Судьянинг одоб-ахлоқи – бугунги куннинг зарурий талаби. Судьянинг касбий фаолиятида одоб-ахлоқ принциплари.
Маьлумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судлов даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.
Жумладан, муҳтарам юртбошимизнинг 2016 йил 21 октябрда ПФ-4850 сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони билан қўйидагилар мустаҳкамланди:
– суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари аниқланганда зудлик билан зарур чоралар кўриш;
– жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқ муносабатда бўлиш ҳолларига йўл қўймаслик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича барча зарур чораларни кўриш;
– судлар фаолиятида очиқликни шаффофликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллаш;
– суд фаолиятини иш якунларининг комплекс таҳлили асосида режалаштириш ва ташкил этиш, бунда эътиборни аввало ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонун ҳужжатларни такомиллаштириш орқали тизимли қонунбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратиш;
Энг асосийси: ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва уларга чек қўйиш бўйича идоравий назоратни кучайтириш, одоб –ахлоқ қоидаларига оғишмай риоя қилишни таъминлаш;
Юксак ахлоқий-иродавий ва касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш масаласи қўйилган.
Одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мустаҳкамланди ва у асосида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди.
Ислоҳотлар натижаси ўлароқ, судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилди, Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва албатта бу даргоҳ судьяларнинг мустақиллиги конституциявий принципини таъминлашга хизмат қилмоқда. Кенгаш қошида Судьялар олий мактаби ташкил этилди.
Юқоридаги ислоҳотларнинг давомчиси, мустаҳкамловчиси сифатида судьялик лавозимларига ҳар томонлама муносиб, юксак маънавий-ахлоқий сифатларга эга шахсларгина фаолият юритишни таъминлаш ҳамда ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига қатъий риоя қилишни таъминлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси янги таҳрирда тасдиқланди.
Қадимдан судьялар(қозилар) халқ орасидаги юксак маънавиятли, обрўли инсонлар орасидан тайинланган. Сабаб низони ҳал қилаётган инсоннинг ўзи камчиликлардан ҳоли, муаммони бартараф этишда холис бўлиши талаб этилган. Бирор-бир гуруҳ ёки шахснинг манфаатларига боғланмаслиги лозим бўлган.
Судьялар одоб-ахлоқ кодексининг қабул қилиниши нафақат заҳирадаги номзоднинг судья бўлиб тайинлангунга қадар, балки судьялик фаолиятида одил судловни амалга ошираётган вақтда ёки судьяларнинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидаларини ўзида мустаҳкамлайди.
Кодекс мазмунига кўра, судьялар судьялик шаънини, судьялар одоб ахлоқи қоидаларини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тийишлари шарт.
Кодекс қоидаларига риоя этиш судьянинг қалб амри, ҳаётий қоидаси бўлиши шарт. Судья ваколатларини амалга оширишга киришганда юксак маънавий-ахлоқий савияга ва малакага эга бўлиши, у ўз фикрини ифода этишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги, бугунги куннинг энг долзарб мавзуси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда адолатлилик ва холислик принципларига риоя этиши кераклиги мустаҳкамланган.
Акс ҳолда, судья фикр эркинлиги ҳуқуқини суиистеъмол қилган ҳолда суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигига путур етказган ҳолларда уларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Бундан ташқари, судья ўзи учун ҳам, яқинлари учун ҳам, учинчи шахслар учун ҳам бирон-бир манфаатларни амалга ошириш учун, шахсий масалалари юзасидан турли органларга мурожаат қилишда ўз хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги керак.
Судья дўст танлашда ҳам, таниш орттиришда ҳам жуда эҳтиёткор бўлиши талаб этилади. У ўзининг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган алоқалардан ўзини тийиши лозим. Нафақат судьялик лавозимидагилар балки, барча шахсларга дўст-биродар танлашда, манфаатдорлик, доимий фойда кўриш учун эмас, яхши ёмон кунда доимий маслаҳатгўй сифатида танлаш талаб этилади.
Буни икки хил маънода асослаш мумкин:
Биринчидан, дўсти судьянинг фаолиятидан манфаатдор бўлса, албатта унинг мустақиллиги ва холислигига путур етказади.
Иккинчидан, халқимизда нақл бор “Дўстинг кимлигини айтсанг, сенинг кимлигингга баҳо бераман?” яъни, судьяга нисбатан унинг атрофидагиларга қараб жамоатчиликнинг фикри шаклланади.
Бундай қоиданинг кодексга киритилиши бежизга эмас, ҳаётда шундай шахслар учрайдики, дўст тутиниб юрган судьянинг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказишдан тап тортмайдиган, фирибгар, лаганбардор, маишатбоз, манфаатдорлик нуқтаи назаридан яқинлашган маънавий бузуқ шахслар ҳатти-ҳаракати туфайли ўз обрўсидан айрилган судьялар амалиётда мавжуд.
Судья фаолияти давомида ҳамкасблари ва қўл остидагидаги ходимларга нисбатан хушмуомала, вазмин бўлиши, вояга етмаган фарзандларини боқиши, ота-онасига ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши талаб этилади.
Хизматдан ташқари вақтда зўравонлик, шафқатсизлик, миллатчилик руҳидаги, бундан ташқари, сиёсий ва диний мазмунга эга митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.
Хулоса қилиб айтганда судьянинг одоб-ахлоқи, кодекс билан белгиланган чекловлар, намунали хулққа эгалиги унинг фаолиятини мустақил, холис, беғараз, манфаатлардан холис олиб боришини, қарорлари асосли, қонуний, адолатли чиқарилишини таъминлайди. Фуқароларнинг одил судловга нисбатан ишончлари ортишига олиб келади.
Алишер Бобомуродов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси
Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси