МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ — ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви тизимини шаффоф, адолатли ва самарали ташкил этиш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда қабул қилинган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятида ҳалоллик, холислик ва жавобгарлик принципларини мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур Қонун давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари билан хизмат мажбуриятлари ўртасида зиддиятлар келиб чиқишининг олдини олиш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашни кўзда тутади.
Мазкур Қонунда давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг фаолиятида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича муҳим чекловлар белгилаб берилган. Жумладан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат хизматчиси хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олиши, манфаатлар тўқнашувига оид ахборотни ошкор этишда маълумотларни яшириши ёки атайлаб ёлғон маълумот тақдим этиши тақиқланади.
Шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, бири бошқасига бўйсунувчи ёки назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлашга йўл қўйилмайди.
Қонунда, шунингдек, давлат органи ёки бошқа ташкилот назоратида бўлган тадбиркорлик субъектларининг акцияларига ёки устав капиталидаги улушларига эгалик қилиш, уларнинг бошқарув органларига аъзо бўлиш билан боғлиқ чекловлар ҳам аниқ белгиланган. Агар бундай ҳолат мавжуд бўлса, шахс лавозимни эгаллаган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу акция ёки улушларни реализация қилиши ва бошқарув органи аъзолигидан чиқиши шарт.
Бундан ташқари, давлат хизматчиси ўзи ёки ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли ишларни кўриб чиқишда вакил сифатида иштирок этишига-агар у қонунчиликка мувофиқ қонуний вакил бўлмаса, шунингдек ўзи ишлаётган ташкилотнинг мол-мулкини сотиб олиш ёки ижарага олиш жараёнларида қатнашишига ҳақли эмас.
Хулоса қилиб айтганда, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат хизматчилари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. Қонунда белгиланган чеклов ва талабларга қатъий риоя этиш орқали давлат бошқаруви тизимида адолат, холислик ва қонун устуворлиги таъминланади, бу эса мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигига хизмат қилади.

А.Ахмедов
Бухоров вилоят маъмурий суди раиси