СУД ТИЗИМИ, ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ФУҚАРОЛАР ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАРДА АДОЛАТЛИЛИК

Ўзбекистон суд тизими, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар жамиятнинг ҳуқуқий ривожланишини белгиловчи энг муҳим тамойиллар асосида шаклланади. Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар давлат ҳокимияти тармоқларининг ўзаро мувозанатини таъминлаш, одил судловнинг чинакам кафолатларини яратиш ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилди. Бугун суд тизими нафақат қонун ижросининг таъминловчиси, балки жамиятда адолат, тенглик ва ҳуқуқий маданиятни шакллантирувчи марказий институт сифатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Суд органларининг асосий вазифаси – ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини тиклаш, низоларни қонуний тартибда ҳал этиш, ҳар қандай масалада холис ва мустақил ёндашувда туришдир. Шу боис суд тизими давлат ҳокимиятининг алоҳида, мустақил тармоғи сифатида фаолият юритади. Бу мустақиллик суд қарорларининг адолатли чиқишини таъминлайди, бошқа давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг таъсиридан ҳимоя қилади. Судлар фақат қонун ва виждон асосида ҳукм чиқаради, бу эса давлат бошқарувидаги адолат тамойилларининг амалда ишлашига хизмат қилади.
Давлат органлари ва суд тизими ўртасидаги муносабатлар ҳам ўзига хос ҳуқуқий меъёрларга эга. Давлат идоралари, қандай мавқега эга бўлишидан қатъи назар, суд томонидан белгиланган тартиблар ва талабларни бажариши, судга мурожаатлар бўйича барча зарур маълумотларни ўз вақтида тақдим этиши шарт. Бу тартиб давлат бошқарувида шаффофлик, жавобгарлик ва тартибни таъминлайди. Судлар эса ўз навбатида давлат органларининг қарор ва хатти-ҳаракатлари устидан назорат функсиясини бажаради. Фуқаролар томонидан маъмурий органларнинг қарорлари бўйича берилган шикоятларнинг кўриб чиқилиши, уларни қонунийлик нуқтаи назаридан ўрганиш, зарур бўлса, уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш – давлат органлари фаолиятида интизом, қонунийлик ва масъулиятни мустаҳкамлайди. Бу жараён давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни сақлайди, яъни ўзаро назорат ва мувозанат принципи амалда ишлашига имкон яратади.
Суд тизими ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар эса жамиятда адолатга бўлган ишончнинг мезони десак адашмаган бўламиз. Ҳар бир фуқаро, ким бўлишидан қатъи назар, суд ҳимоясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Судлар томонидан бу ҳуқуқнинг таъминланиши, аризаларни қабул қилишдан тортиб суд мажлисларини ўтказишгача бўлган жараёнларнинг очиқ ва шаффоф бўлиши адолатнинг кўринадиган бўлишини таъминлайди. Суд жараёнларининг асосий қоида сифатида очиқ ўтказилиши ҳам фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Суд ходимларининг бу жараёндаги ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Суд ходими – суд тизимининг юзидир. Унинг ҳар бир муомаласи, сўзи, хизмат маданияти, холислиги ва эътиборлилиги фуқароларнинг судга бўлган муносабатини белгилайди. Суд жараёнларининг тўғри ташкил этилиши, протсессуал ҳужжатларнинг аниқ расмийлаштирилиши, тарафларга бирдек муносабатда бўлиш, уларнинг ҳуқуқларини тушунтириш, суд залидаги тартиб-интизомни таъминлаш – суд ходимларининг бевосита бурчидир. Суд тизими қанчалик мустақил бўлмасин, жараён қанчалик мукаммал ташкил этилмасин, фуқароларга кўрсатиладиган муносабатнинг одоб-ахлоқ меъёрларига мослиги доимо биринчи ўринда туради.
Суд тизими, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч ва қонунийликка асосланган муносабатлар жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг юксалишига олиб келади. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорлиги ортиши, давлат органларининг қонуний фаолият юритиши ва суд тизимининг адолатни таминлаши жамият тараққиётининг бош омилларидан биридир. Бугунги кунда мамлакатимизда суд тизимини янада такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш, одил судловнинг чинакам кафолатларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотларнинг марказида эса инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси туради.
Адолатни таъминлаш йўлида суд тизимининг масъулияти ниҳоятда юксаклигини англаб етишимиз керак. Суд ходимлари эса бу тизимнинг ички таянчи, одил судловнинг амалда намоён бўлишига хизмат қилувчи фидойи инсонлардир. Уларнинг ҳар бир меҳнати – инсон тақдирига, давлат манфаатига, жамият барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис суд тизимининг ҳар бир бўғини, ҳар бир ходими қонун устуворлиги принципини ўз фаолиятида бош мезон сифатида белгилаши зарур. Фақат шундагина суд тизими, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам, адолатли ва ишончли бўлади. Адолат эса жамият тараққиётининг доимий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайди.
Бухоро туманлараро маъмурий суди
Архив мудири С.Ғайбуллоев






