Божхона маъмуриятчилигида автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этиш
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котибининг фикрига кўра, қайси давлат конвенция афзалликларини ҳис этган ҳолда уни эртароқ ратификация қилса, ушбу давлат божхона процедураларини соддалаштириш ва унификациялашдан шунча кўп фойда олади.
Шундан келиб чиқиб, конвенция стандартларига мувофиқ, республикамизда ҳам рақамли божхона тизимини жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштиришга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
5 июндаги ПФ-6005-сонли фармони билан божхона хизматига божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ҳамда самарадорлигини ошириш, “қоғозсиз ва электрон божхона”нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган “рақамли божхона”ни шакллантириш йўналишлари белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сонли фармони билан “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси ва уни амалга ошириш, шу жумладан божхона соҳасига оид 7 та автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
“Рақамли божхона” тамойили доирасида божхона органларидаги ахборот тизимлари 63 тага ва кўрсатилаётган интерактив хизматлар
30 тага етказилди.
2020 йил 1 январдан ишга туширилган “Ягона дарча” божхона ахборот тизими 6 та органнинг 17 та сертификат ва рухсатнома ҳужжатларини олиш учун онлайн электрон мурожаат этиш ва ҳужжатларни рақамли форматда олиш имконини бермоқда. Жорий йилда эса яна 2 та назорат қилувчи идоралар тизимга интеграция қилинади ва умумий ҳисобда 39 турдаги рухсатнома ҳужжатларини олиш мумкин бўлади.
Рақамларга кўра, тизим жорий қилинганидан буён ҳозирга қадар унда 34,4 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган ва ваколатли давлат органлари томонидан 700 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилган. Бу эса табиийки тадбиркорларнинг вақти, харажатлари ва тонналаб қоғознинг тежалишига хизмат қилмоқда.
Бироқ, бугунги кунда республикамиз чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси чегара (3-10 дақиқа), ветеринария (3-10), карантин (3-10), санитария (3-10) ҳамда божхона (15-20) хизматларида рўйхатга олиниб, ҳар бир назорат органи бир-бирини такрорловчи вазифаларни бажармоқда. Бу эса расмийлаштирув вақтининг ошишига ҳамда тирбандликларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, республикамиз чегараларидаги ҳар бир назорат идораси транспорт воситаларини хизмат китобига рўйхатга олади, экспортёр мамлакатда берилган рухсатноманинг мавжудлигини текширади ва ундирилиши лозим бўлган йиғимлар учун ҳисоб варағи ёзиб беради. Банк кассасининг йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи тўлов варақаси асосида юк кузатув ҳужжатларига расмийлаштирув якунланганлиги тўғрисида белги қўйилади.
Товарлар экспортида автомобиль юкхонасини тамғалаш, юк-кузатув ҳужжатларига муҳр босиш ҳамда юкни етказиш назорат ҳужжатини расмий лаштириш ишлари ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига борган ҳолда амалга оширилмоқда.
Бу экспортер корхоналар учун ортиқча молиявий харажат ва вақт сарфига олиб келмоқда.
Бу каби ҳолатлар Киото конвенцияси стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар доирасини кенгайтириш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва ушбу йўналишдаги қонунчилик нормаларини янада такомиллаштиришни ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш орқали унинг ижобий жиҳатларини амалиётга татбиқ этишни тақазо этмоқда.
Салохитдин Турсунов, Бухоро вилоят маъмурий судининг раиси