СУД ТИЗИМИДА РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯ: “РАҚАМЛИ СУД” КОНЦЕПЦИЯСИ ВА ЯНГИ ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИ

2025 йил 21 август куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-140-сонли Фармони суд тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технология ларини кенг жорий этишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Мазкур фармоннинг асосий мақсади – одил судловга эришиш даражасини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратиш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини янги босқичга кўтаришдир.
Фармонга мувофиқ, Олий суднинг Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси негизида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти ташкил этилди. Ушбу департамент:
-суд жараёнларига замонавий АКТ ва сунъий интеллектни татбиқ этиш,
-“Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш,
-судлар ахборот тизимларини такомиллаштириш ва интеграция қилиш вазифаларини бажаради.
Бу орқали суд тизимининг барча бўғинларида ягона рақамли муҳит яратилиши ва фуқароларга хизмат кўрсатишнинг шаффофлиги таъминланиши кўзда тутилмоқда.
Фармонда белгиланган “Рақамли суд” концепцияси суд ишларини тубдан янгилашни назарда тутади. Хусусан:
-аризалар электрон шаклда тақдим этилади;
-суд муҳокамаларида иштирок этиш масофадан туриб амалга оширилади;
-суд ҳужжатлари автоматик равишда тайёрланади;
-суд мажлислари баённомалари сунъий интеллект ёрдамида реал вақт режимида матнга айлантирилади;
-ижро ҳужжатлари электрон шаклда юборилади.
2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўриб чиқишга ихтисослаштирилган “Рақамли суд” зали тажриба тариқасида ишга туширилади. Кейинчалик 2026–2027 йилларда концепция республика бўйлаб жорий этилади.
Фармон билан тасдиқланган дастур доирасида қатор инновацион лойиҳалар амалга оширилади, хусусан:
-2025 йил 1 декабрдан – ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади;
-2026 йил 1 январдан – “my.sud.uz” порталида сунъий интеллектга асосланган виртуал маслаҳатчи фаолият бошлайди;
-2026 йил 1 мартдан – суд ишлари ҳақида дастлабки маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади;
-2026 йил якунига қадар – янги электрон хизматлар ишга туширилиб, “Шахсий кабинет” платформаси такомиллаштирилади.
Хулоса қилиб айтганда, суд тизимини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш самарадорлиги сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Янги ташкил этилган Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти эса мазкур жараёнларни амалга оширишда марказий орган сифатида хизмат қилади.

А.Базаров
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

М.Тошева
Судья катта ёрдамчиси