Электрон почта манзил:

info@supcourt.uz

Фуқаролар қабулхонаси:

(+998 71) 239-02-74

Манзил:

Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., 100186, А. Қодирий кўч., 1

Интерактив хизматлар

Статистик маълумотлар

Статистик маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг республика судлари фаолиятига доир статистик маълумотлар базаси

Ўтиш
Cуд қарорлари тўплами

Cуд қарорлари тўплами

Судлар бўйича барча якуний суд қарорларини тўлиқ ёки шахссизлантирилган матнда ушбу ҳавола орқали билиб олинг.

Ўтиш
Давлат божи калькулятори

Давлат божи калькулятори

Бу хизмат тури судларга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлашда яқиндан ёрдам беради.

Ўтиш
image
image
image
image
image
image

Электрон суд хизматлари

MY.SUD.UZ - суд хизматларидан фойдаланишнинг инновацион, ишончли ва қулай йўли

Мурожаат

Судга тўғридан - тўғри электрон шаклда мурожаат йўллаш.

Электрон тўлов тизими

Барча судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни тўлашнинг ягона электрон тизими.

Видеоконференц алоқа

Масофадан туриб суд мажлисида иштрок етиш

Мажлислар жадвали

Суд мажлислари жадвали билан танишиш – судларда ишларни суд мажлисида кўриб чиқишга тайинланган санаси ва вақти ҳақида онлайн тарзда хабардор бўлиб бориш имконини беради.

Давлат божи калькулятори

Бу хизмат тури судларга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлашда яқиндан ёрдам беради.

Мурожаат намуналари

Фуқаролар судларга мурожаат қилишда ҳужжатларнинг тайёр намуналаридан мутлақо бепул фойдаланиш имконияти

image

MY.SUD.UZ

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали

Сўнгги янгиликлар

ҲУҚУҚИЙ АДОЛАТ ВА СУД МУСТАҚИЛЛИГИ

Адолатли жамиятнинг асосий устунларидан бири мустақил суд тизимидир. Суд органлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, низоларни ҳал этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш учун хизмат қилади.
Суд мустақиллиги деганда, судялар ҳар қандай ташқи таъсирдан холи ҳолда, фақат қонунга асосланган ҳолда қарор қабул қилиши тушунилади. Бундай мустақиллик давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари, шунингдек, ижтимоий ва сиёсий босимлардан ҳимоя қилиниши керак. Зеро, фақат адолатли ва холис суд тизими фуқароларнинг қонун олдида тенглигини кафолатлай олади.
Судлар фаолиятида протсессуал нормаларга қатъий риоя қилиш, судялар ва тарафларнинг холислиги, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари муҳим ўрин тутади. Шунингдек, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун суд қарорларининг асосланганлиги ва қонунийлиги таъминланиши лозим.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, фуқароларнинг суд тизимига мурожаат қилиш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишини таъминлаш ҳам адолатли суд тизимини шакллантиришда муҳим омилдир. Суд ҳуқуқ тизимининг мукаммал ишлаши жамиятнинг барқарор ривожланишига ва инсон ҳуқуқларининг ҳимояланишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мустақил ва адолатли суд тизими ҳуқуқий давлатнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Судялар фақат қонунга асосланиб қарор қабул қилиши, суд жараёнлари очиқ ва холис бўлиши керак. Фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини ошириш ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш жамият барқарорлиги ва адолатнинг таъминланишида муҳим рол ўйнайди.

И.Холов Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси

МАЪМУРИЙ СУДДА ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ:ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ МУМКИН?

Ҳар қандай суд жараёни вақт талаб қилади ва бу жараёнда айрим ҳолатларда фуқаронинг ҳуқуқлари жиддий хавф остида қолиши мумкин. Шунинг учун маъмурий судларда «Дастлабки ҳимоя чоралари» деган тушунча мавжуд. Бу дегани – агар фуқаронинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига зарар етиш хавфи бўлса, суд асосий қарорни кутмасдан, вақтинчалик чора кўриши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси айнан шу масалага бағишланган.
Дастлабки ҳимоя чоралари нима?
Дастлабки ҳимоя чоралари – бу суд қарори чиқмагунча фуқаронинг ҳуқуқларини вақтинча ҳимоя қилиш учун кўриладиган чора-тадбирлардир. Суд, агар қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлса, бундай чораларни қўллаши мумкин:
1) маъмурий ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатларини кўзлаб ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;
2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чораларни кўрмасдан туриб ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса.
Бу чораларнинг асосий мақсади – суд иши кўрилаётган даврда фуқаронинг ҳуқуқларига зиён етмаслигини таъминлашдир.
Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Бу чоралар вақтинчалик бўлиб, суд жараёни тугагунга қадар амал қилади. Якуний қарор чиққач, ушбу чоралар бекор қилиниши ёки доимий ҳуқуқий таъсирга эга бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 92-моддаси фуқароларнинг суд жараёнида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим кафолатлардан биридир. Дастлабки ҳимоя чоралари орқали суд фуқароларнинг манфаатларига зарар етишининг олдини олади ва адолатли қарор қабул қилиш учун етарли вақтни таъминлайди.
Бу тизим фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларда қонунийлик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

И.Холов Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси

Янгиланиш ва Ободончилик Рамзи

Баҳор нафаси туйила бошлаган шу фаслнинг шукуҳли кунларида, қолаверса яқинлашиб келаётган “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Бухоро вилоят маъмурий суди ҳовлиси ва биноси ҳашар тадбирига гувоҳ бўлди. Бу хайрли ишга вилоят ва туманлараро маъмурий суди судьялари ҳамда ходимлари бир ёқадан бош чиқариб, жонбозлик кўрсатдилар.

Эрта тонгда суд ҳовлисида ҳаёт қайнади. Ҳашар иштирокчилари ўз қўллари билан табиатга нафас бағишлаш мақсадида шижоат билан ишга киришдилар. Дарахтларни оқлаб, уларга янги нафас бағишладилар. Ерга муҳаббат ва меҳр билан янги кўчатлар экилди — улар бир куни суд ҳовлисига соя, ёруғлик ва нафосат бахш этадиган шижоатли ниҳолларга айланади.

Ҳашар жараёнида мавжуд гулзор ва йўлаклар ҳам эътибордан четда қолмади. Уларнинг ҳар бири аниқ бир тартибда шаклга келтирилиб, гўзалликка йўғрилди. Тоза ҳаво, янгиланган муҳит, меҳнат шижоати – буларнинг барчаси тадбирда иштирок этган ҳар бир инсонга завқ ва руҳий кўтаринкилик бағишлади.

Бу хайрли ташаббус нафақат суд ҳовлиси, балки бу ерда хизмат қилаётганлар ва ташриф буюрувчилар учун ҳам ёқимли муҳит яратилишига хизмат қилади. Ободонлашган атроф муҳит инсон онгу тафаккурига ижобий таъсир кўрсатади.

Бухоро вилоят маъмурий суди жамоаси ушбу ҳашар орқали нафақат тозалик ва гўзалликка ҳисса қўшди, балки жамоавий ҳамкорлик ва бирдамлик руҳини янада кучайтирди. Бу каби тадбирлар келгусида ҳам давом этиши, янада кенг қулоч ёйиши шубҳасиз!

Бухоро вилоят маъмурий суди жамоаси

МАКТАБЛАРДА АМАЛИЙ ДАРС МАШҒУЛОТЛАРИ: СУДЬЯ ВА СУД ХОДИМЛАРИДАН САБОҚ

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш жамият тараққиётининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади. Айниқса, ёш авлодга ҳуқуқий билим бериш, уларнинг қонунчиликка оид тушунчаларини кенгайтириш, шахсий масъулиятини ошириш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда, 2025 йил 14 март куни Ғиждувон туманидаги 21-сонли «Пушкин» номидаги умумий ўрта таълим мактабида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирокида амалий дарс машғулотлари ташкил этилди.


Дарс машғулотларида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Г.Муллабаева ва О.Ражабов, судья катта ёрдамчилари Д.Абдуллаев ва А.Қодиров, мактаб директори И.Нуманов, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари З.Норова, фаол ўқитувчилар ҳамда 11-синф ўқувчилари иштирок этди.


Амалий даср машғулоти давомида «Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимиятининг тузилиши» мавзусида маъруза қилинди. Судьялар томонидан мамлакатимизда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабати, уларнинг ваколатлари ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва суд ҳокимиятининг асосий вазифалари ҳақида тушунчалар берилиб, ёшларга давлат бошқаруви тизими ҳақида кенгроқ маълумот олиш имконияти яратилди.
Дарс давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита судьялардан жавоб олиш имконига эга бўлди. Ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган бу каби амалий машғулотлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Дарс сўнггида иштирокчилар бундай тадбирлар ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг жамиятда фаол ёшлар сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди ва бундай амалий дарс машғулотлари давомли бўлиши ва келажакда турли мавзулар бўйича давом эттирилиши лозимлигини қайд этишди.


Ҳар бир ёшнинг ҳуқуқий билими унинг келажагини белгилайди. Шу боисдан, бу каби тадбирлар ёшларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни ҳуқуқий саводхонлиги ошириш, билим ва кўникмаларини янада шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Г.Муллабаева ва О.Ражабов.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари

Д.Абдуллаев ва А.Қодиров.
Судья катта ёрдамчилари

САХОВАТЛИ ИНСОН ЁДИ

2007-2011 йилларда фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти Қоракўл туманлараро судининг судьяси ва суд раиси бўлиб ишлаган давримда, халқимиз орасида ҳақиқий юрт фарзанди, жонкуяр ва фидоий ҳуқуқшунос, кўплаб шогирдларига ҳақли равишда устозлик қилган инсон Сувон Арслонов ҳақида ижобий фикрлар эшитгандим. Бу инсоннинг суд соҳасидаги фаолияти менга катта қизиқиш уйғотди. Шу боис унинг хаёт йўли билан яқиндан танишишга жазм қилдим.

Сувон Арслонов 1936 йилда Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Дўрмон қишлоғида таваллуд топган. 1943 йилда 5-сонли етти йиллик мактабнинг биринчи синфига ўқишга қабул қилинган. Мазкур мактабнинг 7 синфини 1950 йилда тамомлаб, шу йили Қоракўл туманидаги 1-сонли мактабда 8-синфдан бошлаб ўқишни давом эттирган. 1954 йилда мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, 1955 йилда Қоракўл туман халқ суди котиби вазифасига ишга қабул қилинган. 1957 йил декабрь ойидан 1960 йил июль ойига қадар армия сафида хизмат қилган.

Харбий хизматда хам қисм командирларининг эътирофига сазовор бўлади. Армияда ўз бурчини виждонан адо этиб, қайтгач илгари ишлаган туман халқ судида котиб бўлиб, 2 йил мобайнида меҳнат қилади. Сўнгра, 1965 йилга қадар Қоракўл туман халқ судининг суд ижрочиси бўлиб ишлай бошлайди. Бу орада Сувон Арслоновнинг ҳуқуқшунослик соҳасига қизиқиши янада ортиб, айнан шу касбга бўлган мухаббати туфайли, Тошкент давлат университетининг юридик факультетини сиртдан тамомлайди. Олий юридик юридик маълумотга эга бўлгач 1965 йил 19 декабрь куни Қоракўл туман халқ судига суд раиси бўлиб сайланиб, бу шарафли вазифани 1970 йилга қадар садоқат билан бажаради. 1970-1972 йиллар оралиғида Ғиждувон туман халқ судида раис бўлиб ишлайди. Сувон Арслонов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раҳбарияти назарига тушиб, Олий суд судьялигига ишга таклиф қилинади. Бу юқори лавозимда ҳам муносиб хизмат қилади ва
1974 йилдан 1987 йилга қадар Олот туман халқ судининг раиси лавозимида фаолият кўрсатган.

У киши ишлаб юрган даврларда бир қанча мукофотлар, фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган. Қолаверса, устознинг қўли очиқлиги ҳамда саховатпеша инсон эканлиги ҳақида шоир ва ёзувчи Жўра Ҳамронинг “Куйган кўнгил” номли ҳикоялар тўпламида у инсонга бағишлаб “Саховат” номли ҳикоя ҳам ёзилган. Бу ҳикояни ўқиган кишининг эти жунжикиб кетади. Юртимизда ана шундай саховатли инсонлар яшаб ўтганига тасанно айтгинг келади.

Сувон Арслонов меҳнат фаолияти давомида бир қанча шогирдлар етиштириб, уларни чинакам ватанпарвар, комил инсон қилиб тарбиялади. Эътиборлиси шундаки, устознинг ўғли ва бир нечта набиралари у кишининг изидан бориб ҳуқуқшунослик касбини танлади. Ҳозирда улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Афсуски бевақт ўлим, устозни 51 ёшида ҳаётдан эрта олиб кетди. Сувон Арслоновнинг умр йўли қисқа бўласа-да, жуда мазмунли яшади.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева

Иссиқлик ва электр етказиб берувчилар учун қулайлик: Давлат божи тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилди

2025 йил 20 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли Қонуни билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонун 2025 йил 21 февралдан кучга кирган бўлиб, айниқса иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотларнинг судга мурожаат қилиш тартибида қулайликлар яратишга қаратилган.

Нима ўзгарди?

1. Давлат божи тўлашдан озод қилинган ҳолатлар рўйхати кенгайди:

Қонуннинг 8-моддасига янги, 47-банд киритилди. Унга кўра, эндиликда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотлар ўз хизматлари бўйича тўловларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади. Шунингдек, 9-моддага киритилган 29-банд ҳам шу мазмунда бўлиб, иссиқлик ва электр етказиб берувчилар учун кенг имкониятлар яратилган.

2. Мазкур ҳолат бошқа моддаларга ҳам киритилди:

Қонуннинг тегишли бандида «иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар» тушунчаси алоҳида белгилаб қўйилди. Бу эса уларнинг судга мурожаат қилиш жараёнида ортиқча молиявий юкламалардан озод этилишига хизмат қилади.

3. Чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш учун тўлов миқдори аниқлаштирилди:

Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартиш — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш ҳамда унинг муддатини узайтириш учун тўлов БҲМнинг 48 баравари миқдорида белгиланди. Бу тартиб ҳужжатларда аниқ акс эттирилиб, ҳуқуқий тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари:

Қонуннинг 3-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасига бир қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, ҳукуматнинг бу борадаги қарорлари ушбу янги нормаларга мувофиқлаштирилиши, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари ўзларининг мавжуд меъёрий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, кераксизларини бекор қилиши шартлиги белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунга киритилган ўзгартишлар электр ва иссиқлик етказиб берувчи ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат кўрсатиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, чет эл компаниялари учун ҳам қонуний тартиб-қоидалар аниқлаштирилиб, инвестицион муҳитнинг шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

        Б.Ибрагимов     Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

        Д.Абдуллаев   cудья катта ёрдамчиси

image
Skip to content