Ўзбекистон Республикасида Сайлов жараёнида Маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган ишлар

Янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асосларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.

Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Эндиликда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг умумий мазмунига кўра, ҳуқуқи бузилган шахс сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти- ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги)устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Яъни, манфаатдор шахсга сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти- ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги)устидан шикоят қилишнинг суд тартиби таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти- ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги), қарорлари устидан берилган шикоятларни туманлараро маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), қарорлари устидан берилган шикоятларни эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди кўриб чиқади.

Ушбу тоифадаги ишлар бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар бошқа тоифадаги маъмурий ишлар бўйича субъектлардан фарқланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 46-моддасига асосан, бундай аризалар прокурор томонидан қуйида қайд этилган шахсларнинг манфаатларида берилиши мумкин.

Бунда, сайловчи – сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқликни тузатиш ҳақидаги мурожаатини 24 соат ичида кўриб чиқмаслик ёки асоссиз рад этиш, сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик, олдинроқ овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ёки ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби ҳолатлар юзасидан;

кузатувчи – тегишли комиссия томонидан мандат бериш рад этилганда, Сайлов кодексининг 33-моддасида белгиланган ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлиқ қилинганда, сайлов комиссиялари томонидан сайловни ўтказишда сайлов қонунчилигини бузишдан иборат бошқа ҳолларда ;

номзод – ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тегишли сайлов комиссиясига қилган мурожаат юзасидан олган жавобидан норози бўлиб, қонун бузилишларни бартараф этиш тўғрисидаги шикоятлар бўйича;

сиёсий партияларнинг органлари – сайловда қатнашишга ижозат бериш ҳақидаги аризани рад этганлик, тақдим этган номзодни рўйхатга олишдан бош тортганлик, тақдим этган номзодни номзодлик мақомидан маҳрум этиш ҳақидаги мурожаатини рад этганлик, номзодни номзодликдан чиқариш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Юқорида кўрсатилган сайлов жараёнининг иштирокчилари ва  ҳолатлар рўйхати тугал эмаслигини, сайловчи ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчилари қонунда белгиланган бошқа ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги) ва қарорлар устидан ҳам ўзларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини назарда тутиш лозим.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари(ҳаракатсизлиги), қарорлари устидан судга шикоят қилинганда, шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси кўрсатилади.

Бироқ шикоятда жавобгар сифатида сайлов комиссияси эмас, балки унинг раиси ёки раис ўринбосари кўрсатилганлиги асосида шикоятни қабул қилишни рад этишга, иш юритишни тугатишга ёки ушбу асос билан аризани (шикоятни) рад этишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда сайлов комиссияси жавобгар сифатида талқин этилади.

Сайлов комиссиянинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги шикоятда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 128-моддасида назарда тутилган маълумотлардан ташқари:

1) шикоят қилинаётган хатти-ҳаракатларни содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, мансаби, у аъзо бўлган сайлов комиссиясининг номи (тартиб рақами);

2) шикоят қилинаётган хатти-ҳаракатлар нимада ифодаланиши, ҳаракатлар содир этилган сана, вақт ва жой;

3) шикоят берган шахснинг фикрига кўра, содир этилган хатти-ҳаракатлар билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) шикоят берган шахснинг фикрига кўра, содир этилган хатти-ҳаракатлар мувофиқ бўлмаган қонун ҳужжатлари;

5) шикоят берган шахснинг сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби ва ҳуқуқини тиклаш усули кўрсатилади.

Шунингдек, шикоятда шикоят берган шахснинг ёки унинг вакилининг, шунингдек бошқа тарафнинг телефонлари ва факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини қисқа муддатларда тиклаш орқали уларнинг сайловда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида ушбу тоифадаги шикоятларни кўриб чиқиш учун энг қисқа муддатлар белгиланган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 142-моддасига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган мазкур процессуал муддатлар ишни кўраётган суд учун қатъий бўлиб, ушбу муддатларнинг узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларида сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шартлиги ҳақидаги қатъий норма ўрнатилганлиги сабабли, ушбу тоифадаги иш бўйича шикоят келиб тушганда у девонхона орқали дарҳол рўйхатдан ўтказилиб, судьянинг иш юритувига топширилиши лозим.

Шикоятни дарҳол кўриб чиқиш деганда, шикоят судга келиб тушган куннинг ўзидаёқ мазмунан кўрилиши тушунилади.

Муллабаева Гўзал Мухтаровна, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси