НИЗОЛАРНИ МУҚОБИЛ ҲАЛ ЭТИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ УСУЛЛАРИ

Йилдан йилга низоларни муқобил ҳал этиш турлари муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда тарафлар суд жараёнларини четлаб ўтган ҳолда ўрталаридаги низоларни муқобил хал этиш йўлларини танламоқда. Чунки, ҳаттоки, энк кичик суд жараёни ҳам томонлар ўртасидаги иш муносабатларини издан чиқариб, улардан катта миқдордаги вақт ҳамда маблағни талаб қилади.
Низолар жамият ҳаётининг ажралмас бир бўлаги ҳисобланади. Улар турли соҳаларда юзага келади ва турли усулда ҳал этилади. Низоларни тўғри ҳал этилиши томонларга ушбу нохуш вазиятдан кичик йўқотишлар ва катта натижалар билан чиқиш имконини яратади.
Бугунги кунга келиб низолар суд тартибида ёки уларга муқобил бўлган бошқа усуллар ёрдамида ҳал этиб келинмоқда. Низоларни суд тартибида ҳал қилиш кўп вақтни талаб қилади. Биргина даъво тартибида иш юритишда судлар келиб тушган аризани иш юритувига қабул қилиши учун ўн кундан кам бўлмаган вақт давомида ўрганиб чиқиб, керакли суд ҳужжатини қабул қилади. Бу эса ўз навбатида, низо тарафлари учун маълум жиҳатдан катта йўқотишларга сабаб бўлади. Низоларни муқобил ҳал этиш шакллари бу каби камчиликларни олдини олишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Кўплаб мутахассисларнинг фикрига кўра, низоларни суд тартибидан ташқари ҳар қандай усулда ҳал этиш муқобил усул сифатида қаралади. Хорижий илмий адабиётларда “низо ва ихтилофларни муқобил ҳал этиш” тушунчаси суд тартибида низоларни ҳал қилиш жараёнига муқобил равишда қўлланилади. Ушбу тушунча кўп йиллардан бери қўлланилиб келишига қарамасдан, ўзининг расмий мақомини 1970 йилларга келиб Америка Қўшма Штатлари ҳамда Ғарбий Европада олган.
Судлар томонидан фуқаролик ва иқтисодий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда муқобил усул сифатида музокаралар, медиация, ҳакамлик ҳамда арбитраж судлари каби шакллардан фойдаланиш кенг тарқалган. Мазкур усуллар фуқароларга низони тез ва осон, қисқа муддатларда, кўп маблағ сарфламаган ҳолда ҳал этиш имконини беради.
Низоларни муқобил ҳал этиш судга мурожаат қилишдан кўра норасмийроқ, камчиқим ҳамда каммеҳнат талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Низоларни муқобил ҳал этиш томонларга судга мурожаат қилмаган ҳолда келишувга эришиш имконини берувчи усулдир.
Музокара низоларга ечим топишнинг бир усули сифатида, икки ёки ундан ортиқ томонлар ўртасидаги конфликтни келишув асосида ҳал қилишдир. Бу усул, тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган келишмовчиликни бартараф этишда ўз самарасини беради. Музокара усулининг ўзига хос жиҳати тарафлар ўртасидаги мавжуд муносабатларни сақлаб қолиш имконини беради. Низо томонлари ўзларига мақбул бўлган вақт давомида музокара олиб боришлари, уни амал қилиш доираси ҳамда муддатини белгилашлари мумкин. Аммо, музокаралар олиб боришнинг бир қатор салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизимида музокаралар олиб боришнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида, низо тарафлари томонидан олиб борилган музокаралар кўп ҳолларда амалда бажарилмасдан қолиб кетишига сабаб бўлади ва фуқароларнинг низони судга мурожаат қилган ҳолда ҳал этишларига замин яратади.
Иккинчидан, музокаралар оғзаки тарзда олиб борилади, ёзма, юридик кучга эга бўлган, тарафларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини акс эттирувчи ҳужжат тарзида расмийлаштирилмайди.
Учинчидан, тарафлар ўртасида низо мавжудлиги сабабли аксарият ҳолларда уларга кутилган натижага эришиш имкониятидан маҳрум этади.
Тўртинчидан, музокара олиб боришга киришган тарафларда музокара олиб бориш шахсий қобилиятларининг етишмаслиги ва низони ҳал қилишнинг ушбу усулини фуқаролар орасида кенг оммалашмаганлиги сабаб бўлмоқда.
Низо тарафлари ўзаро музокарага эришолмаган тақдирда, ўртадаги муносабатларини тартибга солишга кўмаклашадиган, низонинг ҳал қилиниши натижаларидан манфаатдор бўлмаган, учинчи шахслар ёрдамига эҳтиёж туғилади. Бугунги кунга келиб ушбу вазифани малакали медиаторлар амалга ошириб келишмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги қонунининг 4-моддасига асосан, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули эканлиги белгиланган.
Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларининг ўзига хослиги шундаки, уларни қўллашда тарафларнинг хоҳиш-истаги инобатга олинади. Медиация тартиб-таомили ҳам низоларни ҳал этишда тарафларнинг ихтиёрийлиги принципига асосланади. Миллий қонунчилигимизда медиация атамасига ҳуқуқий мақом берилганига қарамасдан судгача бўлган жараёнда, суд тартибида кўришда, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунга қадар ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиш даражаси ҳанузгача пастлигича қолмоқда. Хорижий тажрибага назар соладиган бўлсак, АҚШда 95% , Германияда 90% ва Буюк Британияда 90-95% низоли ҳолатлар суд муҳокамасига қадар ҳал этилади. Бунинг сабаби, хориж давлатлари ҳуқуқ тизимида “медиатор-судя” тоифаси шаклланган бўлиб, фуқаролик ҳамда иқтисодий судларга келиб тушадиган аризалар дастлаб айнан шу тоифа томонидан кўриб чиқилади. Амалий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, медиация усулини суд муҳокамаси жараёнида ёки суд ҳужжати қабул қилингунга қадар қўллагандан кўра самаралироқ ҳисобланади.
Мамлакатимизда медиация тартиб-таомилининг ҳанузгача кенг қўлланилишига тўсқинлик қилаётган омиллар қуйидагилардан иборат. Биринчидан, низоларни ҳал қилиш усули бўлган медиациянинг афзалликлари тўғрисида кенг омманинг хабардор эмаслиги. Иккинчидан, республика бўйлаб малакали ҳамда профессионал медиаторларнинг, айниқса, чекка ҳудудларда уларнинг деярли йўқлиги низоларни анъанавий тартибда ҳал қилиш механизмининг сақланиб қолишига олиб келмоқда.
Учинчидан, медиация тартиб-таомилини амалга оширишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мукаммал даражада эмаслиги. Шу ўринда, таклиф сифатида хориж тажрибасига таянган ҳолда “медиатор-судя” атамасини миллий қонунчилигимизга киритишни келтиришимиз мумкин. Низоларни суд муҳокамасига қадар “медиатор- судя” томонидан кўриб чиқиб ҳал қилиниши судларда кўрилаётган иш ҳажмининг кескин камайишига имкон беради. Ўз навбатида, низо тарафлари вақти ва маблағининг ортиқча сарфланишини олдини олишда кўмаклашади.
Низоларни ҳал қилишнинг яна бир усули сифатида ҳакамлик судларини келтиришимиз мумкин. Ўзбекистон Республикаси “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига мувофиқ, ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ва муваққат ҳакамлик суди) – фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи иқтисодий низоларни ҳал этувчи нодавлат органи ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, ҳакамлик судлари томонидан ҳал этиладиган масалалар тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Низоларни ҳакамлик судлари томонидан ҳал қилинишининг бир қатор афзалликлари мавжуд. Биринчидан, тарафлар ҳакамлик судига мурожаат этганда ўзлари ишонган ҳамда низони холисона ҳал этиши мумкин бўлган судьяни танлаш имкониятига эга бўладилар. Иккинчидан, низони кўриб чиқиш жойи ва вақтининг тарафлар томонидан белгиланиши. Учинчидан, ишларнинг тез вақт ичида кўриб ҳал қилиниши. Низоларни ҳакамлик судлари томонидан кўриб чиқилиши тарафларга кам маблағ сарфлаш имконини беради. Шу билан биргаликда, муҳокама иштирокчилари учун коррупцион ҳолатларни четлаб ўтишнинг бир йўли ҳисобланади ва уларнинг ҳакамлик судларига бўлган ишончининг ортишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда ҳакамлик судларида кўриб чиқилаётган низоларнинг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги келишмовчиликни ҳал қилиш ҳисобланади. Фуқаролик муносабатларидан келиб чиқадиган низоларнинг аксарият қисмининг судлар томонидан кўрилишига кўплаб оилавий келишмовчиликлар натижасида келиб чиқадиган мулкий низолар ҳисобланади.
Хорижий мамлакатларда кенг оммалашиб бораётган низоларни муқобил ҳал қилишнинг арбитраж усули ҳам секин-асталик оммалашиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам низони ҳал қилишнинг ушбу усулини амалиётга татбиқ этиш мақсадида 2021 йил 16 февралда “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига асосан, арбитраж – доимий арбитраж муассаси ёки муайян низони ҳал қилиш учун ташкил этиладиган арбитраж суди томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, низони ҳал этиш тартиб- таомили деб белгиланган. Мазкур ҳужжат қабул қилинганлигига қарамасдан ҳали кучга кирмаган. Арбитраж судларининг бир қатор ижобий томонларини ёритиб ўтсак.
Дастлаб, арбитраж судларида ҳакамлик судларидаги каби низони ҳал қилиш учун арбитрлар конфликт тарафлари томонидан танланади. Иккинчидан, ушбу судларнинг бошқа давлат органларидан ҳоли равишда фаолият олиб бориши. Учинчидан, махфийлик принципининг амал қилиши. Ишларнинг ёпиқ ҳолатда кўрилиши, тарафлар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор қилинмаслиги, низо юзасидан қабул қилинган қарор мазмунининг сир сақланиши ҳам арбитраж судларининг афзал томони ҳисобланади. Тўртинчидан, расмий жараёнлардн ҳоли равишда низоларнинг оддий усуллар ёрдамида кўриб чиқилиши, бу ўз навбатида, қарорларнинг тез ва адолатли қабул қилиш имконини беради. Бешинчидан, тарафлар ўртасидаги низони келишувга эришган ҳолда ҳал этиш.
Юқорида келиб чиқиб, низоларни муқобил ҳал этиш усулларини амалиётга кенг татбиқ этишда қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим: судга мурожаат этган тарафларга суд муҳокамасигача бўлган даврда низоларни муқобил ҳал қилишнинг афзалликлари тўғрисида атрофлича тушунча бериш; суд муҳокамасигача бўлган жараёнда ишларни кўриб чиқиш учун “медиатор-судя” тоифасини шакллантириш; музокара олиб борган тарафлар ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини ўзида акс эттирувчи норматив ҳужжатнинг амалдаги қонунчиликка киритиш; арбитраж судларига мурожаат этаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузилишини олдини олдиш мақсадида арбитрларга қўйилиши лозим бўлган талабларнинг янада такомиллаштирилиши; медиатив келишувга қонуний тус бериш; ҳакамлик судлари томонидан кўриладиган ишлар доирасини кенгайтириш; медиация тартиб-таомилига баъзи фуқаролик ва иқтисодий муносабатларни ҳал қилишда мажбурий тус бериш.
Хулоса қилиб айтганда, низоларни муқобил ҳал этиш усулларининг жамиятда юзага келадиган тушунмовчиликларни бартараф қилишда қўлланилиши судлар томонидан кўриладиган ишлар ҳажмининг кескин камайишига олиб келади. Жумладан, Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 85 фоиз ҳолатда низоларни ҳал қилишда муқобил усуллардан фойдаланиш фуқароларнинг судга мурожаат қилмасдан ўз маблағларини сақлаб қолиш имконини берганини кўрсатди. Бундан ташқари, жамиятнинг турли қатламлари ўртасидаги муносабатларга путур етмайди, яъни юридик ва жисмоний шахслар судлар аралашвисиз келишмовчиликларига ечим топадилар.

Ихтиёр Холов, Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси

Умид Кадиров, Бухоро туманлараро маъмурий суди судьяси