РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ ЙЎЛИДАЯНА БИР МУҲИМ ҚАДАМ

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 21 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1003-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун рақамли иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва электрон ҳужжат айланмасини ривожлантириш йўлида янги ҳуқуқий механизмларни жорий этишга қаратилган.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши қуйидаги мақсадларга хизмат қилади:

  1. Рақамли далилларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш – электрон маълумотларни ишончли далил сифатида тан олиш ва уларни суд-ҳуқуқ амалиётида қўллаш;
  2. Электрон ҳужжат айланмаси тизимини такомиллаштириш – ҳужжатларни рақамли шаклда тайёрлаш, сақлаш ва узатиш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
  3. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш – рақамли далиллар билан ишлашда махфийлик ва хавфсизлик чораларини кучайтириш;
  4. Иқтисодий самарадорликни ошириш – электрон тижорат ва электрон хизматларнинг кенг жорий этилиши учун қонуний асос яратиш.
    Бундан ташқари, мазкур Қонун қабул қилиниши билан:
    -суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун янги имкониятлар яратилди, яъни суд-ҳуқуқ тизимида рақамли далилларни қонуний далил сифатида қабул қилиш қоидалари белгилаб берилди;
    -электрон ҳужжатларнинг юридик кучи мустаҳкамланди, яъни электрон ҳужжатлар қоғоз ҳужжатларга тенглаштирилиб, уларнинг қонуний мақоми кафолатланди;
    -рақамли хизматлар ривожлантирилди, яъни электрон ҳукумат тизимида хизматлар сифатини ошириш ва тезкорлигини таъминлашга оид ўзгаришлар киритилди;
    -рақамли далиллар билан ишлашнинг аниқ қоидалари белгиланди, яъни ахборот хавфсизлиги, электрон рақамли имзодан фойдаланишга оид қоидалар такомиллаштирилди.
    Хулоса қилиб айтганда, 2024 йил 21 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ-1003-сонли қонун Ўзбекистоннинг рақамли трансформация йўлидаги яна бир муҳим қадами ҳисобланади. Ушбу қонун рақамли далиллар билан ишлаш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш орқали давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Қонуннинг амалдаги татбиқи фуқаролар учун электрон хизматларни осонлаштириш, иқтисодий самарадорликни ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.

Б.Ибрагимов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси