KORRUPSIYAGA QARSHI KURASH – ADOLAT VA QONUN USTUVORLIGI YO‘LIDAGI ASOSIY BOSQICH

Коррупсия ҳар қандай жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тузумига жиддий зарар етказадиган, давлатнинг тараққиётини секинлаштирадиган ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини заифлаштирадиган энг хавфли иллатлардан биридир. Бугунги глобаллашув шароитида коррупсияга қарши курашиш нафақат айрим давлатларнинг ички вазифаси, балки бутун дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланган. коррупсия кўлами қанчалик кенг бўлса, жамиятдаги ҳуқуқий онг, адолат принциплари ва қонун устуворлигининг қадри шунчалик пасайиб боради. Шу боисдан, айниқса суд тизими ходимлари учун коррупсияга қарши курашиш доимий эътибор марказида бўлиши, ҳар бир хизмат вазифасида ҳалоллик ва шаффофлик мезонлари устувор бўлиши зарур.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат сиёсатида коррупсияга қарши кураш энг асосий стратегик йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимизда “Коррупсияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, коррупсияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ кодекслари, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича қабул қилинган қарорлар бу борадаги сиёсий иродани аниқ кўрсатиб бермоқда. Юртимизда сўнгги йилларда давлат бошқарувида очиқликни ошириш, рақобатбардош ва ҳалол муҳитни шакллантириш, электрон хизматлар тизимини ривожлантириш кенг кўламда давом этмоқда. Буларнинг барчаси коррупсиянинг илдизини қуритишга хизмат қилмоқда.
Коррупсияга қарши курашда энг муҳими, жамиятнинг ҳар бир қатламида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳалоллик тамойилларини кучайтириш ва бефарқликнинг олдини олишдир. Коррупсия фақатгина пора олиш ёки бериш билан чегараланиб қолмайди. У мансабдан суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, манфаатлар тўқнашуви, давлат ресурсларидан нотўғри фойдаланиш каби кўплаб кўринишларга эга. Бундай иллатларнинг олдини олиш учун давлат хизматчилари, айниқса суд тизими вакиллари юқори мас’улият билан ишлаши, ҳар бир қарорида фақат қонун талаблари ва адолат мезонларига амал қилиши зарур.
Суд ҳокимияти жамиятда адолат тимсоли сифатида намоён бўлади. Агар суд органларида коррупсия илдиз отадиган бўлса, давлатнинг бутун ҳуқуқий тизимига бўлган ишонч заифлашади. Шунинг учун суд тизимида коррупсияга қарши курашиш бошқа барча соҳаларга қараганда янада муҳим, янада масъулиятлидир. Судяларнинг мустақиллиги, ҳалоллиги, холислиги — бу фақат касбий талаб эмас, балки давлатнинг ҳуқуқий тизими барқарорлигининг асосидир. Бугунги ислоҳотлар жараёнида суд тизимини модернизатсия қилиш, судяларнинг малакасини ошириш, уларнинг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш, суд жараёнларини тўлиқ очиқ ва шаффоф қилиш каби чора-тадбирлар бевосита коррупсияга қарши курашнинг самарали усулларидан ҳисобланади.
Шунингдек, коррупсияни камайтиришда рақамли тизимларнинг аҳамияти жуда катта. Электрон суд тизимлари, онлайн мурожаатлар, автоматлаштирилган ариза тақсимлаш тизими, давлат хизматларининг рақамлаштирилиши инсон омилининг камайишига, демак, коррупсион ҳолатлар эҳтимолининг пасайишига олиб келади. Рақамли технологиялар жараёнларнинг шаффофлигига эришишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Жараёнлар қанчалик ошкора бўлса, коррупсияга имконият шунчалик кам бўлади. Коррупсияга қарши курашда жамоатчилик назоратининг ўрни ҳам беқиёсдир. Фуқароларнинг давлат органлари фаолияти билан боғлиқ маълумотлардан фойдаланиши, жамоатчилик тингловларининг ўтказилиши, очиқ статистик маълумотлар, журналистлар ва блогерларнинг фаол иштироки коррупсион ҳолатларнинг яширин қолишига йўл қўймайди. Коррупсияга қарши курашда фақат давлат органларининг ҳаракатлари эмас, балки фуқароларнинг фаол позитсияси ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун аҳолида ҳалоллик, ватанпарварлик, қонунларга ҳурмат каби қадриятларни шакллантириш – узоқ муддатли стратегик вазифадир.
Коррупсия илдизини бутунлай йўқ қилиш учун инсон омили устида ишлаш ҳам жуда муҳим. Ҳалоллик вакцинаси, ёшлар онгида коррупсияга нафрат уйғотиш, таълим муассасаларида ҳуқуқий маданиятга бағишланган дарслар, тарғибот тадбирлари – буларнинг барчаси жамиятни соғломлаштиради. Ёш авлод қанчалик ҳалол, мас’улиятли ва қонунга ҳурмат руҳида тарбия оладиган бўлса, коррупсияга қарши курашнинг келажаги шунчалик самарали бўлади.
Суд ходими сифатида коррупсияга қарши курашиш бизнинг касбий ва фуқаролик бурчимиздир. Ҳар бир суд ходими ҳалоллик, поклик ва масъулият уйғунлигида фаолият юритиши лозим. Шахсий манфаатдан йироқ, фақат қонун талабларига асосланган фаолият – энг катта ютуқдир. Суд тизимида фаолият юритаётган ходимлар ўз ишида ҳалоллик мезонлари ва хизмат одоби қоидаларига амал қилган ҳолда, нафақат ўз обрўсини, балки суд тизимининг шаънини ҳам ҳимоя қилади. Шу тариқа, суд органларининг ҳаракати мамлакатда адолат тамойиллари қарор топишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупсияга қарши кураш – бу бир кунлик ёки бир йил давомида бажариладиган вазифа эмас. Бу узлюксиз жараён, доимий эътибор, сиёсий ирода, жамият ва давлат органларининг биргаликдаги меҳнатини талаб қиладиган мураккаб тизимдир. Коррупсиянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни ҳаётнинг асосий мезонига айлантириш – бу давлатимиз тараққиётининг пойдевори ҳисобланади. Шу йўлда суд тизими ходимларининг ҳалоллиги, масъулияти ва фидокорлиги энг муҳим омиллар сирасига киради. Бизнинг асосий мақсадимиз – адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупсиясиз келажак барпо этишдир.
Бухоро туманлараро маъмурий суди
Архив мудири С.Ғайбуллоев






