“Судлар тўғрисида”ги янги Қонунга асосан нималар ўзгарди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли ва “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 7 декабрдаги ПФ-6127-сонли Фармонлари ижроси давоми сифатида 2021 йил 28 июлда ЎРҚ-703-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди.
Янги Қонун 101 та моддадан иборат бўлиб (эски Қонун 85 та моддадан иборат эди), Қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги ҳамда “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди ҳамда суд тизими яхлит Қонун билан тартибга солинадиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланиши мустаҳкамланди (3-модда). Суднинг вазифаларига юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам киритилди.
Шунингдек янги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари, таркиби, Олий суди Пленуми, Пленумини чақириш тартиби, ваколатлари, Олий суди Раёсатининг таркиби, ваколатлари, Олий судининг судлов ҳайъатлари, Олий суди раиси ва Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари — судлов ҳайъатларининг раисларининг ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосарлари ваколатлари, Ҳарбий судлар тизими, таркиби, ваколатлари, Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар, Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тартиби, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари таркиби, ваколатлари, Раёсати ваколатлари, судлов ҳайъати, раиси, раисининг ўринбосари ваколатлари, туманлараро маъмурий суд таркиби, ваколатлари, раиси ва раиси ўринбосари ваколатлари тўлдирилган ҳолда белгилаб берилди.
Янги қонунда судьялар мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатлари ва судья лавозимига номзодлар ва сайланган шахсларга қўйилган талаблар халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилди. Туман ёки шаҳар судининг судяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига — 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига — 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланди.
Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги масаласида ҳам янги моддалар киритилиб, унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:
одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;
суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;
судьялик шаъни ва қадр-қимматига боғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;
Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлик учун.
Судяларнинг малака ҳайъати судяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўллаши мумкин:
огоҳлантириш;
ҳайфсан;
ўрача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима;
малака даражасини бир поғонага пасайтириш;
ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.
Янги қонун билан киритилган 12-боб судянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ва тартибини назарда тутади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки ушбу янги Қонун халқаро стандартлар асосида қабул қилинган бўлиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судловнинг судьялар томонидан фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширилишини, суд мажлисларининг ошкора ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш, фуқаролар, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Жалолиддин Ҳусенов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси