Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилоят бошқармасида Бухоро вилоят маъмурий судининг судьялари ва Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси иштирокида давра суҳбати ўтказилди

Йиғилишда раислик қилувчи Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи Э.Зайниддиновдавра суҳбатини очиб, иштирокчиларга ташриф буюрган вилоят маъмурий судининг судьяларини ва Бухоро туманлараро маъмурий судининг раисини таништирди, ҳамда кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаевага маъруза учун сўз берди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси Г.Муллабаева қуйидагича маъруза қилди:

Маъмурий ишларнинг тафтиш тартибида қайта кўрилиши суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини, судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини ва процессуал қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи ҳуқуқий институтнинг муҳим қисми ҳисобланади.

МСИЮтК 250-моддасининг мазмунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори,

шунингдек апелляция ёки кассация инстанциялари судларининг қарори, ажрими устидан берилган шикоятлар (протестлар)ни тафтиш тартибида кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида:

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тафтиш инстанцияси (судьяси)нинг суд ҳужжатлари;

вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар);

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ва апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки Бош прокурорининг протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида кўриб чиқилади.

МСИЮтКнинг 251-моддасига кўра, туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) вилоят ёки унга тенглаштирилган суднинг номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган судга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисидаги ариза тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди ёки Бош прокуратурасига берилади.

Қонунга мувофиқ, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин (МСИЮтК 252-моддасининг учинчи қисми).

Қонунда белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоятга (протестга) ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома илова қилиниши лозим.

Илтимосномада шикоят (протест) бераётган шахс томонидан муддатни ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилиши лозим.

Илтимоснома шикоятда (протестда) ёки алоҳида аризада баён қилиниши ҳамда шикоят (протест) билан бирга тақдим қилиниши керак.

Маърузачи Г.Муллабаева йиғилганлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берди.

Раислик қилувчи Э.Зайниддиновкун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Бухоро вилоят маъмурий судининг судьясиО.Ражабовга сўз берди.

Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси О.Ражабов қуйидагича маъруза қилди.

2024 йил 5 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши ва 2028 йил 1 январга қадар амал қилиши белгилаб қўйилди. Ушбу Қонун:

1) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

2) фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;

3) ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (бундан буён матнда Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари деб юритилади) томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларига;

4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига;

5) фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;

6) 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;

7) хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;

8) фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.

Ушбу Қонун 1-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ер участкаларига нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган асосларда ва тартибда фақат ижара ҳуқуқи, ушбу ер участкаларида қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Бунда ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилик ва ижро органлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси;

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи

Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан эътироф этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қароридан норози бўлган шахслар ушбу қарор устидан судга қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда шикоят қилиши, прокуратура ва адлия органлари эса қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза (шикоят) бериши мумкин.

Фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:

мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;

мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;

мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Кадастр агентлиги автоматлаштирилган ахборот тизимининг операторидир.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ҳамда ҳужжатлар автоматлаштирилган ахборот тизимига Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳамда бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан киритилади.

Ушбу маълумотлар ва ҳужжатлар ваколатли ташкилот раҳбарининг ёки унинг ўринбосарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Маълумотларнинг ва ҳужжатларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши устидан назорат прокуратура ва адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Ваколатли ташкилотлар тегишли маълумотларни ва ҳужжатларни ўз ахборот тизимларини автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилган ҳолда тақдим этиши мумкин.

Маърузачи О.Ражабов йиғилганлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берди.

Раислик қилувчи Э.Зайниддинов кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродовга сўз берди.

Бухоро туманлараро маъмурий судининг раиси А.Бобомуродов қуйидагича маъруза қилди.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ҳуқуқий демократик давлатни ривожлантиришдир. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар самарадорлигининг муҳим шарти саналади.

Шу боис аҳолининг ўз конституциявий ҳуқуқ ва бурчларни тўлиқ  англаб етиш, ён атрофда содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширишни эса ҳуқуқий саводхонликни таъминламасдан, уни амалиётда тўғри, тизимли йўлга қўймасдан эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Мазкур йўналишда мамлакатимизда

зарур ҳуқуқий база тўлиқ шакллантирилган. Хусусан, Конституция, қонунлар, хуқуқ соҳалари бўйича зарур қўлланмалар, шарҳлар, оммабоп юридик адабиётлар яратилган. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб қабул қилинган Асосий қонунимизда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. Демак, фуқароларнинг қонунларни яхши билиши, уларга риоя этиши ҳам конституциявий даражада ўрнатилди.

Шунингдек, бугунги кунда маъмурий судларга давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати ва  қарорлари устидан кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушмоқда. Мазкур ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида ҳақиқатда давлат органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида оддий, ҳуқуқий саводхонлиги бўлмаган фуқаролар, шунингдек юридик шахслар бир қанча муаммоларга дуч келаётганлигини, бунинг натижасида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига олиб келмоқда.

Бугунги олиб бораётган давра суҳбатимиздан мақсад шуки, биз қонун ҳимоячилари, шунингдек, сиз давлат органлари мансабдор шахслари биргалашиб, халқимизга, фуқароларга яқиндан ёрдам беришимиз, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига йўл қўймаслигимиз керак. Шундагина халқимиздан биздан рози бўлади. Халқ биздан рози бўлди дегани демакки давлатдан рози бўлди дегани. 

Йиғилишда раислик қилувчи йиғилиш қатнашчиларига қўшимча саволлар бор ёки йўқлигини сўради.

Саволлар бўлмади.

Раислик қилувчи йиғилиш сўнгида барча йиғилиш иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, йиғилишни ёпиқ деб эълон қилди.

Маъмурий судларга кимлар мурожаат қилади ва бу суд қандай ишларни кўради?

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Маъмурий судга мурожаат қилиш:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;

апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанциялари судларига мурожаат этилганда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.

Маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар қуйидагилардан иборат:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) ушбу Кодекснинг 271-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

7) ушбу Кодекснинг 272-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги;

8) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Аризачи ариза (шикоят) билан бир қаторда ушбу талабларга сабабий боғланишда бўлган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни ҳам тақдим этишга ҳақли. Талаблардан алоҳида тарзда билдирилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судда ёки иқтисодий судда кўриб чиқилиши лозим.

Инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.

Рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланади.

Талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади. Агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Судга тааллуқли ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустаснодир.

Инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўради.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари) жавобгар жойлашган ердаги туманлараро маъмурий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари), шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъво аризалари туманлараро маъмурий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.

Д.Чориев
Вилоят маъмурий суди судьяси
Ю.Абдуғаффорова
Вилоят маъмурий суди архив мудири

                                                                     

Skip to content