Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.
Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги
Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Электрон почта манзил:
info@supcourt.uz
Фуқаролар қабулхонаси:
(+998 71) 239-02-74
Манзил:
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., 100186, А. Қодирий кўч., 1
Интерактив хизматлар
Статистик маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг республика судлари фаолиятига доир статистик маълумотлар базаси
MY.SUD.UZ - суд хизматларидан фойдаланишнинг инновацион, ишончли ва қулай йўли
Мурожаат
Судга тўғридан - тўғри электрон шаклда мурожаат йўллаш.
Электрон тўлов тизими
Барча судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни тўлашнинг ягона электрон тизими.
Видеоконференц алоқа
Масофадан туриб суд мажлисида иштрок етиш
Мажлислар жадвали
Суд мажлислари жадвали билан танишиш – судларда ишларни суд мажлисида кўриб чиқишга тайинланган санаси ва вақти ҳақида онлайн тарзда хабардор бўлиб бориш имконини беради.
Давлат божи калькулятори
Бу хизмат тури судларга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлашда яқиндан ёрдам беради.
Коррупцияга қарши курашиш, суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу маънода, Бухоро вилоят маъмурий суди томонидан мазкур йўналишда изчил ва самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва суд фаолиятига ишончни мустаҳкамлаш мақсадида вилоят телевиденияси орқали режа асосида “Менинг ҳуқуқим” кўрсатуви эфирга узатилиб келинмоқда. Ушбу кўрсатувларда маъмурий суд судьялари ва суд аппарати ходимлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда. Шунингдек, суд тизимида рақамли ислоҳотларнинг аҳамияти, “Рақамли суд” концепцияси ҳамда сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши масалаларига бағишланган мақолалар ва интервьюлар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Бу эса судлар фаолиятида инсон омилини камайтириш, шаффофликни ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Судларни халққа янада яқинлаштириш мақсадида Telegram мессенжери орқали онлайн эфирлар ва овозли чатлар ташкил этилган. Ушбу мулоқотлар орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита судьялардан жавоб олиш имкониятига эга бўлаяпти. Бундан ташқари, “Очиқ эшиклар куни”, “Судьянинг бир куни”, “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, улар орқали судьянинг ҳалоллик, масъулият ва коррупцияга нисбатан муросасиз позицияси кенг жамоатчиликка етказилмоқда. Маъмурий ишлар юзасидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатлар доимий ўрганилиб, уларга тезкор расмий муносабат билдириб келинаётгани ҳам суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардан ҳисобланади. Шу билан бирга, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар, уларнинг ота-оналари билан учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ижро интизоми ва коррупцияга қарши вазифалар Раёсат йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиниб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Бухоро вилояти маъмурий суди томонидан амалга оширилаётган ушбу тизимли ишлар суд тизимида коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муносабат шаклланганини, очиқлик ва адолат устувор тамойилга айланганини яққол намоён этмоқда. Бу эса фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда давлат ва жамият бошқарувида очиқлик, холислик ва қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни давлат хизматида ҳалоллик ва масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади — манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, унинг олдини олиш ва бартараф этиш орқали давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар фаолиятида қонунийликни таъминлашдан иборат. Қонуннинг амал қилиши давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари, давлат унитар корхоналари, давлат мақсадли жамғармалари, шунингдек устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилади. Айрим ҳолларда у давлат иштирокидаги юридик шахсларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига ҳам қўлланилади. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат бўлиб, заруратга кўра халқаро шартномалар нормалари ҳам қўлланилиши мумкин. Агар халқаро шартномада бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари устувор ҳисобланади. Қонунда манфаатлар тўқнашуви соҳасига оид асосий тушунчалар аниқ ва равшан белгилаб берилган. Хусусан, манфаатлар тўқнашуви — ходимнинг шахсий манфаатдорлиги унинг хизмат мажбуриятларини холис бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, жамият ва давлат манфаатларига зид ҳолат сифатида таърифланади. Шунингдек, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар, ходимга алоқадор шахслар, махсус бўлинма каби тушунчалар қонун доирасида аниқ мазмун билан белгилаб қўйилгани ҳуқуқни қўллаш амалиётида муҳим аҳамият касб этади. Қонун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда қуйидаги асосий принципларга таянади: -қонунийлик; -фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларининг устуворлиги; -очиқлик ва шаффофлик; -холислик; -коррупцияга нисбатан муросасизлик. Мазкур принциплар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида ҳалоллик муҳитини шакллантириш, жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади. Хулоса қилиб айтганда, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун давлат хизматчилари ва ташкилотлар учун аниқ қоидалар ва масъулият механизмларини белгилаб, очиқ, адолатли ва самарали бошқарувни таъминлашга қаратилган. Ушбу Қонун талабларига қатъий риоя этиш коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматининг нуфузини ошириш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Суд тизимида коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан ёшлар билан учрашув ўтказилди. Бухоро шаҳридаги Бухоро юридик техникумида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари иштирокида талаба ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда коррупцияга қарши курашишда ёшлар ўртасида муросасиз муносабатни шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирда Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Г.Муллабаева, Б.Самиев, Х.Курбанов ҳамда судья катта ёрдамчиси Д.Абдуллаев, шунингдек Юридик техникум раҳбарияти, ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этдилар. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ–141-сонли Фармонларининг аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди. Учрашув жараёнида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, судьялар томонидан атрофлича ва ҳаётий мисоллар асосида жавоблар олдилар. Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш фақат қонунлар билан эмас, балки ёшлар онгида адолат, ҳалоллик ва қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш орқали амалга оширилиши таъкидланди. Ёшлар мамлакат келажаги экани, уларнинг фаол фуқаролик позицияси адолатли ва шаффоф жамият барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилиб, бундай учрашувлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Ҳар бир давлатнинг ҳуқуқий асосини белгиланадиган бош ҳужжат – Конституция ҳисобланади. У нафақат давлат тузилиши, ҳокимиятлар бўлиниши ёки жамиятнинг сиёсий тизимини тартибга солади, балки инсоннинг энг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам кафолатлайди. Аммо Конституция қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг ҳаётдаги ҳақиқий қиймати мазкур ҳужжатда белгиланган нормаларнинг амалда қай даражада ижро этилаётгани билан ўлчанади. Ўзбекистон Республикасида конституциявий ислоҳотлар жараёни сўнгги йилларда жадаллашиб, Конституцияда белгиланган принципларни амалиётга жорий этиш бўйича сезиларли натижаларга эришилмоқда. Аммо шу билан бирга, ҳар бир норманинг ҳаётга татбиқ этилишида доимий мониторинг, суд-ҳуқуқ тизимининг фаол иштироки ва фуқаро онгининг юксалиши ниҳоятда муҳимдир. Конституциянинг амалда ижро қилиниши, аввало, давлат органлари фаолиятига бевосита боғлиқ. Конституция давлат ҳокимиятининг манбаи халқ эканини белгилаб, барча идоралар фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлашни тақозо этади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда парламент назорати, давлат хизматлари марказларининг очиқлиги, давлат органларида ахборот олиш ҳуқуқининг кенгайиши каби ислоҳотлар айнан конституциявий тамойилларнинг амалда жорий этилаётганига яққол мисолдир. Бироқ Конституцияда белгиланган ҳар бир тамойилнинг тўлиқ ишлаши учун давлат бошқарувида қонунийлик, самарадорлик ва масъулият доимий равишда юқори даражада бўлиши талаб этилади.
Конституциянинг ҳаётга татбиқ этилишида суд ҳокимиятининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Чунки айнан суд органлари бузилган ҳуқуқларни тиклаш, қонунлар Конституцияга мос равишда қўлланилишини таъминлаш ва адолатни қарор топтириш орқали конституциявий нормаларнинг ҳақиқий кафолати бўлиб хизмат қилади. Судлар мустақиллиги, судяларнинг дахлсизлиги, одил судловнинг таъминланиши – буларнинг барчаси Конституцияда белгиланган бўлиб, уларнинг амалда тўлиқ таъминланиши фуқароларнинг давлатга бўлган ишончининг асосий омилидир. Суд ходими сифатида бизнинг вазифамиз – ҳар бир ишда Конституция талабларига қатъий амал қилиш, ҳеч қандай ҳолатда қонундан четга чиқмаслик ва инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлашдир.
Конституцияда белгиланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда ижро этилиши ҳам муҳим масалалардан биридир. Ҳақиқат шуки, ҳуқуқларни эълон қилишнинг ўзи етарли эмас – уларни реал ҳимоя қилиш тизими бўлмаса, у фақат қоғоздаги норма бўлиб қолади. Шу маънода, Ўзбекистонда сўнгги йилларда омбудсман институти кучайтирилгани, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби такомиллаштирилгани, шунингдек, маъмурий судлар фаолиятининг кенгайтирилгани конституциявий ҳуқуқларнинг амалда ишлашига хизмат қилмоқда. Терговга қадар текширув жараёнларининг қисқартирилиши, адвокатларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилиши, мажбурий меҳнатнинг илдиздан йўқ қилиниши ҳам Конституцияда белгиланган меҳнат, дахлсизлик ва эркинлик ҳуқуқларининг ҳаётда ўз ифодасини топаётганига далилдир. Бироқ Конституциянинг амалда ижро этилиши фақат давлат идоралари зиммасидаги вазифа эмас. Бу жараён жамиятнинг ҳуқуқий маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Ҳуқуқни билиш ва унга риоя қилиш фуқароларнинг ўз манфаатлари учун эмас, балки жамият ва давлат барқарорлиги учун ҳам муҳимдир. Ҳуқуқий онг юқори бўлган жамиятда конституцион нормаларнинг бузилиши кам учрайди, чунки ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқи билан бирга ўз мажбуриятларини ҳам чуқур англайди. Шу сабабли, таълим муассасаларида ҳуқуқий тарбиянинг кучайтирилиши, кенг жамоатчиликка мўлжалланган ҳуқуқий тарғибот ишлари, давлат органларининг фаолиятидаги очиқлик Конституциянинг амалда ижро этилишига хизмат қиладиган асосий омиллардир.
Конституциянинг тўлиқ ишлаши учун қонунчиликнинг уйғунлиги ҳам зарур. Қонунлар Конституцияга мос бўлмаса, амалиётда мувофиқлик бузилади, фуқароларда ҳуқуқий чалкашликлар пайдо бўлади. Шу боис Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш, мавжуд қонунларни такомиллаштириш ва янгилаш, уларни Конституция нормалари билан уйғунлаштириш жараёни изчил олиб борилмоқда. Қонунлар қанчалик аниқ, тушунарли ва амалий бўлса, Конституциянинг ижроси ҳам шунчалик самарали бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Конституциянинг амалда ижро қилиниши давлат ва жамият тараққиётининг бош мезонидир. Конституцияда белгиланган тамойиллар реал ҳаётда ишлаганда, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи ортади, ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади ва ҳуқуқий давлатнинг пойдевори мустаҳкамланади. Суд ходими сифатида бизнинг асосий бурчимиз – Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳаётда тўлақонли ишлашини таъминлаш, ҳар бир қарор, ҳар бир хулоса ва ҳар бир протсессуал ҳаракатда конституциявий нормаларга таянишдир. Зеро, Конституция қадр топган жамиятгина адолатли, барқарор ва тараққий этган жамият бўлиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари тизимида эркин касб танлаш ҳуқуқи муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Зеро, ҳар бир шахснинг меҳнат соҳасида ўз қобилияти, билими ва қизиқишига мос фаолият билан шуғулланиши унинг шахс сифатида камол топиши, жамиятда ўз ўрнини топиши ҳамда иқтисодий фаровонликка эришишида беқиёс аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасида бу ҳуқуқ Конституциянинг 37-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унда ҳар бир фуқаро меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган. Ушбу норма нафақат инсоннинг касбий эркинлигини таъминлайди, балки давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлган шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муҳим кафолатдир. Касб танлаш эркинлиги шахснинг иқтисодий мустақиллиги ва ижтимоий фаоллигини таъминлайди. Инсон ўзи севган, қизиққан ва қобилиятига мос касб билан шуғулланганда нафақат ўз ҳаётидан қониқади, балки жамиятга ҳам самарали ҳисса қўшади. Аксинча, мажбурий меҳнат ёки мажбурий касб танлаш инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади. Шу боис мазкур ҳуқуқнинг кафолатланиши демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгисидир. Бугунги кунда мамлакатимизда касб-ҳунар таълимининг ривожлантирилиши, меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш айнан шу ҳуқуқни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Эркин касб танлашнинг асосий омилларидан бири – инсоннинг шахсий интилиши ва қобилиятидир. Ҳар бир фуқаро ўз касбини танлашда аввало ўзининг истеъдоди, билим даражаси ва қизиқишларини инобатга олади. Бу жараён, албатта, таълим тизими билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ёшларнинг тўғри йўналтирилиши, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва олий таълим муассасаларининг фаолияти бу борада муҳим рол ўйнайди. Таълим тизимида кенг имкониятлар яратилиши ёшларнинг келажак касбини онгли равишда танлашига замин яратади. Айнан шундай йўл билан жамиятда юқори малакали мутахассислар сафи шаклланади. Эркин касб танлаш ҳуқуқининг яна бир муҳим йўналиши – меҳнат бозорининг очиқлиги ва адолатли рақобатнинг мавжудлигидир. Ҳар бир фуқаро ўз касбини нафақат танлаши, балки уни эркин равишда амалга ошириш, меҳнат шартномаси тузиш, меҳнат қилганлиги учун муносиб ҳақ олиш имкониятига эга бўлиши лозим. Меҳнат муносабатларида камситиш, жинс, миллат, ижтимоий келиб чиқиш ёки диний қарашларига кўра меҳнатга қабул қилмаслик каби ҳолатлар конституциявий ҳуқуқларнинг бузилиши ҳисобланади. Шу боис меҳнат қонунчилиги бу борада аниқ нормалар билан тартиб ўрнатган бўлиб, ҳар бир шахснинг адолатли меҳнат шароитларига эга бўлиши кафолатланади.
Давлатнинг вазифаси фақат ҳуқуқни эълон қилиш билан чекланиб қолмайди, балки унинг амалда таъминланишини ҳам назорат қилади. Меҳнат инспексиялари, суд органлари, прокуратура ва бошқа масъул тузилмалар меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлаш борасида муҳим рол ўйнайди. Суд органлари айниқса катта масъулиятга эга, чунки айнан суд адолатни тиклаш, бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишда ҳал қилувчи бўғин ҳисобланади. Фуқаронинг касб танлаш эркинлиги бузилганида судга мурожаат қилиш энг ишончли ҳуқуқий ҳимоя воситасидир.
Шу билан бирга, эркин касб танлаш ҳуқуқи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Агар одамлар ўз қизиқишига мос касбларни эгалласа, меҳнат самарадорлиги ошади, инновацион фикрлаш кучаяди ва ҳар бир соҳада юқори сифатли хизматлар тақдим этилади. Бу эса давлатнинг рақобатбардошлигини оширади, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлайди ва фаровонлик даражаси юксалишига олиб келади. Акс ҳолда, мажбурий ёки нотўғри танланган касб билан шуғулланиш жамиятда самарасизлик, ишчи кучининг беҳуда сарфи ва ижтимоий норозилик каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, замонавий дунёда касбга талабни вақт ўтиши билан ўзгариши табиий жараён. Шунинг учун эркин касб танлаш ҳуқуқи нафақат дастлабки танловга, балки ўз касбини исталган вақтда ўзгартириш имкониятига ҳам тааллуқлидир. Қайта тайёрлаш, малака ошириш, янги йўналишларни ўзлаштириш шахснинг касбий мослашувчанлигини оширади. Давлат томонидан ташкил этилаётган қайта тайёрлаш курслари, қисқа муддатли ўқув дастурлари ва онлайн таълим имкониятлари фуқаронинг ушбу ҳуқуқини янада мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, эркин касб танлаш ҳуқуқи инсоннинг шахс сифатида ўзини намоён қилиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва моддий фаровонликка эришишида асосий омиллардан биридир. Ушбу ҳуқуқнинг таъминланиши демократик жамиятнинг бош мезонларидан бўлиб, унинг самарали амал қилиши давлатнинг ҳуқуқий тизими, адолатли меҳнат муносабатлари ва таълим тизимининг ривожланганлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Суд ходими сифатида ушбу ҳуқуқнинг бузилишига йўл қўймаслик, қонунийликни таъминлаш ва фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бизнинг муҳим вазифамиздир. Зеро, эркин касб танлаш ҳуқуқи таъминланган жамиятгина чин маънода адолатли, барқарор ва тараққий этган жамият бўла олади.
Инсоннинг ривожланиши, жамиятнинг тараққиёти ва давлатнинг барқарор келажаги, аввало, таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Таълим олиш ҳуқуқи – ҳар бир шахснинг туғилишидан бошлаб эга бўладиган ажралмас инсон ҳуқуқларидан бири бўлиб, у демократик жамиятнинг пойдеворларидан саналади. Эркин таълим олиш ҳуқуқи деганда шахснинг ўз қобилияти, қизиқиши ва эҳтиёжларига мос равишда таълим олиш, билим эгаллаш ва ўз интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш имконияти тушунилади. Ўзбекистон Республикасида ушбу ҳуқуқ Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, давлат таълимнинг очиқлиги, оммабоплиги ва узлюксизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар бир шахснинг таълим олиш ҳуқуқи аниқ белгиланган. Давлат фуқароларга бепул умумий таълим олишни кафолатлайди, таълим соҳасида ҳеч ким камситилмаслиги қатъий қайд этилади. Бу норма нафақат қонуний принцип, балки ҳар бир фуқаронинг интеллектуал ва маънавий ривожланишига берилган конституциявий имкониятдир. Таълим тўғрисидаги қонунлар, ҳукумат қарорлари, давлат дастурлари эркин таълим олиш ҳуқуқини амалда таъминлаш, таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда барча ёш тоифаларининг таълим олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Бунда таълимнинг узлюксизлиги, очиқлиги, қулайлиги ва сифатининг барқарор ошиб бориши муҳим рол ўйнайди.
Эркин таълим олиш ҳуқуқи фақат таълим олишнинг мавжудлиги эмас, балки таълимнинг тенг ва эркин шароитларда тақдим этилишини ҳам англатади. Таълим олишда камситишга йўл қўйилмаслиги – демократик жамиятнинг асосий талабидир. Ирқи, жинси, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, молиявий аҳволи ёки бошқа омиллар таълимга кириш имкониятига таъсир қилмаслиги керак. Барча болалар учун мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг очиқлиги, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган оилалар, етим болалар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кенгайиши таълим тизимининг адолатли ва тенг бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, қизлар таълими, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларга махсус шароитлар яратилиши ҳам эркин таълим олиш ҳуқуқининг амалий ифодасидир. Эркин таълим олиш деганда инсоннинг ҳар қандай ёшда таълим олиш имкониятига эга бўлиши тушунилади. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача, ундан кейинги малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимигача бўлган узлюксиз таълим – конституциявий тафаккур ва маънавий юксалишнинг асосидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим тизими “узлуксиз таълим” консепсияси асосида шакллантирилган бўлиб, ҳар бир босқич ўзаро чамбарчас боғланган. Бирор босқичда тўхтаб қолиш ёки таълимдан четда қолиш ҳолатлари бўлмаслиги учун давлат томонидан турли қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда: грантлар, стипендиялар, кредитлар, тўгараклар, бепул ўқув дастурлари ва махсус мактаблар шулар жумласидандир.
Олий таълим – шахснинг касбий шаклланиши, илмий ва ижодий ривожланиши учун муҳим босқичдир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълимга қабул квоталари кенгайиб, давлат грантлари сони ортиб бормоқда. Хусусий университетлар очилиши, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиши, халқаро тан олинган диплом берувчи дастурларнинг жорий этилиши таълим олишнинг эркинлигини сезиларли даражада кенгайтирди. Талабаларга илмий изланишлар олиб бориш, стартап лойиҳаларда қатнашиш, хорижий алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятлари яратилмоқда. Буларнинг барчаси таълимни эркин, рақобатбардош ва очиқ тизимга айлантиришга хизмат қилади.
Инсон капиталига сармоя киритиш – ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиёт стратегиясининг марказида туради. Эркин таълим олиш ҳуқуқининг тўлақонли таъминланиши жамиятда малакали кадрлар, юқори савияли мутахассислар, янгилик яратадиган ёшлар етишиб чиқишини таъминлайди. Бу эса иқтисодиётнинг барча соҳалари ривожида ҳал қилувчи омилдир. Таълимнинг эркинлиги ижтимоий адолатни кучайтиради, камбағалликни камайтиради, ёшлар бандлигини таъминлайди ва жамиятда тенг имкониятлар яратади. Таълимли шахснинг танқидий фикрлаши, мустақил қарор қабул қилиши, жамиятда фаол иштирок этиши давлатнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигига ҳам ижобий таъсир қилади.
ХХI асрда таълим олиш ҳуқуқининг янги йўналишлари вужудга келмоқда. Рақамли технологиялар, масофавий таълим платформалари, онлайн курслар ва электрон кутубхоналар таълимни янада эркин ва қулай қилди. Энди нафақат йирик шаҳарларда, балки чекка ҳудудлардаги фуқаролар ҳам сифатли таълимдан фойдаланиш имконига эга бўлмоқда. Рақамли таълимнинг ривожи, электрон дарсликлар, интерактив платформалар, сунъий интеллект асосидаги ўқитиш тизимлари эркин таълим олиш ҳуқуқини янги босқичга кўтариб, таълимнинг инновацион ва замонавий моделини яратмоқда.
Эркин таълим олиш ҳуқуқи – шахснинг ривожи, жамиятнинг келажаги ва давлатнинг тараққиёти учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган энг муҳим инсон ҳуқуқларидан биридир. Таълимнинг эркинлиги, тенглиги ва узлюксизлиги – билимли жамият, кучли кадрлар, юқори ҳуқуқий маданият ва рақобатбардош иқтисодиётнинг асосий кафолатидир. Ўзбекистон Республикасида ушбу ҳуқуқнинг қонуний ва амалий таъминоти бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эркин таълимнинг ҳақиқий мазмунини рўёбга чиқаришга қаратилган. Таълимга бўлган эҳтиёж – бу инсоннинг табиий эҳтиёжи. Уни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир фуқаро учун очиқ қилиш давлатнинг энг муҳим вазифаси, жамиятнинг эса умумий бурчидир.
Бухоро туманлараро маъмурий суди
Архив мудири С.Ғайбуллоев
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Бухоро вилоят маъмурий суди