Судяларнинг мустақиллиги принципи – адолатли судловнинг пойдевори

Ҳар қандай демократик жамиятда суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг алоҳида мустақил тармоғи сифатида қаралади. Судларнинг мустақиллиги фақат қонуний талаб эмас, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини реал ҳимоя қилишга хизмат қиладиган энг асосий кафолатлардан биридир. Ўзбекистон Республикасида ҳам суд ҳокимиятининг мустақиллиги Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, ушбу принцип судлар фаолиятининг асосий мезони сифатида эътироф этилади. Судяларнинг мустақиллиги – бу судя ўз фаолиятини фақат қонун ва ички эътиқоди асосида амалга ошириши, бирор давлат органи, мансабдор шахс ёки бошқа шахслар аралашувига дуч келмаслиги демакдир. Мазкур принцип адолатли судловни таъминлаш, қонун олдида тенглик ғояларини рўёбга чиқариш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи ўринга эга.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги – ҳуқуқий давлатнинг асосий талаби ҳисобланади. Ҳуқуқий давлат қуриш жараёнида ҳокимиятлар бўлиниши тамойили алоҳида аҳамият касб этади. Бунда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўзаро мувозанат ва тормозлар тизими орқали бир-биридан мустақил фаолият юритади. Суд ҳокимияти мустақил бўлмаса, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар устунликка эришиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш заифлашади. Судяларнинг мустақиллиги нафақат уларнинг шахсий дахлсизлигини, балки бутун жамият манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Айнан мустақил судгина ноқонуний қарорлар, мансабдор шахсларнинг ноқонуний аралашувлари ва фуқароларнинг ҳуқуқларига тажовузларни самарали бартараф этиши мумкин. Шу сабабли мустақиллик принципи ҳар қандай демократик суд тизимининг асосий пойдевори сифатида хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасида суд мустақиллиги бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган. Аввало, Конституциянинг тегишли моддалари судларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши ва ҳеч кимнинг суд фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида аниқ қоидаларни белгилаб беради.
Судя дахлсизлиги – мустақилликнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Судяни лавозимидан озод қилиш, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш қатъий тартибда ва қонунда кўрсатилган асослар билангина амалга оширилиши мумкин. Бу жиҳат судяларни асоссиз босим ва таъсирлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, судялар ўз ваколатларини амалга ошираётган вақтда уларга нисбатан таҳдид, тазйиқ ўтказиш, тазйиқ билан қарор қабул қилдиришга уриниш қонун билан тақиқланади. Бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам суд мустақиллигини таъминловчи ҳуқуқий механизмлардан биридир.
Судя ўз қарорини фақат қонун ва виждони асосида қабул қилиши учун унинг ижтимоий ва моддий таъминоти етарли бўлиши зарур. Судяларнинг ойлик маоши, меҳнат шароитлари, хизмат уйлари, хавфсизлиги, ижтимоий кафолатлари уларнинг мустақилигини таъминлашга хизмат қилади. Агар судя моддий жиҳатдан етарли таъминланмаган бўлса, ташқи таъсирлар остида қолиб кетиш хавфи ортади. Шу сабабли Ўзбекистонда суд тизимини ислоҳ қилиш жараёнида судяларнинг моддий таъминотини яхшилаш, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Замонавий суд бинолари, электрон судлов тизимлари, суд залининг очиқлиги ва қулай шароитлар яратиш ҳам суд мустақиллигини таъминлайдиган муҳим йўналишлардандир. Судяларнинг мустақиллиги нафақат ташқи таъсирлардан эркинликни, балки ички мустақилликни – виждон эркинлигини ҳам ўз ичига олади. Судя ўз хатти-ҳаракатларида қатъиятли, холис ва адолатли бўлиши керак. Судя одоб-ахлоқи, этик қоидалари ҳам унинг мустақил фаолият юритишига хизмат қилади. Судя ҳеч қачон манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, қарор қабул қилиш жараёнида шахсий ҳис-туйғуларига, таниш-билишлар, қариндошлар ёки бошқа манфаатдор шахслар таъсирига берилмаслиги лозим. Этик қоидалар бузилган тақдирда судянинг обрў-эътибори ва суд ҳокимиятига бўлган ишончга путур етади. Шунинг учун судялар учун малака ошириш, хизмат маданиятини ривожлантириш, психологик тайёргарликни кучайтириш ва этик меъёрлар бўйича мунтазам ўқитиш жараёни жуда муҳимдир.
Судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашда очиқлик ва шаффофлик катта рол ўйнайди. Суд жараёнларининг очиқ бўлиши, суд қарорларининг оммага эълон қилиниши, суд мажлисларида ОАВ иштироки адолатнинг очиқ кўринишига имкон яратади. Жамоатчилик ишончи бўлмаган жойда суд мустақиллиги ҳам тўлиқ таъминланмайди. Очиқ судлов жараёнлари коррупсия хавфини камайтиради, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширади ва судяларнинг масъулиятини кучайтиради. Шу билан бирга, фуқаролар суд қарорлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлиши, апеллятсия ва кассатсия механизмларининг самарали ишлаши ҳам суд ҳокимиятининг мустақиллигига бевосита боғлиқдир.
Судяларнинг мустақиллиги – адолатли судлов, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонуннинг устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир. Мустақил суд бўлмаган жойда адолат тўлиқ қарор топмайди, инсон ҳуқуқлари поймол бўлиши мумкин. Шу сабабли суд мустақиллигини таъминлаш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу принципнинг амалда ишлашини таъминлашга қаратилган. Судялар мустақил, холис, виждонли ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда фаолият юритиши жамиятда адолат, барқарорлик ва ишонч муҳитини яратади. Мазкур принципни қатъий амал қилиш нафақат суд тизими, балки бутун давлатнинг демократик ривожи учун пойдевор вазифасини бажаради.
Бухоро туманлараро маъмурий суди
Архив мудири С.Ғайбуллоев






