Davlat ramzlari – xalqning sha’ni, g‘ururi va suverenitetining timsoli

Ҳар бир мустақил давлатнинг ўзига хос рамзлари бўлади. Бу рамзлар нафақат давлатнинг ташқи кўринишдаги белгиси, балки унинг тарихий тажрибаси, миллий руҳияти, маънавий қадриятлари ва дунёқарашининг мужассам ифодасидир. Давлат рамзлари орқали халқнинг ўзлигини англаш, бирликка интилиш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш жараёни янада кучаяди. Ўзбекистон мисолида ҳам давлат рамзлари юксак ҳурмат, эҳтиром ҳамда фахр билан қабул қилинади. Чунки улар ўзбек халқининг минг йиллик тарихини, мустақиллик учун олиб борилган курашларини ва бугунги кунга келиб қўлга киритилган улкан ютуқларини ёрқин акс эттиради.

Давлат герби ҳақида тўхталар эканмиз давлат герби ўзида давлатимизнинг тарихий ва табиий бойликларимизни акс эттирилганини гувоҳи бўламиз. Давлат герби – тарих ва табиат уйғунлиги десак ҳам янглишмаган бўламиз. Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби мамлакат рамзлари орасида алоҳида ўрин тутади. Гербнинг марказида қанотларини кенг ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Ҳумо халқимиз тасаввурида эзгулик, бахт, эркинлик ва фаровонлик тимсоли сифатида қадимдан эъзозлаб келинган. Унинг қанотлари халқнинг эркинликка интилиши, мустақил фикр юритиши ва мустаҳкам тинчлик истагини ифодалайди. Герб атрофига ғалла бошоқлари ва пахта новдалари ўралиб туради. Ғалла – серҳосиллик, тўкинчилик ва меҳнаткаш халқнинг роҳат-фаровонлигини англатади. Пахта эса Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, халқнинг меҳнатсеварлигини ифодалайдиган рамз ҳисобланади. Герб тепасида эса саккиз қиррали юлдуз жойлашган бўлиб, унинг марказида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Бу белгилар халқнинг тарихий илдизлари, диний ва маданий анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Шунингдек, герб юзидада тасвирланган Ўзбекистон харитаси ҳам мамлакатнинг бутунлигини, ҳудудий яхлитлигини ва суверенитетини англатади. Қуёш нури эса доимо тараққиёт, янгиланиш ва ёруғ келажак сари интилиш рамзи сифатида талқин этилади. Шу тариқа, герб ўзида табиат, меҳнат, тарих, маънавият ва мустақиллик ғояларини уйғун ҳолда мужассам этган.

Давлат байроғи – тинчлик, эркинлик ва умид рамзи ҳисобланади. Давлат байроғи – юртда яшовчи ҳар бир фуқаро учун энг муқаддас тимсоллардан бири. Ўзбекистон байроғи уч рангдан иборат: мовий, оқ ва яшил чизиқлар. Мовий ранг – осмон мусаффолиги ва ҳаёт манбаи бўлган сув билан боғлиқ. У туркий халқларга хос ранг сифатида миллий ўзликни ифодалайди. Оқ ранг – тинчликнинг, покликнинг, адолатнинг ва ҳалолликнинг тимсоли. Яшил эса табиат, янгиланиш, навқиронлик ва ишончни ифодалайди.

Байроқнинг чап юқори қисмида жойлашган 12 та юлдуз ва ярим ой эса ўзига хос маъно касб этади. Ярим ой кўп асрлик тарихимизда эзгулик ва янгиланиш тимсоли бўлиб келган. Ўн икки юлдуз эса мукаммаллик, юксаклик ва абадийлик ғояларини англатади. Шу билан бирга, у халқимизнинг қадимги тақвим анъаналарига ҳам уйғун келади. Байроқ ранглари ўртасидаги қизил чизиқлар эса куч, ҳаётийлик ва барча рангларни бир-бирига боғлаб турувчи бирликни ифодалайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон байроғи халқаро майдонларда, дунёнинг кўплаб ташкилотлари ва мусобақаларида қад ростлаб турибди. Спортчиларимиз ғалаба қозонганида, байроғимиз баланд кўтарилиши халқимизга ғурур бағишлайди. Шу боис байроқ фақат матодан иборат белги эмас, балки халқнинг фахри ва ор-номуси ҳисобланади.

Давлат мадҳияси – халқнинг руҳий қудратидир. Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси ватанни мадҳ этувчи, унинг тарихини, бойлигини, келажакка ишончини тараннум этувчи юксак маънавий куйдир. Мадҳиянинг матни Абдулла Орипов қаламига мансуб бўлиб, мусиқаси Мутал Бурҳонов томонидан яратилган. Унинг ҳар бир мисраси халқнинг юрагини жунбушга келтиради, Ватанга муҳаббат, садоқат, жасорат ва бирлик туйғуларини кучайтиради. Мадҳияда Ўзбекистоннинг гўзал табиатига, меҳнаткаш халқига, буюк тарихига ва миллий қадриятларига юксак баҳо берилади. Айниқса, “Ўзбекистон — ватаним маним!” деган сатрлари ҳар бир фуқаро қалбида ғурур уйғотади. Мадҳиянинг янграши расмий тадбирлар, халқаро учрашувлар ва муҳим маросимларнинг ажралмас қисми бўлиб, давлат суверенитетининг асосий рамзларидан бири сифатида ҳурмат билан эъзозланади.

Мустақил бўлган маамлакат учун Давлат рамзларининг аҳамияти жуда муҳим ўрин тутади. Давлат рамзлари фақат расмий ҳужжатлар ёки биноларда акс этадиган белгилар эмас. Улар халқнинг маънавий қудрати, миллий ўзлиги, мустақилликка бўлган ишончи ва садоқатининг ифодаси сифатида катта аҳамиятга эга. Рамзларни ҳурмат қилиш — Ватанни ҳурмат қилиш демакдир. Шу боис давлат рамзларидан фойдаланиш, уларни асраш ва уларга муносиб муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Мактабларда, олий ўқув юртларида ва жамоат жойларида давлат рамзларини ўрганиш, уларнинг маъноси ва тарихини ёшларга тушунтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки рамзлар орқали ёш авлодда ватанпарварлик, бирдамлик ва масъулият туйғулари шаклланади. Рамзлар халқни бирлаштиради, келажакка ишонч бағишлайди ва ҳар бир кишига ўз юртининг бир бўлаги эканини эслатади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат рамзлари – ҳар бир миллатнинг тарихий хотираси, ўзига хослиги ва суверенитетининг энг муҳим белгиларидир. Ўзбекистоннинг герби, байроғи ва мадҳияси халқнинг буюк маънавий меросини, мустақиллик учун кураш йўлини, келажакка бўлган ишончини ўзида мужассам этади. Уларни ҳурмат қилиш, қадрлаш ва асраш ҳар биримизнинг ватан олдидаги бурчимиздир. Чунки давлат рамзлари – халқнинг шаъни, ғурури ва ор-номуси демакдир.

Бухоро туманлараро маъмурий суди

Архив мудири                                                                   С.Ғайбуллоев