Ўзбекистон Республикасида Сайлов жараёни иштирокчилари

Янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асосларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.

Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Эндиликда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Сайловчилар, кузатувчилар, номзодлар, сиёсий партиялар ва уларнинг ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, ишончли вакиллар сайлов жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади.   

Сайловчи – Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқародир.

Кузатувчи – Сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан сайлов жараёнини кузатиш учун ваколат берилган шахсдир.

Номзод – Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар.

Ишончли вакиллар – Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакили – сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этадиган Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг вакили.

Оммавий ахборот воситаситалари – Оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексидан ташқари сайлов жараёнининг иштирокчилари фаолиятини тартибга солувчи Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қуйидаги ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд:

  1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сонли қарорига 1-илова “Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида” Низом;
  2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
    2019 йил 11 сентябрдаги 935-сонли қарорига 1-илова “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили тўғрисида” Низом;
  3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
    2019 йил 5 октябрдаги 952-сонли қарорига илова “Сайлов компанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида” Низом;
  4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
    2019 йил 11 сентябрдаги 936-сонли қарорига 1-илова “Номзодларнинг ишончли вакиллари тўғрисида” Низом;
  5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
    2019 йил 11 сентябрдаги 933-сонли қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби тўғрисида” Низом;
  6. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
    2019 йил 25 октябрдаги 969-сонли қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида” Йўриқнома.

Юқорида келтириб ўтилган ҳужжатлар сайлов жараёнининг иштирокчилари фаолиятини тартибга солувчи Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қуйидаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Муллабаева Гўзал Мухтаровна, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси