СУД СОҲАСИ РАҚАМЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА: 2025–2027 ЙИЛЛАР РЕЖАЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга дори қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича 2025–2027 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланди.
Янгиликлар нималардан иборат?

  • 2025 йил 1 декабрдан – фуқаролар, адвокатлар, юристлар ва судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади;
  • 2025 йил якунига қадар – суд ҳужжатларини автоматик тайёрлашга мўлжалланган махсус дастур яратилади;
  • 2026 йил 1 январдан – “my.sud.uz” порталининг янги модули ишга туширилиб, сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчи фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади ва мурожаатларга жавоб қайтаради.
  • 2026 йил 1 мартдан – фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳуқуқбузарлик ишларига оид дастлабки суд маълумотларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади.
  • 2026 йил якунига қадар – 5 та янги интерактив хизмат ишга туширилиб, суд ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг янгиланган, янада қулай версияси фойдаланувчилар ихтиёрига топширилади.
    Нега бу муҳим? Бу ислоҳотлар:
    -фуқаролар учун судга мурожаат қилиш жараёнини енгиллаштиради;
    -ҳуқуқий маълумотларга онлайн кириш имкониятини яратади;
    -суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширади;
    -замонавий технологиялар асосида одил судловга эришишни тезлаштиради.
    Хулоса қилиб айтганда, суд соҳасини рақамлаштириш бўйича 2025–2027 йилларга белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимизда одил судловга эришишни янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Янги платформалар, виртуал маслаҳатчи ва интерактив хизматлар фуқароларга ҳуқуқий маълумот ва ёрдамга осон, тез ва шаффоф тарзда эришиш имкониятини яратади. Бу эса суд тизимида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.

Б.Ибрагимов
Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси

Д.Абдуллаев
Судья катта ёрдамчиси