбекистон Республикасидан нафақат йўқотиш балким, ўзбек халқи хотирасидан шу сўзнинг ёзилишини ҳам айтилишини ҳам унутишга ва халқнинг эркин ҳамда фаровон яшашига замин яратиш лозим.

Озоджон Ражабов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси