Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материаллар бўйича қарор қабул қилиш
Солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни тезкор ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг муҳим шартлари ҳисобланади.
Шавкат Мирзиёев
Ҳар бир давлат ўзининг иқтисодий тузими, ижтимоий-сиёсий ривожланиш даражаси, ишлаб чиқариш ва мулкчилик муносабатларидан келиб чиқиб, солиқ сиёсатини белгилайди. Солиқ тўғрисидаги қонунчилик орқали солиқ муносабатларини тартибга солади ҳамда солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни белгилайди.
Солиқ тўловчининг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги) солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик, яъни ғайриқонуний хатти-ҳаракатни (ҳаракат ва ҳаракатсизлик) қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этган шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб эътироф этилиши мумкин. Айб субъектив томоннинг асосий белгиси бўлиб, шахснинг қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида содир этган қилмишга ва юз берган оқибатга руҳий муносабатини ифодалайди.
Солиққа оид низоларни маъмурий судда кўришда яъни, низолашилаётган солиқ органинг қарори ёки мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати солиқ тўловчи солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги билан боғлиқ бўлса, айб исботланиши зарур бўлган предметдир. Айб субъектнинг муносабатидан иборат ақлий ва иродавий-руҳий элементлар йиғиндисини ташкил этгани ҳолда қасд ва эҳтиётсизлик кўринишида бўлади.
Солиқ органлари солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш жараёнида аниқланган, солиқ кодексида кўриб чиқилиши солиқ органлари ваколатига берилган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқади ҳамда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материаллар бўйича қарор қабул қилади. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича солиқ органи мансабдор шахсининг иш юритишидаги хатти-ҳаракати ҳамда қабул қилган қарори устидан берилган шикоятлар маъмурий суднинг судловига тааллуқли бўлганлиги боис мазкур солиққа оид ҳуқуқбузарликларни диспозитцион белгиларини ва уларни содир этганлик учун жавобгарлик доирасини ўрганиш маъмурий суд фаолияти учун муҳим ҳисобланади.
Ҳар бир шахс солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, агар ушбу шахснинг фикрига кўра бундай ҳужжатлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унинг ҳуқуқларини бузса, шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёки идоравий норматив ҳужжатларга мувофиқ тузилган, солиқ органларининг бир ёки бир нечта жисмоний ёки юридик шахсга қаратилган, юридик аҳамиятга молик муайян ҳаракатларни содир этишга ундовчи кўрсатмаси мавжуд бўлган ҳужжат солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжати деб эътироф этилади. Солиқ органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Солиқ органининг сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарори юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилинган тақдирда, ушбу қарор бўйича солиқларнинг ва молиявий санкцияларнинг ундирилган (тўланган) суммалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ушбу суммалар ундирилган (тўланган) даврда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизларни инобатга олиб, қайтарилиши (ҳисобга олиниши) лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Солиқ органларининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 231-моддасига асосан солиқ органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-27-моддаларида эса мазкур низолар маъмурий судга тааллуқлилиги белгиланган.
Бироқ, МСИЮтКнинг 184-моддасига кўра, агар маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) қилиш тўғрисидаги ишлар, уларни кўриб чиқиш қонун билан бошқа давлат органларининг ваколатига киритилмаган бўлса, судда кўриб чиқилиши мумкин.
Солиқ кодекси талабига кўра, Солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади. Бу қоида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг қарори устидан шикоят қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Агар шикоят бўйича қарор юқори турувчи орган томонидан Солиқ кодексининг 235-моддасида белгиланган муддатларда қабул қилинмаса, солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Юқори турувчи солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган, шикоятларни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатлари устидан фақат суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Демак, Солиқ органларининг ҳужжатлари ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга шикоят берилганда:
- солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлишига;
- солиқ кодексининг 235-моддасида белгиланган муддатларда юқори турувчи орган шикоят юзасидан қарор қабул қилмаса, солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлигига;
- юқори турувчи солиқ органларининг норматив хусусиятга эга бўлмаган, шикоятларни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатлари устидан фақат суд тартибида шикоят қилиниши мумкинлигига;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилинишига эътибор қаратишимиз лозим.
Амалиётга назар ташлайдиган бўлсак, Бухоро туманлараро маъмурий суди томонидан “FIR-SHAX-PARRANDA” МЧЖнинг аризасига асосан кўрилган маъмурий ишда Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармасининг 2021 йил 20 август кунидаги 20/1-01076-kт-сонли буйруғи билан “FIR-SHAX-PARRANDA” МЧЖнинг 2021 йил май-июль ойлари давомидаги фаолияти бўйича қўшилган қиймат солиғи тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича 2021 йил 19 августдан бошлаб 2021 йил 20 сентябргача камерал солиқ текшируви ўтказиш белгиланган.
Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ тўловчи “FIR-SHAX-PARRANDA” МЧЖда камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш натижалари бўйича 2021 йил 19 ноябрь куни қарор қабул қилинган.
Суд мажлиси давомида жавобгар Бухоро вилоят ДСБ вакили Б.М. камерал солиқ текширувидаги Ломан браун (ломан сенди) зотли товуқларнинг тухум бериш ҳосилдорлиги ташқи манба (жаҳон интернет тармоғи) орқали (википедиа) маълумоти ҳисобига олинганлигини билдирган.
Мазкур ҳолатда солиқ органи томонидан интернет тармоғидаги аниқ манба ҳисобланмаган тахминий (шубҳали) маълумотларга асосланиб, ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлиги ноаниқликларга сабаб бўлган.
Бундан ташқари, солиқ органи томонидан “FIR-SHAX-PARRANDA” МЧЖ раҳбари ёки вакили далолатнома ва баённома тузилиши жараёнига қатнашмаган, яъни солиқ қонунчилигида белгиланган солиқ текшируви ўтказилган шахснинг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида шахсан ва (ёки) ўз вакили орқали иштирок этиш ҳамда солиқ тўловчининг тушунтиришлар бериш имконияти етарли равишда таъминланмаган.
Юқорида кўрсатилган ушбу камчиликлар суд томонидан солиқ органи қарорининг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлган.
Жавобгар Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан келтирилган апелляция шикояти Бухоро вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳақиқатда солиқ органи томонидан процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги сабабли, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Сўнгги йилларда солиқ текшируви жараёнидаги қонун бузилиш ҳолатлари учун ҳар бир иш бўйича маъмурий судлар судьялари томонидан индивидуал ёндошган ҳолда ҳал қилув қарорлари чиқарилиб, айбдор ходимларга нисбатан хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабатлар билдирилмоқда.
Бироқ, шундай бўлса-да солиққа оид ҳуқуқбузарликлар, бундан ташқари солиқ текшируви жараёнидаги қонун бузилиш ҳолатлари тўла бартараф этилгани йўқ. Бунинг асосий сабаблари солиқ тизимининг мураккаблиги, беқарорлиги, солиқ юкининг юқорилиги, шунингдек, ишлаб чиқариш ва даромадлилик даражасининг пастлиги каби омиллардир.
Шу сабабли Олий суд раисининг биринчи ўринбосари маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Р.Маҳмудова ташаббуслари билан жорий йил бошидан ташкил этилган семинар-тренинг машғулотлари Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг тегишли бошқарма бошлиқлари ва мутахассислари иштирокида, савол-жавоб кўринишида ўтказилиб, унда солиқ қонунчилиги тўлиқ ўрганилди.
Бу эса, ўз навбатида, маъмурий судлар судьялари томонидан солиққа оид низоларни ўта синчковлик билан ишни тўлақонли ўрганган ҳолда кўриб чиқишга дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Холов Ихтиёр, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси