СУД ТИЗИМИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА “РАҚАМЛИ СУД” КОНЦЕПЦИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакат суд тизимини тубдан ислоҳ қилишда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Фармонда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар суд тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган. Жумладан, “Рақамли суд” концепцияси доирасида:
-суд ишларини тўлиқ электрон шаклда юритиш;
-мурожаатларни масофадан туриб юбориш ва кўриб чиқиш;
-суд жараёнларида иштирок этувчиларга электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш;
-суд харажатларини ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш;
-сунъий интеллект ёрдамида суд мажлислари баённомаларини реал вақт режимида тайёрлаш каби вазифалар белгиланган.
“Рақамли суд” концепциясининг амалга оширилиши суд жараёнларини шаффоф, тезкор ва самарали қилишга хизмат қилади. Хусусан, судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект орқали ишнинг тахминий натижаси ва сарфланадиган харажатлар ҳақида маълумот олиш имконияти яратилади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш билан бирга, ортиқча вақт ва ресурсларни тежайди.
Шу билан бирга, суд ҳужжатларини автоматик шакллантириш, электрон архив юритиш ва ҳуқуқий маълумотларни таҳлил қиладиган платформа ишга туширилиши назарда тутилган.
Фармонда 2025–2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. Янги биноларда замонавий суд мажлиси заллари ташкил этилиши, судьялар ва суд ходимлари учун қулай меҳнат ва ижтимоий шароитлар яратилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий судлар тузилмаси мақбуллаштирилиб, туман ва шаҳар иқтисодий судлари ўрнида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилиши белгиланди. Бу эса ягона суд амалиётини шакллантириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон билан белгиланган чора-тадбирлар суд тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, одил судловга эришиш даражасини янги босқичга кўтаришга, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай имкониятлар яратиш билан бирга, суд ишларини шаффоф ва самарали ташкил этишга, энг муҳими, одил судловнинг таъминланишига хизмат қилади.

Г.Муллабаева
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси