СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ: ИНСОННИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТИ
Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи – инсоннинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий кафолатдир. Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган. Судга мурожаат қилиш орқали фуқаролар қонунларга риоя этилишини таъминлайди ва ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Агар шахснинг ҳуқуқлари бузилса, у судга мурожаат қилиб, адолатни тиклашни талаб қилиш имкониятига эга. Фуқаролар ва ташкилотлар давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг қарорларидан норози бўлганда, судга шикоят қилиб, адолатли ечим топиши мумкин. Судга мурожаат қилиш фуқаро ёки ташкилот томонидан тегишли ариза, шикоят ёки даъво юбориш орқали амалга оширилади ва далиллар ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилади. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланади ва ҳеч қандай ҳолатда чекланиши мумкин эмас. Бироқ, мурожаат этишда қонун билан белгиланган тартиб ва муддатларга риоя қилиш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи адолатни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми ҳисобланади. Давлат эса бу ҳуқуқни амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб, суд тизимини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Судга мурожаат қилиш орқали фуқаролар адолатга ишончини сақлаб қоладилар ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшадилар.
Х.КУРБАНОВ
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
И.ХОЛОВ
Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси