ШАХСИЙ ҲАЁТ ДАХЛСИЗЛИГИ ҲУҚУҚИНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФ

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи – бу шахснинг шахсий ҳаёти, оиласи, яшаш жойи ва бошқа шахсий маълумотларига нисбатан давлат ва бошқаларнинг ноҳуш аралашувидан ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Шахсий ҳаёт дахслизлигини таҳлил қилишдан олдин шахсий ҳаёт аслида нималигини тушуниб етиш лозим. Шахсий ҳаёт инсоннинг ўзига хос, фақат ўзи ва яқинлари билиши мумкин бўлган, ташқи аралашувдан ҳимояланган ҳаётий соҳасидир. У ҳар бир инсоннинг дахлсиз ҳуқуқларидан биридир ва уни давлат ҳам, бошқа шахслар ҳам асоссиз равишда бузишга ҳақли эмас. Авваламбор шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқида ҳар ким эркин яшаш ҳуқуқига эга. Бу дегани инсон туғилдики унга бериладиган табиий ҳуқуқи яъни шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ҳимоя қилиниши ва шахс бу ҳуқуқидан фойданиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида кўрсатилишича: “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.” Ҳозирги кунда халқаро миқёсда ҳам инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини ҳимоя қилишнинг янги усуллари жорий қилинмоқда.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини таҳлил қилишга уринишлар миллий ва хорижий олимлар орасида мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бир ўзининг муаллифлик таърифи билан тушунтиришга ҳаракат қилган.
Жумладан миллий олимлардан Ҳ.Раҳмонқулов, “Шахсий ҳаёт дахлсизлиги шахсан фуқаронинг хусусиятларига хос, фақат унинг ўзига маълум бўлиши, бошқалар учун номаълум бўлган ва сир сақланиши керак бўлган унинг ҳаёт тарзи, фаолият усуллари, муомалада бўлиш доираси ва шакллари каби шахсий номулкий ҳуқуқларидан ташкил топади” , деган фикрни илгари суради.
И.И.Насриевнинг фикрича, фуқаро шахсий ҳаётининг дахлсизлиги ва сири унга ўзининг индивидуал турмуш фаолиятидаги хулқ-атворини четдан бўладиган аралашувлардан (қонунда аралашувларга йўл қўйилган ҳоллар бундан мустасно) муҳофаза қилиш имконини берадиган шахсий номулкий ҳуқуқларни бериш орқали таъминланади.
Л.О.Красавчикова шахсий ҳаётга бўлган ҳуқуқни “шахснинг индивидуал ҳаёт фаолиятидаги ўзининг хулқ-атворини унинг шахсий ҳаётига қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари, бошқа шахслар томонидан ҳар қандай аралашувни истисно этадиган ўзининг хоҳиши бўйича танлаш эркинилиги”сифатида тавсифлайди.
Ўз навбатида, Р.Смит “прайвеси” “ўзи ҳаёт кечирадиган ҳудудни” (турар-жой, эгалик назарда тутилмоқда), “ўз шахсини”, “ўзи ҳақидаги ахборотни” назорат қилиш ҳуқуқи сифатида кўради.
Фуқаронинг шахсий ҳаёт дахлсизлигига бўлган ҳуқуқи унинг индивидуал турмуш тарзи, ҳаёт фаолиятидаги хатти-ҳаракатлари, юриш-туришларига бошқаларнинг ўзбошимчалик билан аралашишидан ўзларини сақлашни талаб қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг моҳияти қуйидаги асосий жиҳатлардан, яъни шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш – оиласини, уй-жойини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, ўзини эркин ифода этиш ҳуқуқи, яъни сўз, виждон эркинлиги ҳуқуқларидан иборат. Шахсий ҳаётни ҳимоя қилиш – шахсий ҳаётидаги масалалаларга ҳеч кимнинг аралашмаслиги, унинг маълумотларининг нотўғри ишлатилмаслигини таъминлашни ўз ичига олади. Шахснинг яшаш тарзи, ўзининг оила аъзолари, унинг кўрсатган фаоллиги ёки маълумоти давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан махфий сақланиши керак. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқида айни бир модда шаклда муҳофаза қилинмаган. Бу ҳуқуқ шахсий номулкий ҳуқуқлар қаторида ўрганилади. “Фуқаролик ҳуқуқи томонидан тартибга солинадиган мулкий кўринишда бўлмаган шахсий ҳуқуқий муносабатлар икки турга: мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлган шахсий муносабатларга ва мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий муносабатларга бўлинади”. Шахсий номулкий муносабатларга олимлар ва шу соҳа мутахассислари ҳар хил ёндашиб, турлича гуруҳларга бўлишади. Улар ўзларининг илмий ишлари, мақолалари, илмий дисертатсияларининг мақсад ва вазифаларига қараб шахсий номулкий муносабатларни турли гуруҳларга таснифлаган ҳолда ўрганишади. Тадқиқотчи сифатида Зокировнинг бу ҳақидаги назарий ёндашувларига қўшилиш мумкин. Шахсий номулкий муносабатларни мулк билан боғлиқ бўлган ва мулк билан боғлиқ бўлмаган муносабатлар каби икки гуруҳга бўлиб ўрганиш анча осон ва тушунарли бўлади. Энди эса шахсий ҳаёт дахлсизлигининг асосий негизини тушунтирадиган бўлсак, барча шахсий номулкий муносабатлар шахсий ҳаёт билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам шахсий ҳаёт дахлсизлигига ҳуқуқига оид барча маълумотлар шахсий ҳаёт маълумотарига киради. Ҳар қандай ҳуқуқ соҳаси 3 та таркибий элементдан ташкил топгани сингари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи ҳам объекти, субъекти ва мазмунига эга. Шахсий дахлсизлик, яшаш ҳуқуқи, шахсий ва оилавий сир, номга, тасвирга,овозга бўлган ҳуқуқ сингари бир қатор ҳуқуқлар шахсий ҳаёт дахсизлиги ҳуқуқининг объекти ҳисобланади. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг субъектларига тўхталадиган бўлсак, бир қанча миллий ва хорижий олимларнинг тадқиқотларида жисмоний шахслар, юридик шахслар, ҳаттоки давлатни ҳам субъект сифатида киритишган. Лекин шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқида деярли барча масала ҳаёт билан боғлиқ бўлганлиги боисидан кўп ҳолларда асосий субъект жисмоний шахслар бўлади. Инсоннинг шаъни , қадр-қиммати эса шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг мазмунини ташкил қилади. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар тартиби Конституцияда яшаш ҳуқуқи билан бошланади. Бу асосий, инсоннинг табиий ҳуқуқи, шахснинг дахлсизлиги кафолатидир. Табиий ҳуқуқ дейилишига сабаб эса, бу ҳуқуқ инсонга туғилганидан тақдим этилган ажралмас ҳуқуқи ҳисобланишидир. Эркин яшаш ҳуқуқининг мавжудлиги шахснинг шаъни, қадр-қиммати, шахсий эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқларидан фойдалана олиш имкониятини беради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат томонидан инсон ҳаёти учун яхши муҳитни яратиш ва шахс шаънини ҳимоялаш мажбурияти намоён қилинган. Конституцияга бундай тарбиявий-ахлоқий омиллар амалий маънога эга, яъни шахс ғоясини жамиятнинг энг юқори қадрияти сифатида эътироф этади. Ўлим жазосини бекор қилиниши, инсон ҳуқуқларининг халқаро стандартлари, Республика қонунчилигида ва амалиётида қўлланилаётганлигининг яққол тасдиғидир.
Шахсий маълумотларнинг эгаси розилигисиз йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳолатлари махфийликка тажовузларга ва шахсий маълумотларни суистеъмол қилинишига олиб келиши мумкин. Нотўғри шахсий маълумотларни, ёлғон ёки янглиш маълумотларнинг тарқатилиши эса шахсларнинг обрўсига салбий таъсир қилади ва турли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий ёрдам кўпинча чекланган ёки самарасиздир. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг моҳияти ҳам айнан шахсий маълумотларни сақлаш, ҳимоя қилишдан иборат. Инсоннинг шаъни , қадр-қиммати эса шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқининг мазмунини ташкил қилади. Бу ҳуқуқнинг мазмун моҳияти инсоннинг қадрланиши ҳамда эркин яшаши учун тўсиқлардан ҳимоя қилишдан иборат. Киберҳужумлар ва маълумотларнинг ўғирланиши, интернетда маълумотларнинг ўғирланиши ва бошқа турдаги хавфсизлик таҳдидларига қарши етарли ҳимоя чоралари кўрилмаслиги шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига путур етказади. Шахсий маълумотлар тез-тез киберҳужумларга учраб, махфий маълумотларнинг бузилишига олиб келади. Кўпгина ташкилотларда ушбу таҳдидлардан ҳимояланиш учун мустаҳкам хавфсизлик чоралари мавжуд эмас, бу эса шахсий маълумотларни ўғирлаш ва нотўғри фойдаланишга қарши ҳимояни қийинлаштиради. Профессор А.Ниёзовани таъкидлашича: “Шахс дахлсизлигига, номга, турар-жой дахлсизлигига, ўз қиёфаси ва тасвирига, тиббий сирлар, адвокатлик сири, фарзандликка олиш сири, ёзишмалар ва телефондаги сўзлашувларга бўлган ҳуқуқлар бузилганда қонун чиқарувчи ҳимоя эълон қилади, бироқ, жавобгарлик чораларини деярли белгиламайди, айбдорлар шахсий ёки мулкий характерда ҳеч қандай қўшимча бурчларга, ноқулайликларга дучор бўлмайди” . Бу каби фикрлар ҳамон ўз тасдиғини топиб келмоқда. Шунинг учун ҳам шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқига кўпчилик беъетибор қарашади. Гўёки бу ҳуқуқлари борлигини эсларидан чиқариб қўйишгандек ёки бу ҳуқуқ ҳамма жойда ҳимоя қилинавермаслиги сабабли, кўпчилик бу ҳуқуқ борлиги ҳақида маълумотга эга эмас деб ўйлаб қоласиз. Ижтимоий тармоқ шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини хавф остида қолдириши ҳақида кўп қарашлар мавжуд, бироқ ижтимоий тармоқ орқали ўз ҳуқуқини яхши биладиган шахслар бошқаларга шу ҳуқуқларидан фойдаланиш имкониятлари борлигини ўз видеомурожаатлари орқали оммага талқин қилишяпти. Шу орқали кўпчилик билмайдиган ва фойдаланмайдиган ҳуқуқлар амалда ҳам тобора кўп қўлланилишига олиб келмоқда. Шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, умуман олганда, инсоннинг шахсийлигини, эркинлигини ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Бу ҳуқуқ нафақат давлат, балки жамият аъзоларининг бир-бирига бўлган ҳурматини таъминлаш учун зарур. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётини ва махфийлигини сақлаш ҳуқуқи жамиятдаги тинчлик, эркинлик ва адолатни ўрнатишдаги асосий восита ҳисобланади.
Бухоро туманлараро маъмурий суди
Архив мудири С.Ғайбуллоев






