Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар – бу инсон ҳуқуқларининг бир тури бўлиб, у бизга муносиб ҳаёт кечириш, жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун зарур шарт-шароитларни кафолатлайди, бунда ҳар бир киши фаровонликка эришиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳамда бахтли бўлиши ва ўз ҳаётидан рози бўлишини таъминлаш назарда тутилади.

Шу маънода иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар инсоннинг асосий эҳтиёжларини ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлайди.

Иқтисодий ҳуқуқларга меҳнат ҳуқуқи, мажбурий меҳнатдан озод бўлиш ҳуқуқи, адолатли иш ҳақи олиш ҳуқуқи, хавфсиз иш муҳити, касаба уюшмаларини ташкил этиш ва бирлаштириш ва бошқалар киради.

Ижтимоий ҳуқуқлар соғлиқни сақлаш ҳуқуқи, уй-жой ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи ва бошқаларни ўз ичига олади.

Маданий ҳуқуқларга маданият ва урф-одатларни ҳимоя қилиш ҳуқуқи, жамиятнинг маданий ҳаётда иштирок этиш, шунингдек, илмий ютуқлардан фойдаланиш ва ундан фойда олиш ҳуқуқи киради.

Сўнгги пайтларда соғлом атроф муҳитга бўлган ҳуқуқ ҳам ушбу ҳуқуқлар доирасига киритилмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ҳам мазкур ҳуқуқлар иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар сифатида баён этилган. Жумладан, Конституциянинг 49-моддасида хар ким қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат эса атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора тадбирларни амалга ошириши белгиланган.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар иккинчи авлод ҳуқуқлари ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқлар турли халқаро ва минтақавий ҳужжатлар, шунингдек давлатларнинг конституциялари билан ҳимояланган. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ушбу ҳуқуқларни халқаро даражада кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси мазкур Халқаро пактга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 126-I-сонли “1966 йил 16 декабрдаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга қўшилиш ҳақида”ги қарорига асосан қўшилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг IX боби билан ушбу ҳуқуқлар миллий даражада муҳофаза қилинган.

Холов Ихтиёр Измуротович,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Нарзуллаев Абдулло Элмурод ўғли,

Бухоро туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси