СУД ТИЗИМИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯНИ КУЧАЙТИРИШ ЙЎЛИДА ЯНГИ БОСҚИЧ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августдаги ПФ-140-сонли фармонида суд тизимини замонавий талаблар даражасига олиб чиқиш мақсадида бир қатор муҳим вазифалар белгиланди. Хусусан, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш йўналишида аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2025–2030-йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Янги ва таъмирланаётган биноларда “Рақамли суд” концепцияси талабларига мос суд мажлиси заллари барпо этилиб, фуқаролар ҳамда судьялар учун замонавий ва қулай иш шароити яратилади.
Фармонда нафақат моддий-техника базани янгилаш, балки судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Янги биноларда ишловчи судья ва ходимлар учун замонавий иш шароити, қулай инфратузилма ва хавфсиз муҳитни таъминлаш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган ушбу ислоҳотлар суд тизимини янада самарали ва замонавий қилишга хизмат қилади. Замонавий бинолар, барқарор молиялаштириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг кучайтирилиши адолатли судловни таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Л.Зарипов Бухоро вилоят маъмурий суди девонхона мудири