Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқлари устувор
Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш, чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш муҳим омил сифатида қайд этилган. Барчамизга маълумки, Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумини – 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказиш белгиланди.
“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланган бош қомус лойиҳасидаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпайиб, унинг матни 65 фоизга янгиланган. Ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланмоқда.
Айбсизлик презумциясини амалиётда қўллаш ислоҳ этилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида, шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.
Дарҳақиқат, Конституциядаги нормаларга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, унда инсон манфаатлари давлат манфаатларидан устун қўйилганлигини кўришимиз мумкин бўлади. Масалан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукутсақлаш” ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда. Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкин.
Шу билан биргаликда, Бош қомусимизнинг 28-моддасида, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар ҳаёти устувор эканлигига яққол ишора ҳисобланади.
Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, янгиланаётган Конституцияга кўра давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Конституцияда илк маротаба ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги бунда ер қонунида назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулкчиликка йўл қўйилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мулк ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш таъминланишини белгиловчи, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Мазкур янгилик ва ўзгартиришлар мамлакатимизда инсон қадри суд орқали ҳимоя қилиш Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши эканлигини кўрсатиб беради.
Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси