Ўзбекистон Республикасининг 09.06.2025 йилдаги ЎРҚ-1067-сонли “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни

Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолат бермоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.
Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.
Ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели назарда тутилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга, суд ишлари юритилишини такомиллаштиришга, шунингдек фуқароларнинг ва тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди.
Шу билан бирга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда унинг ваколатларига тааллуқли янги нормалар белгиланганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятини ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ушбу Қонун билан «Судлар тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, шунингдек шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Ушбу Қонун янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг сўзсиз ва тўлиқ амалга оширилишини, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳамда давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилган:
23-модданинг иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Шунингдек қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас»;
2) 24-модданинг биринчи қисми «Гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқига эга» деган сўзлардан кейин «бўлиб, уларга ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
3) 66-модданинг биринчи қисмидаги «ўзига қарши кўрсатув бермаслик» деган сўзлар «ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатув бермаслик» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги ЎРҚ-427-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартиришлар киритилган:
1) 5-модданинг:
иккинчи — бешинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Кенгаш раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.
Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси судьялар орасидан сайланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан сайланади.
Кенгашнинг котиби ва етти нафар аъзоси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан сайланади»;
олтинчи қисмидаги «тасдиқланган» деган сўз «сайланган» деган сўз билан алмаштирилсин;
еттинчи қисмидаги «тасдиқланган» деган сўз «сайланган» деган сўз билан алмаштирилсин;
2) 26-модданинг иккинчи хатбошисидаги «тайинланиши (тасдиқланиши)» деган сўзлар «сайланиши» деган сўз билан алмаштирилсин;
3) 27-модданинг:
биринчи қисмидаги «тайинланади (тасдиқланади)» деган сўзлар «сайланади» деган сўз билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «тайинланиши (тасдиқланиши)» деган сўзлар «сайланиши» деган сўз билан алмаштирилсин;
4) 28-модданинг биринчи қисмидаги «тасдиқланган» деган сўз «сайланган» деган сўз билан алмаштирилсин;
5) 29-модданинг иккинчи қисмидаги «тасдиқланган» деган сўз «сайланган» деган сўз билан алмаштирилсин;
6) 31-модданинг:
биринчи қисмидаги «тайинланишига (тасдиқланишига)» деган сўзлар «сайланишига» деган сўз билан алмаштирилсин;
иккинчи қисмидаги «тасдиқланган» деган сўз «сайланган» деган сўз билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган «Судлар тўғрисида»ги ЎРҚ-703-сонли Қонунига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган:
1) 1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас»;
2) 6-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга ошириладиган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга»;
3) 8-модданинг матнидаги «қонунга» деган сўз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 9-модда:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судьялар мустақилдирлар, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди»;
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади»;
5) 13-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади»;
6) 14-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорларидан, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлигидан, шу жумладан уларнинг қариндошлари судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар муносабати билан ҳуқуқларининг чекланишидан, шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир»;
7) 15-модда қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланган:
«15-модда. Одил судловни амалга оширишда малакали юридик ёрдам
Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳимояланиш ҳуқуқи ва ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланади»;
8) 16-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас»;
9) 19-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари — маъмурий, фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяларидан иборатдир»;
10) 60-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «қонунга» деган сўз «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
11) 79-модда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас»;
бешинчи қисми олтинчи қисм деб ҳисоблансин;
12) 90-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имкониятини таъминлаши керак».
Асосийси, доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун Конституциянинг қоида ҳамда нормаларини чуқурлаштириб ўргатишга қаратилган ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар судьяларнинг Асосий қонунимизга оид билимларини янада ошириши ва мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Бунда Президент Ш.М.Мирзиёев 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида огоҳлантирганидек, давлат ва халқ хизматчисининг масъулиятни ўз зиммасига олганидан сўнг беғамбепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузурҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқ. Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган таъсирчан сўзларида давлатчилик ишига, элюрт хизматига бел боғлаган инсон амал қилиши зарур бўлган олий мезон назарда тутилган[3].
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”
Бухоро вилоят
маъмурий суди судьяси Х.Курбанов
Бухоро вилоят маъмурий
суди судья катта ёрдамчиси Н.Рашидов