Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари
2024 йил 13 декабрь куни Шофиркон тумани, 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби биносида Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилган.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари тўғрисида маъруза қилди.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева ва Бухоро вилоят маъмурий судининг судья катта ёрдамчилари Д.Абдуллаев ва А.Қодировлар, Шофиркон тумани, 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Н.Очилова ва маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари У.Хожиев ҳамда мактабнинг психологи М.Жабборовалар, шунингдек, Шофиркон тумани, 2-сонли умумий ўрта таълим мактабининг
11-сниф ўқувчилари иштирок этдилар.
Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева кун тартибидаги масала бўйича қуйидагича маъруза қилди:
Ассалому алейкум ҳурматли ўқитувчи ва ўқувчилар! Бугунги кунда демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда кафолатлашдир. Инсон ҳуқуқлари ҳар бир шахснинг табиий ва ажралмас ҳуқуқлари бўлиб, унинг қадр-қиммати ва эркинлиги, озод яшаш ҳамда ўз тақдирини белгилаш ҳуқуқини таъминлайди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тушунчаси
Инсон ҳуқуқлари – бу ҳар бир инсоннинг тенг ҳуқуққа эга эканлигини белгилайдиган меъёрлардир. Уларда инсоннинг ҳаёт кечириш, эркинлик, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва мулкка эгалик қилиш каби асосий ҳуқуқлари акс этади.
Инсон эркинликлари эса шахснинг хоҳиш-иродасига асосланган фаолият юритиш имкониятини англатади. Бу ҳуқуқ ва эркинликлар инсоннинг шахсий ҳаётидан тортиб, жамиятдаги фаолиятигача қамраб олади.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳуқуқий асослари
Инсон ҳуқуқлари халқаро ва миллий қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу асосий ҳужжатлардан баъзиларини кўриб чиқамиз:
1. БМТ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси
-бу ҳужжат 1948 йилда қабул қилинган бўлиб, инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон стандартларини белгилайди. Унда инсонларнинг яшаш, эркин фикр билдириш, таълим олиш ва тенг ҳуқуққа эгалиги эътироф этилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
-Конституциянинг 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади», деб белгиланган. Бу қоида мамлакатда инсон ҳуқуқлари кафолатланганлигини англатади.
3. Миллий қонунчилик ва халқаро шартномалар
-Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонунлар тизими мавжуд. Шунингдек, мамлакат инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга қўшилган ва уларнинг қоидаларини амалда қўллаб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари
Инсон ҳуқуқларининг таъминланиши давлат ва жамиятнинг барқарорлигини белгилайди. Бунинг учун қуйидаги кафолатлар муҳим аҳамиятга эга:
1. Ҳуқуқий кафолатлар
Қонун инсоннинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда уни ҳимоя қилиш механизмини яратади. Суд, прокуратура ва адвокатура каби тизимлар бу борада асосий роль ўйнайди.
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш,давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг,улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, харакатлари ва харакатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.(Конституцияни Х-боби,54-58 моддалар)
2. Ижтимоий кафолатлар
Давлат ҳар бир инсоннинг таълим олиши, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминланиш каби ҳуқуқларини таъминлайдиган ижтимоий дастурларни амалга оширади.
3. Халқаро кафолатлар
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Бундан ташқари, инсонинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг еттинчи бобида тўлиқ қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Унга кўра, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади. Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир.
Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас. Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади. Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши, ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш, ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.
Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш, ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.
Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлайди. Демократик жамият барпо этиш йўлидаги асосий вазифа инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг кафолатларини мустаҳкамлашдан иборатдир. Ўзбекистонда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар билан ўз вақтида хабардор бўлиш, шунингдек олиб борилаётган ушбу ислоҳотларда дахлдорлик ҳиссини туйиш мақсадида барча фуқароларга ушбу юқорида номи келтирилган адабиётларга фаол обуна бўлиш тавсия этилади.