Судьянинг дахлсизлиги – суд мустақиллигининг кафолати
Бугунги кунда суд тизими мустақиллигини таъминлаш ҳамда судьяларнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад шак шубҳасиз фуқароларни судья ва суд тизимига бўлган ишончини янада юксалтиришдан иборат.
Судьялар мустақиллигининг асосий кафолатларидан бири Конституциямизнинг 136-моддаси 2-бандида белгиланганидек, уларнинг дахлсизлиги ҳисобланади.
Судьяларнинг дахлсизлиги институти, авваламбор, судьяларнинг шахси дахлсиз эканлигини, ҳар қандай ҳолатда ҳам унга бўлган тажовузлардан сақланиш шароитларини ўзида ифодалайди.
Ҳуқуқшунос назариётчиларнинг фикрига кўра, судьянинг дахлсизлиги – бу суд тизимида коррупциясиз, ташқи таъсирлардан ҳоли ва энг асосийси адолатли муҳит яратилишининг кафолати ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам, агарда судья дахлсиз бўлмаса, унинг иш фаолияти ҳамда шахсий ҳаётига турли аралашувлар бўладиган бўлса, у ҳолда одил судловни амалга оширишнинг имкони бўлмайди.
Судьяларнинг дахлсизлиги масаласи Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим Кодекслари ҳамда соҳага тегишли бўлган бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларидаги нормалар билан кафолатланган.
Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 64-моддасида судьяларнинг дахлсизлиги масаласи ёритилган бўлиб, унга мувофиқ, судьянинг шахси дахлсиз бўлиб, судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир. Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Судья Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ҳамда Судьялар олий кенгашининг хулосаси олинмасдан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олиш фақат суднинг қарорига биноан ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
Судьяларнинг дахлсизлиги улар томонидан одил судловни амалга ошириш жараёнида ўзларига қонун билан берилган ҳуқуқларини амалга оширишларида ўзига хос чекланишларни олдини олишга, уларга ўз вазифаларини амалга оширишда ҳар қандай аралашувларга чек қўйишда муҳим ўрин тутади. Судьялар дахлсизлиги масаласи халқаро ҳуқуқ нормаларида, шу жумладан, “Суд органларининг асосий тамойиллари тўғрисида”ги Конвенцияда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, бу – судьялар дахлсизлиги масаласи бутун дунё юриспруденцияси ҳамжамиятида алоҳида эътибор бериб келинаётган масалалардан бири эканлигидан далолат беради.
Судьялар мустақиллиги ҳамда дахлсизлигини қонун нормалари билан мустаҳкамлаш ҳамда ушбу масалага нисбатан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон билан судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилиши кўзда тутилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда дахлсизлиги ҳар қандай қонун устувор бўлган ҳамда фуқароларнинг манфаатлари кўзланган давлатда одил судловга оғишмай риоя этилишини таъминлаш мақсадида давлат томонидан кафолатланиши ҳамда муҳофаза этилиши лозим. Шундагина халқнинг суд тизимига бўлган ишончи янада ортади ва жамиятда адолатли суд тизими шаклланади.
Бухоро туманлараро
маъмурий судининг судьяси Б.Т.Самиев
Бухоро туманлараро
маъмурий судининг судьяси И.И.Холов