Никох тузишга монелик киладиган холатлар, никохни ҳақиқий эмас деб топиш асослари ва тартиби тўғрисида
Маълумки, юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам тизимли равишда ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг бош мақсади эса, авваламбор, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда манфаатларини қонун йўли билан муҳофаза қилишга қаратилганлиги билан алоҳида диққатга сазовор ҳисобланади.
Оила Кодексининг 49-моддасида, никоҳ қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади, яъни ушбу Кодекснинг 14-16-моддаларида белгиланган шартлар бузилганда, сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда, никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади.Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади.Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Бундай никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахс, унинг она-отаси ёки ҳомийси, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор талаб қилишга ҳақлидир.Иш судда ҳал қилиниш пайтигача эр ёки хотин никоҳ ёшига етган бўлса, никоҳ фақат унинг талаби билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Эр-хотиндан бири никоҳ ёшига етмаганлиги туфайли никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш, агар эр-хотин (улардан бири) иш судда кўрилаётган пайтда никоҳ ёшига етмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқилади.
Мажбурлаб тузилган никоҳ жабрланувчи (унинг қонуний вакиллари) ёки прокурорнинг аризаси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.Сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса, бундай талаб хотин (эр) томонидан ҳам қўйилиши мумкин.
Суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ тузилган вақтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ эр-хотин учун ушбу Кодексда белгиланган шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтирмайди.Никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқий муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.
Никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши шундай никоҳдан туғилган ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган кундан кейин уч юз кун ичида туғилган болаларнинг ҳуқуқларига таъсир этмайди.
Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришда шундай никоҳ тузилиши билан ҳуқуқи бузилган эр (хотин)ни (инсофли эр (хотин)ни) ушбу Кодекснинг 118 ва 119-моддаларига мувофиқ хотин ёки эридан таъминот олиш ҳуқуқига эга деб топишга ҳақлидир, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш вақтига қадар биргаликда орттирилган мол-мулкни бўлишга нисбатан эса, ушбу Кодекснинг 23, 27 ва 28-моддаларида белгиланган қоидаларни татбиқ этишга, шунингдек никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий деб топишга ҳақлидир.
Инсофли эр (хотин) ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни фуқаролик қонун ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилишга ҳақли эканлиги қонунда белгилаб қўйилган.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси
Муллабаева Гўзал Мухтаровна