Ўзбекистон Республикасида Сайлов Комиссиялари
Янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асосларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.
Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Эндиликда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:
- Марказий сайлов комиссияси;
- ҳудудий сайлов комиссиялар;
- туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;
- халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига
сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари;
- участка сайлов комиссиялари.
Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Қонунчилик палатаси депутати, маҳаллий Кенгаш депутати, Сенат аъзоси; бошқа сайлов комиссиясининг аъзолари; сиёсий партияларнинг аъзолари ва ваколатли вакиллари; вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари; прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари; номзодлар, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари; номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар; оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар ҳудудий, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Сайлов кодексининг 11-моддасига мувофиқ: “Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”.
Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
2019 йил 11 сентябрдаги 932-сонли қарори билан “Округ ва участка сайлов комиссияларини таркибини шакллантириш бўйича” Йўриқнома тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
2019 йил 23 июлдаги 924-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низом (2-илова) сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолиятини тартибга солади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
2019 йил 23 июлдаги 924-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низом (3-илова) сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ва сайловчиларни рўйхатини шакллантириш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 августдаги 630-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида” Низом билан тартибга солинган.
Муллабаева Гўзал Мухтаровна, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси