Эркин таълим олиш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг асосий конституциявий ҳуқуқи

Инсоннинг ривожланиши, жамиятнинг тараққиёти ва давлатнинг барқарор келажаги, аввало, таълим тизимининг сифатига боғлиқ. Таълим олиш ҳуқуқи – ҳар бир шахснинг туғилишидан бошлаб эга бўладиган ажралмас инсон ҳуқуқларидан бири бўлиб, у демократик жамиятнинг пойдеворларидан саналади. Эркин таълим олиш ҳуқуқи деганда шахснинг ўз қобилияти, қизиқиши ва эҳтиёжларига мос равишда таълим олиш, билим эгаллаш ва ўз интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш имконияти тушунилади. Ўзбекистон Республикасида ушбу ҳуқуқ Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, давлат таълимнинг очиқлиги, оммабоплиги ва узлюксизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳар бир шахснинг таълим олиш ҳуқуқи аниқ белгиланган. Давлат фуқароларга бепул умумий таълим олишни кафолатлайди, таълим соҳасида ҳеч ким камситилмаслиги қатъий қайд этилади. Бу норма нафақат қонуний принцип, балки ҳар бир фуқаронинг интеллектуал ва маънавий ривожланишига берилган конституциявий имкониятдир. Таълим тўғрисидаги қонунлар, ҳукумат қарорлари, давлат дастурлари эркин таълим олиш ҳуқуқини амалда таъминлаш, таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда барча ёш тоифаларининг таълим олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган. Бунда таълимнинг узлюксизлиги, очиқлиги, қулайлиги ва сифатининг барқарор ошиб бориши муҳим рол ўйнайди.

Эркин таълим олиш ҳуқуқи фақат таълим олишнинг мавжудлиги эмас, балки таълимнинг тенг ва эркин шароитларда тақдим этилишини ҳам англатади. Таълим олишда камситишга йўл қўйилмаслиги – демократик жамиятнинг асосий талабидир. Ирқи, жинси, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, молиявий аҳволи ёки бошқа омиллар таълимга кириш имкониятига таъсир қилмаслиги керак. Барча болалар учун мактабгача ва умумий ўрта таълимнинг очиқлиги, имконияти чекланган болалар, кам таъминланган оилалар, етим болалар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг кенгайиши таълим тизимининг адолатли ва тенг бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, қизлар таълими, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларга махсус шароитлар яратилиши ҳам эркин таълим олиш ҳуқуқининг амалий ифодасидир. Эркин таълим олиш деганда инсоннинг ҳар қандай ёшда таълим олиш имкониятига эга бўлиши тушунилади. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача, ундан кейинги малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимигача бўлган узлюксиз таълим – конституциявий тафаккур ва маънавий юксалишнинг асосидир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда таълим тизими “узлуксиз таълим” консепсияси асосида шакллантирилган бўлиб, ҳар бир босқич ўзаро чамбарчас боғланган. Бирор босқичда тўхтаб қолиш ёки таълимдан четда қолиш ҳолатлари бўлмаслиги учун давлат томонидан турли қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда: грантлар, стипендиялар, кредитлар, тўгараклар, бепул ўқув дастурлари ва махсус мактаблар шулар жумласидандир.

Олий таълим – шахснинг касбий шаклланиши, илмий ва ижодий ривожланиши учун муҳим босқичдир. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълимга қабул квоталари кенгайиб, давлат грантлари сони ортиб бормоқда. Хусусий университетлар очилиши, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиши, халқаро тан олинган диплом берувчи дастурларнинг жорий этилиши таълим олишнинг эркинлигини сезиларли даражада кенгайтирди. Талабаларга илмий изланишлар олиб бориш, стартап лойиҳаларда қатнашиш, хорижий алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятлари яратилмоқда. Буларнинг барчаси таълимни эркин, рақобатбардош ва очиқ тизимга айлантиришга хизмат қилади.

Инсон капиталига сармоя киритиш – ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиёт стратегиясининг марказида туради. Эркин таълим олиш ҳуқуқининг тўлақонли таъминланиши жамиятда малакали кадрлар, юқори савияли мутахассислар, янгилик яратадиган ёшлар етишиб чиқишини таъминлайди. Бу эса иқтисодиётнинг барча соҳалари ривожида ҳал қилувчи омилдир. Таълимнинг эркинлиги ижтимоий адолатни кучайтиради, камбағалликни камайтиради, ёшлар бандлигини таъминлайди ва жамиятда тенг имкониятлар яратади. Таълимли шахснинг танқидий фикрлаши, мустақил қарор қабул қилиши, жамиятда фаол иштирок этиши давлатнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигига ҳам ижобий таъсир қилади.

ХХI асрда таълим олиш ҳуқуқининг янги йўналишлари вужудга келмоқда. Рақамли технологиялар, масофавий таълим платформалари, онлайн курслар ва электрон кутубхоналар таълимни янада эркин ва қулай қилди. Энди нафақат йирик шаҳарларда, балки чекка ҳудудлардаги фуқаролар ҳам сифатли таълимдан фойдаланиш имконига эга бўлмоқда. Рақамли таълимнинг ривожи, электрон дарсликлар, интерактив платформалар, сунъий интеллект асосидаги ўқитиш тизимлари эркин таълим олиш ҳуқуқини янги босқичга кўтариб, таълимнинг инновацион ва замонавий моделини яратмоқда.

Эркин таълим олиш ҳуқуқи – шахснинг ривожи, жамиятнинг келажаги ва давлатнинг тараққиёти учун пойдевор бўлиб хизмат қиладиган энг муҳим инсон ҳуқуқларидан биридир. Таълимнинг эркинлиги, тенглиги ва узлюксизлиги – билимли жамият, кучли кадрлар, юқори ҳуқуқий маданият ва рақобатбардош иқтисодиётнинг асосий кафолатидир. Ўзбекистон Республикасида ушбу ҳуқуқнинг қонуний ва амалий таъминоти бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эркин таълимнинг ҳақиқий мазмунини рўёбга чиқаришга қаратилган. Таълимга бўлган эҳтиёж – бу инсоннинг табиий эҳтиёжи. Уни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир фуқаро учун очиқ қилиш давлатнинг энг муҳим вазифаси, жамиятнинг эса умумий бурчидир.

Бухоро туманлараро маъмурий суди

Архив мудири                                                                   С.Ғайбуллоев