СУДЛАР КОРРУПЦИЯГА МУТЛАҚО ҚАРШИ

Коррупцияга қарши курашиш, суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу маънода, Бухоро вилоят маъмурий суди томонидан мазкур йўналишда изчил ва самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва суд фаолиятига ишончни мустаҳкамлаш мақсадида вилоят телевиденияси орқали режа асосида “Менинг ҳуқуқим” кўрсатуви эфирга узатилиб келинмоқда. Ушбу кўрсатувларда маъмурий суд судьялари ва суд аппарати ходимлари томонидан фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.
Шунингдек, суд тизимида рақамли ислоҳотларнинг аҳамияти, “Рақамли суд” концепцияси ҳамда сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши масалаларига бағишланган мақолалар ва интервьюлар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Бу эса судлар фаолиятида инсон омилини камайтириш, шаффофликни ошириш ва коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Судларни халққа янада яқинлаштириш мақсадида Telegram мессенжери орқали онлайн эфирлар ва овозли чатлар ташкил этилган. Ушбу мулоқотлар орқали фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита судьялардан жавоб олиш имкониятига эга бўлаяпти.
Бундан ташқари, “Очиқ эшиклар куни”, “Судьянинг бир куни”, “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, улар орқали судьянинг ҳалоллик, масъулият ва коррупцияга нисбатан муросасиз позицияси кенг жамоатчиликка етказилмоқда.
Маъмурий ишлар юзасидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатлар доимий ўрганилиб, уларга тезкор расмий муносабат билдириб келинаётгани ҳам суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Шу билан бирга, судьялар ва суд аппарати ходимлари учун коррупциянинг олдини олишга қаратилган профилактик суҳбатлар, уларнинг ота-оналари билан учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ижро интизоми ва коррупцияга қарши вазифалар Раёсат йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиниб, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Бухоро вилояти маъмурий суди томонидан амалга оширилаётган ушбу тизимли ишлар суд тизимида коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муносабат шаклланганини, очиқлик ва адолат устувор тамойилга айланганини яққол намоён этмоқда. Бу эса фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Б.Ибрагимов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси






