КОНСТИТУЦИЯ – МАМЛАКАТИМИЗНИ ЯНАДА ТАРАҚҚИЙ ЭТТИРИШНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ
Юртимизда тобора устувор аҳамият ва кенг қамров касб этаётган демократик ислоҳотлар замирида халқимиз фаровонлиги, юрт равнақи ва истиқболи, муҳтасар айтганда, “Инсон қадри учун” тамойили ўз ифодасини топган.
Озод юрт одимлари халқимизга бугун кечагидан, эртага бугунгидан фаровон, фароғатли, муносиб турмуш кечириш учун қулай шарт-шароит ва имкониятларни яратиб беришга қаратилмоқда.
Буларнинг барчаси эса, табиийки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги ҳамда амалда мустаҳкам таъминланиши билан кечадиган жараёндир.
Шунинг учун ҳам бугунги янги давр одимлари ва янгиланишлар жараёнида суд тизимидаги ислоҳотларга ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, тараққиёт асоси, истиқбол мезони сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясида суд ҳокимиятининг ваколатлари янада мустаҳкам акс этгани ва кафолатлангани аҳамиятли. Бу суднинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари муҳофазасини таъминловчи мустақил ҳокимият сифатидаги ўрни ва роли тобора ортиб бораётганининг ёрқин намоёни бўлиб, янги даврга хос янгиланишлар жараёнида халқимизнинг судларга бўлган ишончини янада ошириш ва мустаҳкамлаш, суднинг чинакам “Адолат қўрғони”га айланишига эришиши йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан боғлиқ.
Янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланган. Инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун муносиб ва етарли бўлиши кераклиги қайд этилган. Албатта, ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишдаги масъулиятини янада оширади.
Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда муҳофаза қилиниши, манфаатлари устуворлиги, бу йўлда адолат қўрғони бўлиши зарур ва шарт ҳисобланган суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлиги, тизим фаолияти билан боғлиқ мустаҳкам кафолатларда намоён бўлади.
Инсон қадрини улуғлаш, халқимизни фаровонлик, мамлакатимизни эса барқарор тараққиёт сари етаклашга қаратилган Конституциямиз – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир
А.Ахмедов Бухоро вилоят маъмурий суди раиси