Конституция: Давлатнинг асосий Қонуни

Конституция ҳар бир давлатнинг асосий қонуни бўлиб, у мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни белгилайди. У давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, унинг функциялари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда давлатнинг асосий принципларини аниқлаб беради.
Конституция – бу қонун устуворлигининг асоси. У қонунчилик тизимида бош қомус сифатида хизмат қилади. Бошқа барча қонунлар Конституцияга мувофиқ бўлиши шарт. Агар қонун ёки қонуности ҳужжати Конституцияга зид бўлса, уни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
Конституция давлат бошқарувининг шаклини белгилайди. Шунингдек, марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини тақсимлайди.
Шунингдек, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари белгилаб қўйилади.
Бундан ташқари, Конституция демократик принциплар – сайлов ҳуқуқи, эркинлик, тенглик ва қонун устуворлигини таъминлаш учун қоидаларни ўрнатади, ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлаш учун умумий қоидаларни белгилайди, турли гуруҳлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартишлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янада жадаллаштиришга қаратилган. Янги нормалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кенгайтиришни назарда тутади.
Конституция ҳар бир фуқаро учун муҳим ҳужжатдир. У нафақат давлат бошқарувининг ҳуқуқий асосини белгилайди, балки ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Шу боис, Конституцияни ўқиб-ўрганиш ва уни ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция – бу фақат қонунлар тўплами эмас, балки жамиятнинг умумий қоидалари ва асосий қадриятларини ўзида мужассам этган муҳим ҳужжатдир. У жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашда муҳим ўрин тутади.

Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси И.Холов