ФУҚАРОЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ЯНГИ ДАВР: МАЪМУРИЙ СУДЛАРНИНГ РОЛИ ВА ЗАМОНАВИЙ МЕХАНИЗМЛАР

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг асосий вазифаларидан бири бу – фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу мақсадга эришишда суд-ҳуқуқ тизимининг мустақиллиги ва самарадорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда охирги йилларда суд ислоҳотлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-33-сонли қарори айнан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу ҳужжат орқали маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириш, низоларни ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш ва одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, қарорда давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқиш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ва маъмурий судларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Қарорда таъкидланганидек, сўнгги йилларда маъмурий судлар томонидан кўрилган ишлар орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилиб келинган бўлиб, маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган жами 120 мингга яқин ариза ва шикоятларнинг 57 фоизи қаноатлантирилганлиги фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилганлигидан далолат беради.
Қабул қилинган мазкур қарорда, маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. жумладан, улар қуйидагилардир:
-давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ва самарали ҳимоя этилишини устувор равишда таъминлаш;
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда суднинг фаол иштироки принципини қўллаш механизмларини кенгайтириш;
-давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш;
-маъмурий суд ишларини юритишда низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;
-фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш орқали аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини янада ошириш;
-давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини тўлиқ жорий этиш;
-маъмурий юстиция тизими ривожланган давлатлар тажрибаси асосида маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштириб бориш.
Бундан ташқари, қарорга кўра, давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили суд мажлисида мажбурий иштирок этиши ҳамда маъмурий суд ишларини тезкор ва сифатли кўриб чиқиш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилиши назарда тутилган.
Давлат органи вакилларининг суд мажлисларида мажбурий иштироки бу давлат идораларининг ўз қарорлари ва ҳаракатлари учун жавобгарлигини оширишга хизмат қилади. Бугунги кунга қадар айрим ҳолларда давлат органлари мансабдор шахслари суд мажлисларида иштирок этмаслиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда айрим қийинчиликларга дуч келаётган эди. Эндиликда эса мазкур талаб давлат органлари мансабдор шахслари ёки уларнинг вакиллари судга тушунтириш бериш мажбуриятини олишга, фуқаролар ва тадбиркорлар билан давлат идоралари ўртасидаги низоларни холис ва адолатли ҳал этишга ва суд қарорларини бажариш устидан кучли назорат ўрнатишга хизмат қилади.
Қолаверса, агар мансабдор шахс ёки унинг вакили суд муҳокамасига келмаса ва бу ҳеч қандай узрли сабаб билан асосланмаса, суд томонидан унга нисбатан жарима чоралари қўлланилиши ҳам назарда тутилган.
Қарорда, шунингдек, дастлабки эшитув институти жорий этилиши белгиланганлиги маъмурий судда иш юритишнинг янги механизми бўлиб, бу принцип ишларнинг тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга қаратилган. Яъни дастлабки эшитув институтининг жорий қилиниши аризачи ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштириш, далилларни такдим этиш ва расмийлаштириш тартибини соддалаштириш ҳамда суд муҳокамасини тезлаштириш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш орқали маъмурий суд ишларини сифатли ва самарали кўриб чиқиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг одил судловга эришиш имкониятини янада оширади.
Бундан ташқари, қарорда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини тиклашда судларнинг фаол иштирок этиши принципи кенгайтирилиши таъкидланган.
Ушбу принципга мувофиқ, маъмурий судлар низоларни кўриб чиқишда фақат даъвогар ва жавобгарнинг келтирган далиллари билан чекланиб қолмай, ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар тўплаш ва таҳлил қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, суд тизимига замонавий ва халқаро тажрибага асосланган механизмлар жорий этилиб, фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий ҳимоянинг самарадорлигини оширишга ва мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
А.Ахмедов Бухоро вилоят маъмурий суди раиси