СУД ТИЗИМИДА ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРНИ МАҚБУЛЛАШТИРИШ – ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚАДАМ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга дори қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор муҳим чоралар белгилаб берилган. Шунингдек, ҳужжатнинг VI бўлими иқтисодий судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратади.
Иқтисодий судларнинг мақбуллаштирилиши.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб иқтисодий судлар тизимида қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилади. Жумладан:
-туманлараро, туман ва шаҳар иқтисодий судлари тугатилади. Бу орқали судлар тизимини ортиқча бўғинлардан холи қилиш ва иш юритишни соддалаштириш кўзда тутилмоқда.
-фақат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилади. Шу тариқа иқтисодий суд ишлари марказлаштирилади ва мутахассис судьялар жамланади.
Янгиланишнинг аҳамияти.
Бу ўзгаришлар, аввало, ишларнинг сифатли ва тезкор кўриб чиқилишига хизмат қилади. Судлар сони камайиши уларнинг аҳамияти йўқолиши эмас, балки самарадорликни оширишга қаратилган чора ҳисобланади.
Адолатга тезкор эришиш имконияти яратилади. Суд ишлари юритишда сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш натижасида иш жараёнлари соддалашади.
Тизим тежамкор ва қулай бўлади. Суд бинолари, кадрлар ва молиявий ресурсларнинг мақбул тақсимланиши таъминланади.
Хулоса қилиб айтганда, Фармонда назарда тутилган иқтисодий судларни мақбуллаштириш ислоҳоти мамлакатимизда одил судловни таъминлаш, тадбиркорлар ва иқтисодий субъектлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишда янги босқич ҳисобланади. Судларнинг марказлашган ва рақамлаштирилган тарзда ишлаши нафақат ишларни адолатли кўриб чиқишга, балки фуқаролар ва бизнес учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.
О.Ражабов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
Ф.Умарова
Судья катта ёрдамчиси






