ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ: АДОЛАТ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР МАЙДОНИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон мамлакатимиз суд тизими тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Фармонда белгиланган асосий мақсад — суд-ҳуқуқ соҳаси учун замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга, холис ва адолатли қарор қабул қила оладиган малакали кадрлар корпусини шакллантиришдан иборат.
Фармонга мувофиқ, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди. Академия судьялар ва суд аппарати ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Академияда ўқув жараёни “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойили асосида ташкил этилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги, шунингдек, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • судьялик лавозимларига номзодлар учун олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курслари жорий этилади;
  • тингловчиларга стипендия тўланади ҳамда уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш учун “виртуал суд” машғулотлари йўлга қўйилади;
  • қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тугатган шахслар судьяликка танловларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
    Шунингдек, судьялар малакасини ошириш ва раҳбар кадрларни қайта тайёрлашнинг аниқ графиги жорий қилинади. Бу эса тизимда кадрлар сифати ва масъулиятини оширишга хизмат қилади.
    Бундан ташқари, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Академияда “Суд фаолияти” йўналишида амалий магистратура дастури йўлга қўйилади. Бир йиллик ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар давлат намунасидаги дипломга эга бўладилар.
    Хулоса ўрнида шуни айтиш жойизки, янги Академия нафақат юксак малакали судьялар корпусини шакллантириш, балки мамлакатимизда одил судловнинг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Г.Муллабаева
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси