ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СУД ҲОКИМИЯТИ

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақил давлатнинг асосий тузилмалари қаторида муҳим ўрин тутади. Суд ҳокимияти адолатлиликни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистонда суд тизими демократия принциплари асосида шакллантирилиб, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда ислоҳ қилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, суд ҳокимияти мустақил бўлиб, унинг фаолиятига ҳеч қандай бошқа ҳокимият органлари ёки мансабдор шахслар аралаша олмайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумаладан:

-судьяларнинг фақат қонунга бўйсуниши таъминланди, уларнинг фаолиятига ташқи аралашув тақиқланди;

-судьяларни тайинлаш жараёни очиқлаштирилди ва юқори малака талаблари жорий этилди.

-судларда электрон ҳужжат алмашинуви ва онлайн мурожаат қилиш имкониятлари яратилди.

-одил судловдан фойдаланишни осонлаштириш ва адолатли судловни таъминлаш учун суд жараёнларини шаффоф қилиш чоралари кўрилди.

Суд ҳокимияти адолатлиликни таъминловчи асосий институт бўлиб, унинг самарали фаолияти жамиятда қонунга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Судлар орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинади, хусусий мулк дахлсизлиги таъминланади, жамиятда ижтимоий адолат ўрнатилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда суд ҳокимияти жамият ва давлат ўртасидаги мувозанатни таъминловчи муҳим механизм сифатида ривожланиб бормоқда. Янги ислоҳотлар судлар фаолиятини янада самарали қилишга қаратилган бўлиб, қонун устуворлиги ва адолат принципларини амалга оширишда муҳим қадамдир. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва фаолиятининг шаффофлиги мамлакатнинг демократик ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

И.Холов

Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси

А.Нарзуллаев

Бухоро туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси