СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: СУД ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Суд тизимида коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Бухоро шаҳридаги Бухоро юридик техникумида Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари иштирокида талаба ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда коррупцияга қарши курашишда ёшлар ўртасида муросасиз муносабатни шакллантириш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Бухоро вилоят маъмурий суди судьялари Г.Муллабаева, Б.Самиев, Х.Курбанов ҳамда судья катта ёрдамчиси Д.Абдуллаев, шунингдек Юридик техникум раҳбарияти, ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этдилар.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ–141-сонли Фармонларининг аҳамияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашув жараёнида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилиб, судьялар томонидан атрофлича ва ҳаётий мисоллар асосида жавоблар олдилар.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашиш фақат қонунлар билан эмас, балки ёшлар онгида адолат, ҳалоллик ва қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш орқали амалга оширилиши таъкидланди. Ёшлар мамлакат келажаги экани, уларнинг фаол фуқаролик позицияси адолатли ва шаффоф жамият барпо этишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилиб, бундай учрашувлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Бухоро вилоят маъмурий суди