Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муҳофаза қилишга қаратилган ислоҳотларнинг мазмуни
БМТ томонидан 2021 йилнинг якунлари бўйича эълон қилинган маълумотларга кўра, 2021 йил давомида 16 миллион нафар бола дунёнинг низоли ҳудудларида туғилган. Бу дегани, 2021 йилда туғилган ҳар саккизинчи бола уруш ҳолатида, ўқ овозини эшитган ҳолда дунёга келган. Ўз навбатида, бундай шароитларда туғилган болалар ҳаётининг биринчи куниданоқ малакавий тиббий хизмат ва бошқа ёрдамлардан масуво бўлган. ЮНИСЕФ ташкилотининг ижрочи деректори Энтони Лейк, қайд этиб ўтганидек: “Ҳар икки секундда янги туғилган чақалоқ ўзининг биринчи нафасини уруш ҳолатидаги давлатда амалга оширган…”. Ушбу фикрни ўзи бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида болаларнинг ҳуқуқий ҳолати, уларнинг яшаш турмуш тарзи қай ҳолатда эканлигини тасаввур қилиш имконини беради. Ушбу ахборотни тақдим этган муаллифлар шундай низоли жойлар сифатида Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Ироқ, Жанубий Судан, Сурия ва Яман ҳудудлари кўрсатиб ўтганлар. Ушбу ҳудудларда оналар ўз болалалари нафақат хавфли ҳолатда, балки ҳеч қандай санитария ва тиббий ёрдамга эга бўлмаган ҳолатларда туғаётганлигини ўзи ташвишли ҳолатдир. ЮНИСЕФнинг ахборотида қайд этилишича, бундай низоли вазиятлар, очарчилик ва иқлим ҳолатини ўзгариши миллионлаб болаларни бошқа қитъаларга кўчиб кетишига туртки бўлиши мумкин. Биргина 2021 йилнинг 9 ойи давомида 200 мингдан ортиқ болалар Европа давлатларига бошпана тақдим этишни сўраб мурожаат қилганлигини ўзи, ушбу фикрларни тасдиқлайди. Ушбу маълумотларни мазкур мақоланинг бошида келтирганимиз бежиз эмас. Мамлакатмизда ёшларни, айниқса болаларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш борасида бошқа давлатларга ўрнак бўладиган ишлар амалга ошириб келинмоқда. Мазкур чора-тадбирлар мустақилликнинг илк йилларидан амалга оширилаётганлигини болалар ҳуқуқлари, оналик ва болалакни муҳофаза қилиш, вояга етмаганларни меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида ҳам кўрсатиб ўтиш мумкин. Хусусан, ушбу масалаларга бағишланган ҳуқуқий ҳужжатлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенцияни ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни амалга ошириш чоратадбирлари ҳақида»ги қарори, «Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхати» (29.07.2009 й.) ва «Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини белгилаш тўғрисидаги низом» (рўйхат рақами 1954, 12.05.2009 й.) ва бошқаларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин. Хусусан, ушбу ҳуқуқий ҳужжатларда вояга етмаганларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлган меҳнат ҳуқуқини таъминлаш, уларга адолатли меҳнат шароитларини яратиш, вояга етмаганларни меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган масалалар, шунингдек, республикамизда мажбурий меҳнат ҳамда бола меҳнатининг энг оғир шаклларини тақиқлаш масаласига устувор даражада эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш лозимки мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, уларни таълм олиш, меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминланаёган бир даврда, дунё мамлкатларида юз бераётган ҳолатлар ачинарлидир. Жумладан, Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили эълон қилинадиган статистик маълумотларга кўра ҳозирги кунда дунё миқёсида 14 ёшгача болаларнинг 17 % га яқини таълим тизимидан мутлоқо четда қолиб хафтасига 48 соатдан ортиқ ишламоқда. Шунингдек, 20 % га яқин 10 ёшдан кичик болалар иқтисодиётнинг фаол секторида иш билан банд. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра Буюк Британияда, 3 млндан ортиқ бола фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Буларнинг кўпчилиги хорижий давлатлардан келган мигрант оилаларнинг фарзандлари саналади. Бангладеш тикув саноатида ишловчиларнинг 45%га яқинини 16 ёшгача бўлган болалар ташкил қилган (ҳозирги вақтда – 5% га яқин). Африканинг айрим мамлакатларида 50% болалар йил давомида қишлоқ хўжалиги ишларида тўлиқ иш вақти мобайнида меҳнат билан банд. 90йилларда Покистонда футбол тўпларини ишлаб чиқишда 50 минта бола банд бўлганлигига оид маълумотлар мавжуд.
“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциянинг 32-моддасида шундай қайд этилган: “Болалар ривожланиш, маълумот олиш, соғликлари учун хавфли бўлган ишларда иштирок этишдан, иқтисодий таъқиб қилишдан ҳимояланиш ҳуқуқларига эгалар”. Ўзбекистон ушбу Конвенциянинг иштирокчи давлати сифатида бугунги кунда унда белгиланган вазифаларни бажариб келмоқда. Мамлакатимизда болалар меҳнатини ҳимоя қилиш масаласи Ўзбекистон Республикасини устувор масалаларидан бирига айланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 14-бобининг бир қатор моддалари болалар меҳнатини ҳимоя қилишга қаратилган. Меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасида 16 ёшдан белгиланган, уларни ота-оналарининг розилигидан сўнг ишга қабул қилиш мумкин. Меҳнат кодексининг 239-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган барча шахслар дастлабки тиббий кўрикдан ўтгандан кейингина ишга қабул қилиниши ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунларига қадар ҳар йили мажбурий тарзда тиббий кўрикдан ўтказиб турилиши кераклиги мустаҳкамланган. Шунингдек, вояга етмаган болаларни ишга қабул қилиш меъёрлари белгиланган: 16-18 ёшгача 1 ҳафтада 36 соат; 15-16 ёшгача бўлган болалар учун бир ҳафтада 24 соат белгиланган. 18 ёшгача бўлган болаларни меҳнат ҳақи бошқа ишчилар қатори белгиланган. Меҳнат таътили эса 30 календар куни қилиб белгиланган. Меҳнат қонунчилигига кўра, болаларни кечки сменада, дам олиш кунларида ишлатиш ман этилади. Вояга етмаган болаларни ишлатишда меҳнат қонунларига риоя қилган ҳолда болаларни ҳимоялаш зарур. Болалар меҳнат қилиш ҳуқуқи, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни, уларни қабул қилиш зарурияти, айниқса, Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолияти диққатга сазовордир. ХМТнинг норма ижодкорлиги фаолиятидаги яна бир муҳим масала бу турли тоифадаги меҳнаткашларнинг (ёшлар, аёллар, турли касблардаги меҳнаткашлар) меҳнат ҳуқуқларини мақсадли тартибга солиш жараёнидир.
Ушбу масала чет эл элементи билан мураккаблашган меҳнат муносабатларига халқаро нормаларнинг тўғридан-тўғри таъсир қилишини таъминлаш муаммоси билан бевосита боғлиқлиги сабабли эътиборга моликдир. Ушбу масала юридик адабиётларда доимий равишда олимларнинг эътиборда бўлиб келган4. Тан олиш лозимки, меҳнат муносабатларидаги иштирокчиларнинг алоҳида белгиларидан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳуқуқий нормаларни дифференциация қилиш тажрибаси меҳнат муносабатларини тартибга солиш самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Конвенция ва тавсияларнинг меҳнаткашларнинг ўзига хос белгиларидан келиб чиққан ҳолда дифференциациявий ёндашувининг амалий аҳамияти, аввало, меҳнат шароитларини индивидуаллаштирилишини вужудга келтиради. Буларнинг барчаси ўз навбатида турли табиатга ва профессонал имкониятга эга бўлган инсон ресурсини янада кенгроқ ҳамда самаралироқ ҳимоя қилинишига хизмат қилади. Меҳнат муносабатлари субъектларини дифференциация қилиш йўли билан тартибга солиш билан бир қаторда ХМТ конвенциялари объектларга кўра тартибга солишни ҳам назарда тутади. Яна шуни алохида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси томонидан 2008 йилда ратификация қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг (ХМТ) “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги (1976 йил 26 июн, Женева) 138-сонли Конвенцияси иқтисодиётнинг барча секторларида ҳам ҳақ тўланадиган, ҳам ҳақ тўланмайдиган болалар меҳнати тартибга солинади. Ушбу Конвенция ишга қабул қилиш учун энг кам ёшнинг энг комплекс ва қатьий тушунчасини белгиланишини ўзида ифодалайди, муаммога, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга нисбатан изчил ва мослашувчан ёндашувни намоён қилади. Ушбу 138-сонли Конвенция уни ратификация қилган аъзо давлатларга ишга қабул қилиш учун энг кам ёшни белгилаш ва бола меҳнатини бажаришга жалб қилиниши мумкин бўлган бир неча ёш даражаларини белгилаш мажбуриятини юклайди. Ушбу ёш даражалари давлатнинг ривожланганлик даражасига ва бажариладиган ишлар турига қуйидаги тарзда боғлиқ бўлади. Болалар ва ўсмирларни ҳимоялаш тўғрисидаги миллий қонунларда ва Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенцияларида, одатда, қуйидаги 6 та банд ажратиб кўрсатилади:
1) белгиланган ёшдан кичик ёшдаги шахсларни ишга қабул қилишнинг тақиқланиши;
2) болалар ва ўсмирлардан хавфли ва зарарли ишларда ёки айрим турдаги хавфли ускуналарга хизмат кўрсатишда фойдаланишнинг тақиқланиши ёки чекланиши;
3) ҳаддан ташқари оғир юкларни кўтаришда ёки бошқа жойга олиб ўтишда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг тақиқланиши;
4) ёшлар иш куни муддатларининг чекланиши;
5) тиббий назорат белгиланиши;
6) зарур касб таълими таъминланиши.
Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 та Конвенцияси, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 8 та асос солувчи Конвенцияларининг 7 таси, шунингдек мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига йўл қўймаслик соҳасидаги Конвенциялари ратификация қилган бўлиб, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган барча қоидалар миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бугунги кунда, сир эмас, вояга етмаганлар меҳнати самарали натижаларга олиб келмоқда. Бироқ бу борада камчиликлар ҳам талайгина. Мисол учун, баъзи мактаб ўқувчилари, талабалар ҳам ўқиш билан банд бўлиш лозим бўлган вақтни бозорда ва турли савдо шаҳобчаларида ўтказишмоқда. Ёки тунги ишларга ўз вақтларини сарфламоқдалар. Юқоридаги ҳуқуқий асосларга таяниб бугунги кун ёшларига берилган имтиёзларни ижобий баҳолаймиз, албатта. Бироқ ёшлар бу имкониятдан фойдалана олишаяптими? Бу масалаларни ҳал қилиш жамият ва давлат олдида турган муҳим вазифалардан бири саналади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси «Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонуннинг 2-моддаси талабларига мувофиқ, 2010 йил 15 январдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорига мувофиқ “Вояга етмаганларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича талаблар тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-239сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган ишга қабул қилиш учун йўл қўйиладиган энг кам ёш ўн тўрт ёшдан ўн беш ёшгача оширилди, яъни ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб ўқув юртлари ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ва маънавий ривожланишига зарар етказмайдиган, ўқув жараёнини бузмайдиган, ўқишдан бўш вақтда енгил ишларни бажариш учун – ўн беш ёшга тўлганларидан сўнг, ота-оналаридан бирининг ёки ота-она ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиш мумкинлиги ўрнатилди. Бу чора-тадбир болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилган ишлар сифатида диққатга сазовордир.
Ҳусенов Жалолиддин, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси
Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси