КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: МИЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА
Коррупция — бу жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига жиддий тўсқинлик қиладиган глобал муаммо. Унинг олдини олиш учун турли мамлакатларда самарали чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳар бир давлатнинг тажрибаси ўзига хосдир. Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланиб, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари асосида янада такомиллашиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Бу қонун коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб, давлат органлари, хусусий сектор ва фуқаролар учун аниқ мажбуриятлар жорий қилган.
Давлат бошқарувида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш учун электрон ҳукумат тизими жорий қилинди. Ҳужжатларнинг рақамлаштирилиши орқали бюрократик тўсиқларни камайтиришга эришилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган бўлиб, у давлат бошқарувидаги коррупция ҳолатларини текшириш ва олдини олишга ихтисослашган.
Коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган тарғибот тадбирлари ва ўқув курслари орқали аҳолининг ҳуқуқий онги оширилмоқда.
Коррупцияга қарши курашишда хорижий тажриба ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумаладан:
-Сингапурда 1960 йилларда қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун барча давлат ходимлари ва мансабдор шахсларга қатъий жавобгарликни жорий қилган. Коррупцияга қарши тергов бюроси мустақил орган сифатида фаолият юритиб, ҳар қандай даражадаги коррупция ҳолатларини текширади.
-Швецияда давлат органлари иши тўлиқ ошкора бўлиб, ҳар бир фуқаро маълумотга осонгина кириш имконига эга. Бу қонунбузарликларнинг олдини олишда самарали усул ҳисобланади.
-Жанубий Кореяда коррупцияга қарши электрон ҳукумат тизимлари жорий қилинган. Барча давлат хизматлари рақамли платформа орқали амалга оширилади, бу эса инсон омилини минималлаштиришга ёрдам беради.
-Германияда мансабдор шахслар учун қатъий ҳуқуқий жавобгарлик белгиланган. Давлат ходимлари молиявий операциялари ва мулкка доир маълумотлари доимий равишда текшириб борилади.
-Грузияда давлат хизматларини минималлаштириш ва автоматлаштириш орқали коррупция сезиларли даражада камайтирилган. Фуқароларга хизмат кўрсатиш марказлари яратилиб, бюрократик тўсиқлар олиб ташланган.
Хулоса, қилиб айтганда коррупцияга қарши курашда миллий ва хорижий тажрибаларнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганиш ҳам самарали натижа беради. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда ривожланмоқда. Самарали қонунчилик, шаффофликни таъминлаш ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш коррупцияга қарши курашда асосий омил ҳисобланади. Қонун устуворлиги ва адолатли тизим орқали коррупция даражасини сезиларли даражада пасайтириш мумкин.
И.ХОЛОВ
Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси
М.МАНСУРОВ
Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси