Иссиқлик ва электр етказиб берувчилар учун қулайлик: Давлат божи тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилди

2025 йил 20 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли Қонуни билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур қонун 2025 йил 21 февралдан кучга кирган бўлиб, айниқса иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотларнинг судга мурожаат қилиш тартибида қулайликлар яратишга қаратилган.
Нима ўзгарди?
1. Давлат божи тўлашдан озод қилинган ҳолатлар рўйхати кенгайди:
Қонуннинг 8-моддасига янги, 47-банд киритилди. Унга кўра, эндиликда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчи ташкилотлар ўз хизматлари бўйича тўловларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади. Шунингдек, 9-моддага киритилган 29-банд ҳам шу мазмунда бўлиб, иссиқлик ва электр етказиб берувчилар учун кенг имкониятлар яратилган.
2. Мазкур ҳолат бошқа моддаларга ҳам киритилди:
Қонуннинг тегишли бандида «иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар» тушунчаси алоҳида белгилаб қўйилди. Бу эса уларнинг судга мурожаат қилиш жараёнида ортиқча молиявий юкламалардан озод этилишига хизмат қилади.
3. Чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш учун тўлов миқдори аниқлаштирилди:
Қонунга киритилган яна бир муҳим ўзгартиш — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш ҳамда унинг муддатини узайтириш учун тўлов БҲМнинг 48 баравари миқдорида белгиланди. Бу тартиб ҳужжатларда аниқ акс эттирилиб, ҳуқуқий тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари:
Қонуннинг 3-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасига бир қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, ҳукуматнинг бу борадаги қарорлари ушбу янги нормаларга мувофиқлаштирилиши, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият органлари ўзларининг мавжуд меъёрий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, кераксизларини бекор қилиши шартлиги белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонунга киритилган ўзгартишлар электр ва иссиқлик етказиб берувчи ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хизмат кўрсатиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, чет эл компаниялари учун ҳам қонуний тартиб-қоидалар аниқлаштирилиб, инвестицион муҳитнинг шаффофлигини таъминлашга ҳисса қўшади.
Б.Ибрагимов Бухоро вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Абдуллаев cудья катта ёрдамчиси