Ўзбекистон Республикасида сайлов ўтказишнинг асосий принциплари
Янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асосларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу қоида ва меъёрлар асосини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умум эътироф этилган демократик, шу жумладан, мустақиллик, қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик таомиллари ташкил қилади.
Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Эндиликда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасида сайлов ўтказишнинг асосий принциплари:
Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади.
Сайлов ҳуқуқи принципларининг мазмун-моҳиятини қўйидагича изоҳлаш мумкин:
Умумий сайлов ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийдир.
Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир.
Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Тенг сайлов ҳуқуқи
Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланади.
Яширин овоз бериш
Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.
Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга ошириш
Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.
Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.
Сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки ушбу Кодексда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Муллабаева Гўзал Мухтаровна, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси